Мазкур туғма туйғу босқичма-босқич — ота-она, оила тарбияси, мактаб ва ўқув даргоҳлари таълими, кейинчалик шахсий масъулият орқали шаклланади. Кишида бу фазилат ўз давлати рамзлари, элу юрти миллий қадриятлари ва маданиятига ҳурматида ҳам яққол намоён бўлади.
Ватанини севган одам мамлакати тараққиётига ўз истеъдоди, билими ва меҳнати, бор куч-ғайрати билан ҳисса қўшишга астойдил интилади. Эришилаётган ҳар бир ютуқдан қувонади, фахрланади, унинг келажагига бефарқ бўлмайди. “Ватан мен учун нима беради?”, деб эмас,
“Мен Ватаним учун нима қила оламан?”, деган ёндашув асосида яшайди. Шу маънода,
бу тушунча фақат ҳис-туйғу эмас, балки амалий масъулият ва фаол фуқаролик
позицияси ҳамдир.
Ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб “Ватанпарварлик ойлиги” ўтказилиши,
шунингдек, “Ватан манзумаси” сингари маданий-маърифий тадбирлар ташкил
этилаётгани ёшларимизни юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил
бўлмоқда.
Ўз вазифасига масъулият билан ёндашиш, ҳалол меҳнат
қилиш, атроф-муҳитни асраш ва жамиятга наф келтириш борасидаги ишлар ҳам
ватанпарварлик кўринишларидандир. Аждодларимиздан қолган меросни
асраб-авайлашга ҳисса қўшиш, мамлакатимиз тарихини ўрганиш сингари
бажариладиган юмушлар бу туйғуни мустаҳкамлайди.
Менимча, ҳар куни эрталаб ишга келишимиз, кечки пайт ишдан уйга қайтишимиз
ватанпарварлик эмас, бу — масъулиятимиз. Ватанпарвар инсон ишга ўзини
бағишлайди, фаолияти ривожи ҳамда юрт тараққиётига ҳисса қўшиш учун вақтини
аямайди. Ватан шаъни, ор-номусини жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Ўз манфаатидан
жамоаси ва давлат фойдасини устун қўяди. Қалбида юртга дахлдорлик ҳиссини
туяди. Ҳар бир инсонда бу ҳиссиётнинг мустаҳкамланишига эришиш эса олдимизда
турган долзарб вазифалардан.
Чинакам юртга муҳаббат оддий ҳаракатлар орқали ҳам кўзга ташланади. Мисол
учун, вазифа-мажбурияти бўлмаса-да, йўлак ва йўл бўйларига, ҳудудларга ташлаб
кетилган турли яроқсиз идишлар ҳамда чиқиндиларни териб олаётган волонтёрлар
меҳнати, ёки хорижлик айрим кимсалар миллатимиз ва юртимизга тош отганида ғазаб
ҳиссига берилиш ҳам ватанпарварликнинг белгиси ҳисобланади, бизнингча.
Ватанпарварлик фақат сўзда бўлмаслиги керак. Ҳар биримиз уни сўз ва амал
бирлигида кундалик ҳаётимизда намоён этишимиз лозим. Зеро, “Ватанни севмоқ
иймондандур!” дея бежиз айтилмаган.
Ижтимоий тармоқларда ўз ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да, турли ҳалокатли
вазиятларда инсон ҳаётини сақлаб қолган соҳалар вакиллари ҳамда оддий одамларни
рағбатлантириш жараёнлари ҳақидаги матнли, фото ва видеоматериалларга тез-тез
кўзимиз тушади. Бу — яхши. Аммо тегишли хизматлар вакиллари ва фуқаролар ўз
инсонийлик вазифаси ҳамда бурчини сидқидилдан бажариш, кўча-кўйда — жойларда
шошилинч ёрдамга муҳтож аҳолига кўмак бериш чоғида турли даражада тан жароҳати
олиши ёки вафот этиш ҳолатлари учраши эса кўнгилни оғритади.
Жорий йил 15 август куни интернет нашрларида пойтахтимизнинг Учтепа тумани
“Қуйи Дархон” МФЙ ҳудудидаги уйлардан бирида ёнғин содир бўлгани, унда ФВВ
қутқарувчиси, 33 ёшли капитан Бобурмирзо Пардаев хизмат вазифасини бажариш
чоғида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди. Маълум қилинишича, ватанпарвар йигит
хонадон эгалари ҳаётини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшган. Аммо кутилмаганда
том босиб қолиб, вафот этган.
Қандай одам элу юрт учун ўз ҳаётини хавф остига қўйишгача боради?!
Бизнингча, бу шарафли иш қонида ватанпарварлик бўлган, одамгарчилиги ва юртга
муҳаббати юқори ҳамда масъулиятли инсонларнинг қўлидан келади. Маърифатпарвар
бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Инсон қалбида миллат, Ватан, аждодлар
руҳи олдидаги бурч ва туйғулар қанчалик чуқур жой олган бўлса, маҳдудлик ўрнига
миллий ғоялар вужудга келади. Мана шундай фазилатларга эга инсонларда
курашчанлик, ташаббускорлик, ўз-ўзини англаш, миллат, Ватан шаъни ва манфаатини
ҳимоя қилишдек муқаддас туйғулар шаклланади”.
Ҳар биримиз ҳимоячимиз
Ватан ҳимоячиси деганда, биринчи навбатда, кўз
олдимизга Мудофаа, Ички ишлар ва
Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, божхона ва бошқа
ҳарбийлашган тузилмалар вакиллари келади. Аслида, ҳар биримиз Ватан
ҳимоячисимиз. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, барчамиз энг аввало
Ватан ҳимоячиси, тинчлик посбони бўлишимиз зарур!
Қаерда бўлмайлик, туғилиб ўсган қишлоғимиз, шаҳримиз, бир сўз билан айтганда,
Ватанимиз ҳақида гап кетса, беэътибор бўлолмаймиз, негаки киндик қонимиз тўкилган гўша — ота макон, она юртни ардоқлаш ва
улуғлаш табиатимизда мужассам. Ватанни асраб-авайлаш, севиш, уни ҳимоя қилиш шу
азиз юрт ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи. Дунёда юзага келган нотинчликлар,
авж олаётган қарама-қаршиликлар ана шу муқаддас бурчга садоқат масъулиятини
ошириш баробарида ҳар биримизни янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундамоқда.
Тўғри, ҳамма ҳам қўлига қурол олиб Ватанни
қўриқламайди. Айтайлик, шоир ва ёзувчилар, журналистлар ўз қалами билан юртни
ҳимоя қилиши лозим. Telegram, Facebook, Instagram каби ижтимоий тармоқларга
миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб тайёрланган контентлар жойлаштириш орқали
ҳам юрт асралади. Зеро, “Ватанга
муҳаббат унда яшашдан ҳузур-ҳаловат, ундан узоқда бўлганда соғинч, унга ҳужум
қилинганида мудофаа этиш ва у камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”, дея
бежиз айтмаган шайх Муҳаммад Ғаззолий.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши
томонидан ватанпарварлик бўйича тарғибот-ташвиқотни кучайтириш мақсадида муайян
ишлар қилинмоқда. Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган
тадбирда Қуролли Кучларимиз тизимида рўй бераётган янгиланишлар, янги
Ўзбекистоннинг янги армияси, ислоҳотлар, жумладан, ҳарбийларимиз, шунингдек,
ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчилари
ойлик маошлари оширилиши, муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган аскарлар учун
яратилаётган қулайлигу имкониятлар ҳақида сўз борди.
Шуларни тинглар эканман, 1990-йиллар охири — муддатли ва шартнома асосида
ҳарбий хизматни ўтаган дамларим ёдга тушди. Ватанга қасамёд қилганимга гувоҳ
бўлиш учун қарийб беш юз километрдан Тошкентга келган ота-онам айни жараённи
кўра олмаганди ўшанда. Ички тартибга биноан улар қасамёд қабул қилинадиган
майдонга киритилмаганди. Аммо тадбир ўтгач, бир муддат учрашиш насиб қилган.
Бугун эса вазият тамоман бошқача. Ёзишга ҳожат йўқ, армиядаги қулай, ҳавас
қилса арзигулик шарт-шароитларни ҳамма ўз кўзи билан кўриб турибди.
Йиғилиш доирасида ҳарбий қисмда аскарлар учун яратилган қулайликлар билан
танишиш, улар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдик.
— Бугун ҳарбий хизмат нафақат муқаддас бурч, балки билим олиш, касб-ҳунар
эгаллаш, жамиятда мустаҳкам ўрин топишда ҳаёт мактабига айланмоқда, — дейди
оддий аскар Улуғбек Мансуров. — 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб муддатли ҳарбий
хизматчилар учун янги имтиёз ва имкониятлар жорий этилмоқда. Эндиликда аскарлар
ҳарбий хизматни ўташ билан бир вақтда олий таълим муассасаларига ҳужжат
топшириб, онлайн таҳсил олиш имконига эга бўлади. Ҳарбий қисмларда институт ва
университетлар билан ҳамкорликда махсус тайёрлов курслари ташкил этилиб, биз
каби ёшларнинг билим олиши ва келажакда муносиб мутахассис бўлиб етишиши учун
замонавий таълим муҳити яратилмоқда. Юзлаб аскарлар қаторида мен ҳам бу
имкониятлардан самарали фойдаланиб, элу юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса
қўшишга астойдил ҳаракат қиламан.
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети факультет бошлиғи, подполковник
Аъломирза Бобоев ҳам аскарлар учун яратилган имкониятлар ҳақида қуйидагиларни
сўзлаб берди:
— Жорий йилдан олий ўқув юртларига қабул қилинган
муддатли ҳарбий хизматчилар ҳарбий факультет талабаларига тенглаштирилиб,
ўқишни муваффақиятли якунлаганидан сўнг захирадаги лейтенант ҳарбий унвонини
олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса ҳарбий хизмат билан олий таълим ўртасидаги
узвий боғлиқликни янада мустаҳкамлаб, ёшларнинг келгуси фаолияти учун
истиқболли янги эшикларни очади. Айниқса, “Битта аскар — битта касб” тамойили
асосида ташкил этилган 3-6 ойлик касбий ўқув курслари ҳар бир хизматчининг
муайян мутахассислик эгаси бўлиб етишишига хизмат қилмоқда. Ушбу курсларни
муваффақиятли тамомлаган аскарларга давлат намунасидаги сертификатлар берилиши
уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириб, келажакда муносиб иш
ўрнига эга бўлиши учун замин яратади.
Соҳадаги ислоҳотлар доирасида ҳарбий хизматни адо этиб уйига қайтган
йигитларнинг фуқаролик ҳаётига тез ва
муваффақиятли мослашувини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди
хусусий секторда меҳнат фаолиятини бошлаш ёки янги касб эгаллаш истагида бўлган
собиқ ҳарбий хизматчиларнинг касбий ва қайта тайёрлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш
давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ваучер асосида қоплаб берилади. Кези
келганда айтиш керак, айни имтиёз ва имкониятлар армия ёшига етган йигитларни
ҳарбий хизматга қизиқишларини ошириб юборди.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати таълим, бандлик, тадбиркорлик ва
ҳарбий соҳаларни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда амалга оширилмоқда. Умуман олганда,
бугун армияда хизмат қилаётган йигитлар нафақат юксак ҳарбий тайёргарликка эга
аскар, балки кенг дунёқарашли, замонавий билим ва касб-ҳунар соҳиби бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, муддатли ҳарбий хизматни ўташ ёшлар учун муваффақият
йўлига айланмоқда. Бу эса юртимизда инсон қадрини улуғлаш, навқирон авлоднинг
орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ва келажагига сармоя киритиш давлат
сиёсатининг устувор йўналишига айланганининг яққол намунасидир.
Китобхон ҳарбийлар сафи кенгаймоқда
Бугун ҳарбий йўналишда ҳам китоб ўқимасдан, илм олмасдан, сунъий ақл
имкониятларидан фойдаланмай туриб муваффақиятга эришиб бўлмайди. Шу боис,
миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний-жанговор тайёргарлиги билан бирга
интеллектуал салоҳияти, бошқача айтганда, замонавий билим ва кўникмалари,
шунингдек, китобхонлиги ҳам муҳим мезонлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Тизимда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, маънавий-маърифий тадбирлар
ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва уларни
мутолаага жалб этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳарбий тузилмалардаги зиё
масканлари китоб фонди бойитилиб, посбонлар куннинг исталган вақтида мутолаа
қилиши учун кенг шарт-шароитлар муҳайё этилаётир. Жорий йил якунигача
юртимиздаги барча ҳарбий қисм ва муассасаларни бир миллион нусхадаги бадиий
адабиётлар билан таъминлаш белгиланган.
— Кутубхонамиз фонди бойиб, унда сақланаётган электрон адабиётлар сони
кўпайиб бораётгани қувонарли, — дейди Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа
университетининг Сержантлар тайёрлаш олий мактаби кутубхоначиси Гулжаҳон
Мусурмонова.
— Ҳарбийнинг, у хоҳ аскар, сержант, хоҳ офицер бўлсин, бадиий ва соҳага доир
китобларни ўқиши унинг хизматдаги фаолиятида ўз ижобий натижасини беради деб
ўйлайман. Шу маънода, армияда бу борада қилинаётган ишлар ўз самарасини бера
бошлади. Китобхон Ватан ҳимоячилари сафи кенгаймоқда.
Маълум қилишларича, жорий йилдан бошлаб ҳар йили Қуролли Кучларнинг барча
тоифадаги ҳарбий хизматчилари ўртасида тўрт босқичли “Маънавият қалқони”
республика китобхонлик танлови ўтказилиши режалаштирилди.
— Танловнинг биринчи босқичи ҳарбий қисм ва олий ҳарбий таълим
муассасаларида, иккинчи босқичи ҳарбий округ, бирлашма ва қўшилмаларда, учинчи
босқичи Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идораларда ўтказилади, — дейди
мудофаа вазири маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров.
— Якунда эса саралаш босқичлари
ғолиблари ўзаро беллашади. Танловнинг
тўрт ғолиби Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони — Президентимиз бош
соврини — замонавий электромобиль билан тақдирланади. Совринли ўринларни
эгаллаган ҳарбий хизматчиларга пул мукофоти ва дипломлар топширилади.
“Маънавият қалқони” танловининг бундай кенг қамровда ташкил этилаётгани
ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий
дунёқарашини бойитиш ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган тизимли
ишлар изчил давом этаётганидан далолат беради. Айтиш лозим, ҳарбий хизматчининг
жанговар тайёргарлиги қанчалик муҳим бўлса, унинг маънавий-руҳий барқарорлиги,
мустақил фикрлаши ва билим савияси ҳам шунчалик аҳамиятлидир.
Китобхонлик ҳақида гап кетганда, жорий йил 22 май куни
давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий
ҳаракатга старт бергани ҳақида айтмасак бўлмас.
Бошланган “Миллий китобхонлик ҳаракати” дастурининг умумий йиллик
мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этиши, мазкур тадбирнинг финал босқичи
Президент даражасида ўтказилиши, бош соврин соҳиби 50 минг доллар билан
тақдирланишининг ўзи мазкур ҳаракат нуфузи нечоғлиқ юқорилигидан дарак
беради. Очиғи, бунақаси ҳали бўлмаган.
Президентимиз
ташаббуси билан бошланган бу борадаги кенг қамровли ишлар ёшларни, жумладан,
Қуролли Кучлар тизими хизматчиларини китоб мутолааси, илмга чорлашда юксак
самаралар бериши шубҳасиз.
Холмурод САЛИМОВ,
“Янги
Ўзбекистон” мухбири