Мамлакат тараққиётининг муҳим мезонларидан бири сифатида хавфсиз ва барқарор ҳаёт муҳитини яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан мустаҳкам ўрин олган.

Президентимиз раҳбарлигида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳоли ва ҳудудларни турли хавф-хатарлардан муҳофаза қилиш, замонавий қутқарув тизимини шакллантириш борасида мутлақо янги ёндашувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда соҳа учун юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, Ватан тақдири ва халқ манфаатларига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган кадрларни тайёрлаш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсад йўлида ҳар бир соҳада бўлгани каби фавқулодда вазиятлар тизимида ҳам профессионал, жасур ва фидойи кадрларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Инсон ҳаёти ва хавфсизлиги учун масъул бўлган бундай мутахассисларни тайёрлаш давлатнинг стратегик вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ана шундай эзгу мақсадлар рўёби йўлида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун муносиб кадрлар тайёрлаб келмоқда. Академия битирувчиларига диплом ва «лейтенант» ҳарбий унвонларини топширишга бағишланган навбатдаги тантанали маросим нафақат таълим муассасаси ҳаётидаги муҳим воқеа, балки Янги Ўзбекистоннинг келажагини ишончли қўлларга топшириш йўлидаги яна бир аҳамиятли қадам сифатида намоён бўлди.

Хусусан, жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон боғида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси битирувчиларига диплом ва «лейтенант» ҳарбий унвонларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Муҳташам Мустақиллик монументи пойида ўтган ушбу тадбир нафақат ёш офицерларнинг ҳаётидаги муҳим воқеа, балки мамлакатимизда инсон хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга хизмат қиладиган янги авлод қутқарувчиларининг сафга қўшилишини англатувчи рамзий аҳамиятга эга бўлди.

«Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!» шиори остида ўтказилаётган Ёшлар ойлиги доирасида ташкил этилган мазкур тантана мамлакатимизда ёшларга бўлган юксак эътибор, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этди.

Замонавий қутқарув хизмати – замон талаби

Бугунги кунда дунё миқёсида иқлим ўзгариши, техноген хавфлар, табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатларнинг кўпайиб бораётгани аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масаласини ҳар қачонгидан ҳам долзарб қилиб қўймоқда. Бундай шароитда фавқулодда вазиятлар тизимининг самарадорлиги, аввало, соҳада хизмат қилаётган кадрларнинг билим ва малакасига боғлиқ.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тизим фаолияти мутлақо янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қутқарув хизматлари имкониятларини ошириш ҳамда илғор халқаро тажрибаларни татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса соҳа учун замонавий фикрлайдиган, ташаббускор ва юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни янада кучайтирмоқда.

Шунингдек, Тадбирни Фавқулодда вазиятлар вазири битирувчиларни ва уларнинг яқинларини самимий муборакбод этди.

— Сиз, азиз битирувчиларни ушбу қутлуғ айём билан самимий табриклайман. Бугун мамлакатимизда фавқулодда вазиятлар тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий қутқарув хизматини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнларда билимли, ташаббускор ва ватанпарвар кадрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — деди генерал-майор Азизбек Икрамов.

Кадрлар тайёрлашда янги босқич

Фавқулодда вазиятлар соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 апрелда қабул қилинган «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада таълимнинг мутлақо янги модели шаклланишига замин яратди.

Ушбу ҳужжат асосида Академия ягона таълим кампуси тамойили бўйича ривожлантирилмоқда. Қутқарувчилар тайёрлаш техникуми, Хорижий кадрларни тайёрлаш факультети, Фуқаро муҳофазаси институти ҳамда Малака ошириш марказининг фаолияти ўзаро уйғун тизим сифатида ташкил этилмоқда.

Энг муҳими, таълим жараёнига дуал таълим, виртуал полигонлар, симуляция марказлари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятлари кенг жорий этилмоқда. Бу эса бўлажак офицерларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш, уларни реал хавф-хатарларга тайёр ҳолда хизматга киришишларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ватанга садоқат – асосий мезон

Тадбир давомида таъкидланганидек, Академияда таҳсил олган ҳар бир ёш офицер учун инсон ҳаётини асраш, халқ манфаатларига хизмат қилиш ва Ватанга садоқат энг муҳим қадрият ҳисобланади.

Бу йил Академияни 160 нафардан ортиқ курсантлар муваффақиятли тамомлади. Уларнинг 9 нафари имтиёзли диплом соҳиби бўлди. Шунингдек, Фуқаро муҳофазаси институтининг 20 нафар тингловчисига магистрлик дипломлари топширилди.

Ёш лейтенантларга диплом ва ҳарбий унвонларнинг тантанали равишда топширилиши мамлакатимизда ҳарбий хизматга, айниқса инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш билан боғлиқ шарафли касбларга бўлган юксак ҳурматнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Маросим иштирокчилари орасида битирувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳам алоҳида ўрин тутди. Улар фарзандларининг тўрт йиллик меҳнати самараси бўлган бугунги кунни ҳаётларидаги энг қувончли ва фахрли воқеалардан бири сифатида баҳоладилар.

Турли ҳудудлардан ташриф буюрган ота-оналар Академияда яратилган замонавий шароитлар, профессор-ўқитувчилар ва мураббийларнинг меҳнати туфайли фарзандлари нафақат малакали мутахассис, балки Ватанга садоқатли, юксак масъулиятли инсон сифатида камол топганини алоҳида таъкидладилар.

Қашқадарё вилоятидан келган Абдусамад Омоновнинг таъкидлашича, ўғлининг тўрт йил давомида Академияда таҳсил олиб, бугун Ватан хизматига отланаётгани ота сифатида унинг энг катта фахридир. У Академияда яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳамда ёшларни ҳар томонлама етук мутахассис этиб тайёрлашга қаратилаётган эътиборни алоҳида эътироф этди.

— Ҳар бир ота-она фарзандининг халқимиз тинчлиги ва инсонлар ҳаётини асрашдек шарафли вазифани бажаришидан фахрланади. Мен ҳам ўғлимнинг шу даражага етганидан ғурурланаман, — дейди Абдусамад Омонов.

Бухоро вилоятидан ташриф буюрган Дилдора Жалолова ҳам ўғли Ҳайитов Муродулла Азиз ўғлининг Академияни муваффақиятли тамомлаётгани унинг ҳаётидаги энг қувончли лаҳзалардан бири эканини таъкидлади.

— Давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар ва устозларнинг меҳнати туфайли фарзандларимиз Ватан ва халқ хизматига муносиб кадр бўлиб вояга етмоқда. Бунинг учун барчага самимий миннатдорлик билдираман, — дейди Дилдора Жалолова.

Жиззах вилоятидан келган Маматқулов Қирқйигит учун эса бу маросим авлодлар давомийлигининг ёрқин ифодасига айланди. Унинг набираси оилада ФВВ Академиясини тамомлаган биринчи фарзанд бўлса, набирасининг отаси ҳам Фавқулодда вазиятлар тизимида хизмат қилади.

— Фарзанд ва набиралар камолини кўриш ота-оналар ҳамда бобо-бувилар учун энг катта бахт. Набирамнинг ҳам шу шарафли касбни танлагани оиламиз учун катта фахр, — дейди Маматқулов Қирқйигит.

Бу эса мамлакатимизда инсон капиталига қаратилаётган эътибор, ёшларни ҳар томонлама етук шахс сифатида тарбиялаш сиёсати ўзининг амалий натижаларини бераётганини яна бир бор намоён этди.

Янги Ўзбекистоннинг ишончли таянчи

Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим устунларидан бири хавфсизлик ва барқарорлик ҳисобланади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган офицерлар эса ушбу устунларнинг мустаҳкам бўлишини таъминловчи асосий кучлардан биридир.

Шу маънода, Янги Ўзбекистон боғида ташкил этилган мазкур тантана нафақат битирувчиларга диплом ва ҳарбий унвон топшириш маросими, балки мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ёшларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва уларни юксак масъулиятли вазифаларга руҳлантириш тадбири сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Энди ёш лейтенантлар халқимиз тинчлиги, мамлакат хавфсизлиги ва инсонлар ҳаётини асрашдек шарафли вазифани ўз зиммаларига олган ҳолда мустақил хизмат йўлига қадам қўймоқдалар. Уларнинг билим ва салоҳияти, жасорати ва фидойилиги Янги Ўзбекистоннинг янада хавфсиз, барқарор ва фаровон келажагини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

 Зулхумор Акбарова,
Yuz.uz сайти мухбири.

Фарҳоджон Хожаев,
ФВВ Академияси
Ахборот хизмати раҳбари