Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Диосдадо Кабельо Venezolana de Televisión телеканали эфирида маълум қилган.
“Афсус билан маълум қиламанки, магнитудаси 7 баллдан юқори бўлган ерости силкинишлари Арагуа, Карабобо, Миранда, Трухильо, Яракуй ва Ла-Гуайра штатларида, шунингдек Каракас шаҳрида ҳам сезилди. Пойтахтда зилзила янада кучлироқ ҳис этилди”, — деди вазир.
Каракаснинг сейсмик хавфи юқори бўлган Альтамира ва Палос-Грандес туманларида бир нечта бинолар, жумладан турар жой уйлари қулаб тушган. Бу эса инсонлар ҳалок бўлишига олиб келган.
Кабельонинг таъкидлашича, пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам вайронгарчиликлар кузатилиб, улар фуқароларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.
Вазирнинг маълум қилишича, қутқарув хизматлари, ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари, полиция ходимлари ва фуқаро муҳофазаси кўнгиллилари вайрон бўлган биноларни тозалаш ишларини олиб бормоқда ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатмоқда.
У фуқароларни шикастланган биноларни тарк этишга, жабрланганларга ёрдам беришга ва махсус хизматлар транспорти ҳаракатига халақит бермасликка чақирди.
Венесуэла ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини жорий қилди, деб хабар берди report.az.