20 май куни Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова билан "Ватан ягонадир, Ватан биттадир" деб номланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбир шеърият, маънавият ва Ватанга муҳаббат туйғулари уйғунлашган унутилмас ижодий кечага айланди.
Адабиёт ихлосмандлари, таниқли ижодкорлар, устоз ва шогирдлар, ёш қаламкашлар жам бўлган ушбу учрашувда ўзбек шеъриятининг ёрқин намояндаси Хосият Бобомуродованинг сермазмун ижоди, унинг
шеърларидаги халқона оҳанг, она Ватанга садоқат, инсонийлик, меҳр ва фидойилик туйғулари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо сўзга чиқиб, шоира ижодидаги маънавий қатламлар, унинг шеърий тафаккури ҳамда адабиётдаги ўзига хос овози ҳақида фикр билдирди.
Шоиранинг замондошлари, таниқли адиблар ҳамда шогирдлари у ҳақидаги илиқ хотиралари, ижодининг кўлами ҳамда сўзга садоқати ҳақида атрофлича сўз юритди.
Тадбир давомида шоиранинг қизи Садоқат Бобомуродова ҳам сўзга чиқиб, онасининг ижод жараёнлари, оиладаги фазилатлари, инсоний қиёфаси ҳақида самимий хотиралари билан ўртоқлашди.
Мазкур анжуман ўзбек шеъриятининг юксак анъаналари давом этаётгани, устозлар ижодий мероси ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишини яна бир карра тасдиқлади.