Шу боис халқаро академик алмашинув дастурлари талабаларнинг касбий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олмалиқ давлат техника институти талабалари Россия Федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Сибирь федерал университетида ташкил этилган «Ёзги университет – 2026» халқаро танловда иштирок этдилар. Танлов асосида сараланган кончилик иши ва металлургия йўналиши талабалари халқаро муҳитда таълим олиш, хорижий талабалар билан тажриба алмашиш ва замонавий билимларни эгаллаш имкониятига эга бўлдилар.

Ушбу танловда Ўзбекистон, Беларус, Қозоғистон, Хитой, Бразилия, Эквадор, Миср, Чили каби дунёнинг 20давлатидан 430 нафар талаба иштирок этди.

Дастурнинг асосий йўналишларидан бири «Тоғ-кон ва металлургия мажмуасида рақамли трансформация» курси бўлиб, унда талабалар геоахборот тизимлари, рақамли моделлаштириш, автоматлаштирилган ишлаб чиқариш, сунъий интеллект технологиялари ҳамда технологик жараёнларни симуляция қилиш бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлдилар. Шунингдек, ProCAST ва DEFORM-3D дастурларида ишлаш кўникмаларини ҳам ўзлаштирдилар.

Танлов доирасида иштирокчилар Россиянинг йирик саноат корхоналари — РУСАЛ Красноярск алюминий заводи, Красцветмет ва Красноярск гидроэлектр станциясифаолияти билан танишдилар. Амалий ташрифлар давомида улар рақамли бошқарув, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, экологик хавфсизлик ва энергия самарадорлиги соҳасидаги илғор ечимларни ўргандилар.

Дастур доирасида инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш бўйича халқаро хакатон ҳам ташкил этилди. Унда ОДТИ талабалари Ўзбекистонда барпо этилаётган атом электр станцияси самарадорлигини оширишга қаратилган ғояларини тақдим этдилар. Қувонарлиси, институт талабалари “ЎзЯдро” жамоаси номи билан финал босқичида ҳам муносиб иштирок этиб, халқаро экспертлар томонидан “Энг илғор лойиҳа” номинацияси ғолиби деб эътироф этилди. Ушбу ютуқ талабаларнинг инновацион фикрлаши, жамоавий ишлаш маданияти ва халқаро майдонда рақобатлаша олиш салоҳиятини яққол намоён этди.

Таълим жараёни билан бир қаторда маданий тадбирлар, экскурсиялар ва турли мамлакатлардан келган талабалар билан мулоқот иштирокчиларнинг дунёқараши ва мулоқот кўникмаларини янада бойитди.

Халқаро танловида иштирок этиш Олмалиқ давлат техника институти талабалари учун замонавий билим, амалий тажриба ва халқаро ҳамкорлик муҳитини ўзлаштиришда муҳим босқич бўлди. Бу каби дастурлар рақобатбардош, инновацион фикрлайдиган ва глобал меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган янги авлод муҳандисларини тайёрлашга хизмат қилади.