У автомобиль йўллари, темирйўл ва авиациядаги камчиликлар, йўловчилар учун яратилган шароит, чипта нархлари ва хизмат кўрсатиш сифатини танқид остига олди.

Вилоят раҳбари Сурхондарёни Тошкент билан боғловчи М39 автомобиль йўлининг Бойсундан кейинги қисми ҳолати қониқарсиз эканини айтди.

«М39 йўлини ҳамма мендан яхши билиб турибди. Бойсундан ўтгандан кейин юриб бўлмайди. Таксиларимиз додлаб юборяпти, автобусчилар додлаб юборяпти. Юзига қарашга кўзимиз қолмади», — деди Қосимов.

У темирйўл соҳасидаги шароитни ҳам кескин танқид қилди.

«Темир йўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совутиш тизими ишлайди, на шароит бор, на билет бор, на вокзалда шароит бор», — деди ҳоким.

Қосимовнинг таъкидлашича, Термиздан Сариосиёга қатнайдиган шаҳарлараро поездларда ҳам йўловчиларни ташиш учун зарур шароит мавжуд эмас. У транспорт соҳасида назоратни таъминлаши лозим бўлган масъулларнинг фаолиятини ҳам савол остига қўйди.

«Нима учун транспорт прокуратураси томошабин? Нима учун қонун устуворлиги таъминланмайди у ерда? Нима учун чора кўрилмайди? Транспорт бошқармаси қаерга қарайди?» — деди у.

Вилоят раҳбари авиация соҳасидаги ҳолатдан ҳам норозилигини билдирди. У авиачипталар нархи икки баробарга ошиб кетгани, билет топиш қийинлиги ва таниш-билишчилик орқали чипта олиш ҳолатлари мавжудлигини танқид қилди.

«Авиабилетларда умуман шарманда. Нархи икки баробар бўлиб кетган. Монополия деган ташкилот томошабин. Қандай борсин камбағал одам? Бу билет нархига қараб бўлмайди. Умуман таниш-билишсиз билет топиб бўлмайди», — деди Қосимов.

Унинг фикрича, чипта сотуви тўлиқ шаффоф бўлиши, билетлар онлайн тарзда очиқ эълон қилиниши ва сунъий тўсиқларга чек қўйилиши лозим.

«Иккита кассир хоҳлаган ишини қилиши керак эмас. Танищи бор билет олиши керак эмас. 10 сўмлик билетни 25 сўмга сотяпти. Алдаб, сунъий тўсиқлар билан», — деди вилоят ҳокими.

Қосимов Сариосиё вокзалидаги шароитларни ҳам танқид қилди. Хусусан, поезддан тушган йўловчиларнинг иссиқда кўчада кутиб туришига тўғри келаётганини айтди.

«Нимага Сариосиёга қайтиб келган одам кўчада иссиқда ўтириши керак? Нима учун қурилган ўзи зал? Ҳеч ким бепул ташиётгани йўқ. Билет сотиб оляптими? Пулга хизмат қилиш керак унга», — деди у.

Вилоят раҳбари йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятини ҳам танқид қилди. У хорижда транспорт хизматларида йўловчиларга муносабат ва сервисга эътибор юқори эканини қайд этиб, Ўзбекистонда ҳам хизмат сифатига жиддий ёндашиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, ҳоким поездлардаги санитария ҳолати устидан назоратни кучайтириш зарурлигини айтди.

«Оператив ходимларингиз қаерга қараяпти? Буни СЭС деган ташкилоти борми ўзи? Қаерга қарайди улар?» — деди Қосимов.

Ҳоким масъулларга бир ҳафта ичида Тошкентга қатнайдиган поездларни, шунингдек, Сариосиё йўналишидаги шаҳарлараро поездларни тўлиқ текшириш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича топшириқ берди.

«Кейинги ҳафта душанба куни эрталаб вокзалга бораман. Вагонни бирма-бир, Тошкентга кетадиган составни ҳам тўлиқ текшириб, ҳаммасини жиҳоз қилдиришингизлар шарт. Сариосиёга қатнайдиган шаҳарлараро поездни ҳам. Юк ташишларини ҳам, ҳаммасини назоратга оласизлар», — деди у.

Шунингдек, аэропорт ва аэровокзаллардаги шароитларни ҳам тўлиқ ўрганиш, ҳожатхоналардан тортиб йўловчиларга хизмат кўрсатишгача бўлган барча жиҳатларни текшириш вазифаси қўйилди.

Қосимов масъуллардан белгиланган муддатда аниқ чоралар кўришни талаб қилди. У байрам арафасида транспорт объектлари, поездлар ва вокзалларда йўловчилар учун муносиб шароит яратиш, хизмат сифатини яхшилаш ҳамда чипта сотувида шаффофликни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.