Ушбу қонуннинг аҳамияти ва ҳаётимиздаги ўрнини яққол тушуниш бу борада қисқа тарихий ракурс қилиш ва айрим саволларга жавоб беришни тақозо этади. Хуллас, қонун қабул қилинишига қандай ижтимоий зарурат бор эди? У ёшларга оид давлат сиёсатини қанчалик ўзгартира олди? Замон шиддати бу борада яна қандай бўшлиқларни тўлдиришни тақозо қилмоқда?

2016 йилга қадар амалда бўлган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги илк қонун 1991 йил 20 ноябрда мамлакатимиз мустақилликка эришган илк ойларда қабул қилинган эди. Ўтган чорак аср давомида давлатчилик тизими, бозор иқтисодиёти шароити, ижтимоий тузилма ва ёшларнинг эҳтиёжи тубдан ўзгарди. 1991 йилги қонун кўпроқ декларатив хусусиятга эга бўлиб, янги даврнинг институционал ва ҳуқуқий талабларига жавоб бера олмай қолди. Бундан ташқари, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этгани ҳолда, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича тизимли механизмлар етарлича ишламас, ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган юз минглаб битирувчилар, уларни барқарор иш ўринлари билан таъминлаш кўрсаткичи пастлигича қолаётганди. Демографик дивидендни иқтисодий ривожланиш омилига айлантириш ўрнига ёшлар бандлиги давлат учун жиддий ижтимоий-иқтисодий босим ва хавотир манбаига айланиб қолган эди.

Мана шу омиллар сабаб, ёшлар орасидаги яширин ва очиқ ишсизлик энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолди. Чунки олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг диплом бўйича иш топиши мураккаб, касбий кўникмалар реал сектор талабларига мос келмасди. Натижада миллионлаб ёш фуқароларимиз чет элга арзон ишчи кучи сифатида чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бу эса ижтимоий беқарорлик ва оилавий инқирозларни келтириб чиқарди. Устига-устак олий таълимга қамров даражаси атиги 9-10 фоиз атрофида сақланиб, ёшлар учун илмий ва касбий юксалиш имконияти жуда паст эди. Лицей ва коллежлар тизими кўп ҳолларда сифатли таълим ва реал касб бера олмас, квоталар чеклангани сабабли ёшларнинг аксарияти билим олиш ва ижтимоий мақомини кўтариш имкониятидан маҳрум бўлиб қолаверди. Ачинарли жиҳати, соҳада коррупциявий тўсиқлар ва тизимнинг ёпиқлиги иқтидорли ёшларнинг ижтимоий фаоллигини сўндириб, пессимистик кайфиятни кучайтираётган эди.

Бу даврга келиб, ёшлар тадбиркорлиги ва стартапларини молиявий рағбатлантириш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ёки ер бериш борасида аниқ ҳуқуқий кафолатлар ҳам йўқ эди. Банк тизими ёшлар учун гаровсиз ёки енгиллаштирилган механизмларни таклиф қилмасди. Бу эса ташаббускор ёшларнинг бизнес ғоялари ва иқтисодий фаолият субъекти сифатида шаклланишига тўсқинлик қиларди. Бундан ташқари, ногиронлиги бор, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ёки тарбия муассасаларидан қайтган ёшларни реинтеграция қилиш бўйича давлат даражасида аниқ концептуал тизим йўқ эди. Ижтимоий ёрдам тарқоқ ва мавсумий хусусият касб этиб, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, турар жой ва муносиб иш билан таъминлашнинг комплекс ҳуқуқий базаси мавжуд эмасди.

2016 йил кузида Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги босқичи бошланди. Мамлакатнинг янги раҳбарияти энди ёшларни шунчаки тарбияланувчи ёки ижтимоий ёрдам олувчи пассив объект эмас, балки ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва стратегик ресурси сифатида тан олди. Янги сиёсий ирода ва модернизация стратегиясини амалга ошириш учун ёшларга қаратилган муносабатни тубдан янгилаш ва буни қонун даражасида мустаҳкамлаш энг биринчи галдаги устувор вазифага айланди. Қонуннинг қабул қилиниши янги сиёсий даврда имзоланган энг биринчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, соҳадаги барча бўшлиқни тизимлаштиришга хизмат қилди.

Агар олдинги ҳужжатда ёшлар масаласи кўпроқ умумий шиорлар ва қоғоздаги баёнотлар даражасида қолган бўлса, янги қонун ёш авлодга муносабатни тубдан ўзгартириб, уларни жамиятнинг шунчаки қўллаб-қувватланувчи қатлами эмас, балки давлатни ҳаракатга келтирувчи асосий куч ва тўлақонли ижтимоий шерик сифатида эътироф этди. ­Қонуннинг энг муҳим юридик янгиликларидан бири ёшлар масаласига аниқ ҳуқуқий таъриф берилгани бўлди. Ҳужжат билан 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар расман ёш фуқаролар тоифасига киритилди, “ёш оила” ва “ёш мутахассис” каби муҳим тушунчалар қонун даражасида мустаҳкамланди. Бу шунчаки чегара эмас, балки давлат томонидан бериладиган имтиёзлар, уй-жой субсидиялари, таълим кредитлари ва касбий қўллаб-қувватлаш айнан кимларга қаратилиши кераклигини кўрсатувчи аниқ дастурдир.

Авваллари ёшлар муаммоси кўпинча битта жамоат ташкилотининг зиммасига юклаб қўйилар, вазирлик ва ҳокимликлар эса бунга иккинчи даражали иш сифатида қарарди. Мазкур қонун ёшлар сиёсатини амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини очиқ-ойдин тақсимлаб берди. Вазирлар Маҳкамасидан тортиб, маҳаллий ҳокимликларгача, таълим ва соғлиқни сақлашдан меҳнат органларигача — барча давлат идораларининг ёшлар олдидаги аниқ мажбуриятлари қонунан муҳрланди ва бу соҳада вертикал жавобгарлик тизими ишлаб чиқилди. Қонуннинг ижтимоий аҳамияти шунда эдики, у қуруқ ваъдалар эмас, балки ёшларнинг кундалик ҳаётидаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилди. Унда битирувчиларни иш билан таъминлаш, ёшлар тадбиркорлиги ва стартапларига имтиёзли кредитлар ажратиш, уй-жойга муҳтож ёш оилаларни субсидиялаш механизмлари илк бор мустаҳкам ҳуқуқий кафолатланди. Шунингдек, етимлар, ногиронлиги бор ва оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган ёшларни давлат қарамоғига олиш, жамиятга тўсиқларсиз мослаштириш тизими қонуний асосланди.

Қонун мамлакатимизнинг ёшлари ҳаётида ўзгаришларни бошлаб берди десак, хато бўлмайди. Жумладан, айнан ушбу ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингач, соҳадаги энг биринчи катта ўзгариш бошқарув тизимида юз берди. Яъни илгари фақат жамоат ташкилоти бўлган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тугатилиб, аввал Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, 2020 йилда эса бевосита вазирлик мақомига эга Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Бу билан ёшлар масаласи шунчаки концерт ёки мажлислар мавзуси бўлмай, ваколати, бюджети ва ҳукумат даражасида аниқ жавобгарлиги бўлган вертикал давлат сиёсатига айланди. Маҳаллаларда эса 9000 дан зиёд ёшлар етакчиси таъсис этилиб, муаммолар қуйида ҳал қилинмоқда.

Ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган йилларда олий таълимга кириш ҳақиқий муаммо бўлиб, мактаб ва коллеж битирувчиларининг атиги 9 фоизи талаба бўларди. Бугунга келиб бу кўрсаткич қарийб 40-42 фоизга етди. Давлат ва нодавлат ОТМлар сони икки юздан ошди. Хорижнинг нуфузли университетлари филиали очилди. Қизларнинг магистратурада ўқиши учун шартнома пули давлат бюджетидан тўлаб берилиши, хотин-қизларга ажратилган алоҳида давлат грантлари минглаб оилалар ҳаётини тубдан ўзгартирди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси тубдан қайта ташкил этилиши туфайли минглаб ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар Оксфорд, Кембриж, Гарвард, Колумбия каби нуфузли олийгоҳларга тўлиқ давлат гранти асосида ўқишга юборилди. Ёшларнинг халқаро тил ва касбий сертификатлари (IELTS, TOEFL, SAT ва бошқалар) учун тўлаган имтиҳон харажати агентлик томонидан тўлиқ қоплаб берила бошланди.

Илгари ишсиз ёшлар аниқ ҳисобга олинмас, муаммолар умумий ҳисоботлар ортида кўмилиб кетар эди. Қонун белгилаб берган ижтимоий кафолатлар замирида “Ёшлар дафтари” тизими яратилди. Мазкур механизм орқали миллионлаб эҳтиёжманд йигит-қизларга тикув машиналари, пайвандлаш ва компьютер ускуналари субсидия асосида бепул берилди. Даволаниш харажати қопланди ва контракт пули тўлаб берилди. “Бир миллион дастурчи” каби лойиҳалар орқали чекка қишлоқлардаги минглаб ёшлар АT соҳасига кириб келиб, масофадан туриб даромад топа бошлади. Қонуннинг энг сезиларли натижаларидан бири ёшларнинг бизнесга эркин кириб келиши бўлди. “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ва микромолия ташкилотлари орқали минглаб ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилди. Қишлоқ жойларда эса ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиши учун 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдони узоқ муддатга ажратиб берилди. Бу чоралар туфайли ёшлар ишли бўлиш баробарида тенгдошлари учун ҳам янги иш ўринлари очди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” умуммиллий даражадаги ҳаракатга айланиб, кўчадан тортиб, республика босқичигача миллионлаб ёшларни маданият, китобхонлик, санъат ва миллий спорт турлари атрофида бирлаштирди. Мактаблар ва маҳаллаларда “Заковат” интеллектуал ўйинлари кенг ёйилди. “Ёш китобхон” танлови ғолибларига Президент совғаси топширилиши билим олишни жамиятда нуфузли ва қадрли трендга айлантирди. Ёшлар спортда ва илмда жаҳон саҳнасида Ўзбекистон номини юқори поғоналарга олиб чиқди. Олимпия ўйинларида тарихдаги энг яхши натижалар қайд этилди. Энг асосийси, ёшлар давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлигида иштирок этмоқда. Парламент негизида Ёшлар парламенти тузилди. Янги таҳрирдаги Конституцияга ёшлар ҳуқуқлари бўйича алоҳида моддалар киритилди ҳамда ёш раҳбар кадрлар вазир ўринбосарлари, ҳоким ўринбосарлари ва депутатлик лавозимларига ишонч билан тайинлана бошлади.

Мамлакатимиз мустақиллигининг сўнгги ўн йиллиги юртдошларимиз ҳаётида жуда катта ўзгаришлар даври бўлди. Халқимиз миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Бу босқичнинг мантиғи янги даврга муносиб ўзгаришлар, мукаммал қонунлар ва ислоҳотларни талаб қилади. Шунингдек, замон талаби бўлган глобаллашув ва рақамлашув ҳам қонунларимизни янада такомиллаштириш, замон шиддатига мослашув заруратини талаб қилмоқда. Масалан, ёш мутахассисларни ишга олиш ёки ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан иш берувчининг ихтиёрига ташлаб қўйилган.

Дунё ва жамият кескин ўзгарди, яъни сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, киберхавфсизлик ва ёшларнинг руҳий саломатлиги каби бугунги авлод дуч келаётган янги масалаларни қонунчилигимизда акс эттириш зарур.

Бугун дунёда инсониятнинг ўртача умр кўриш давомийлиги ҳам ортиб бориши

14 дан 30 ёшгача бўлган чегарани кўплаб ривожланган давлатлардагидек (35 ёшгача) замонавий демографик ўзгаришлар билан қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирмоқда. Ёшлар билан боғлиқ қонунчилигимизнинг амалий ижро механизмларида, хусусан, “Ёшлар дафтари” ва маҳаллий дастурларда ёрдамни нотўғри тушуниш муаммоси мавжуд. Аксарият ҳолларда иш ёшларга бепул ускуна ёки бир марталик моддий ёрдам бериш билан чекланиб қоляпти. Уларнинг мустақил оёққа туришини таъминловчи мониторинг тизими оқсамоқда. Масалан, субсидияга тикув машинаси ёки моноблок олган ёшлар бир неча ойдан сўнг уни сотиб юбориши ёки ундан фойдаланмаслиги ҳолатлари учраб туради. Бу эса ёшларда муаммоларни фақат давлат ёрдами билан ҳал қилиш кайфиятини ҳам кучайтириб, уларни ҳақиқий бозор рақобатига тайёрлашга халал бермоқда.

Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозимининг жорий этилиши жуда илғор ташаббус бўлган эди, бироқ амалиётда уларнинг фаолияти бюрократия ва қоғозбозликка кўмилиб қолди. Етакчилар ёшлар билан жонли мулоқот қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш ўрнига кун бўйи турли платформаларда ҳисобот тўлдириш, маҳалла раиси ёки ҳокимликнинг бошқа юмушларини бажариш билан банд бўлиб қолмоқда. Натижада маҳалладаги оғир тоифага мансуб қатлам — чет элда ишлаб юрган мигрантлар, жазони ўтаб қайтганлар ёки реал ёрдамга муҳтож, лекин мурожаат қилмайдиган ёшлар назардан четда қолиб кетмоқда. Ишлар эса кўпинча чиройли рақамлар учун қилинмоқда. Бу муаммоларнинг ҳам қонуний ечимини ҳал қилиш лозим.

Олийгоҳларга қамров кескин ошганига қарамай, таълим сифати ва реал иқтисодиёт эҳтиёжи ўртасидаги жарлик сақланиб қолмоқда. Йилига юз минглаб ёшлар қўлига диплом олаётган бўлса-да, корхоналар ва хусусий секторда малакали кадрлар тақчиллиги давом этмоқда. Дипломли мутахассисларнинг курьерлик, таксичилик қилиши ёки мардикор бозорига чиқиши одатий ҳолга айланди. Қонунларимизда назарда тутилган “касбга йўналтириш” ва “битирувчиларни кафолатли иш билан таъминлаш” механизмлари таълим муассасалари билан иш берувчилар ўртасида мустаҳкам кўприк бўла олмаяпти. Бу эса миллионлаб ёшларни ҳамон ташқи меҳнат миграциясига суянишга мажбур қилмоқда.

Аслида, ҳар бир қонун ҳужжати, ҳар бир қарор ҳамда унда белгиланган нормалар ва вазифалар қоғоздаги бандлардан чиқиб, тўлиқ кучга кириши миллионлаб йигит-қизларнинг ҳаётини тубдан ўзгартира олади. Улар шунчаки “келажак умиди” бўлишдан тўхтаб, бугуннинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучига айланади. Таълим тизими меҳнат бозорига ҳамоҳанг ишлаб, дипломсизлик ёки тажрибасизлик ёшлар йўлидаги тўсиқ бўлмай қолади. Стартаплар, имтиёзли кредитлар ва ижтимоий лифтлар ҳар бир истеъдод эгасига ўз юртида қадр топиш имконини беради. Ёш оилаларнинг уй-жой ташвишидан қутулиши, ҳар бир иқтидорнинг давлат ҳимоясини ҳис қилиши, ёш оилалардаги ажралишларнинг камайиши уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди. Келажагини хориждан эмас, ватанидан қидирадиган янги, эркин фикрли авлод шаклланади.

Абдухолиқ ТАШАНОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти бўлим бошлиғи