Шу пайтгача, интернетдан, хусусан, Google ёки бошқа қидирув тизимларидан Ўзбекистонга оид чиройли, сифатли расм ёки видео қидирилганда сифати расво, ёки устида қанақадир ёзувлар, логотиплар бўлган контентлар чиқиб келарди. Айниқса ҳудудлар бўйича ёки дрон орқали олинган замонавий тасвирларни топиш — алоҳида азоб эди.
Мана шу долзарб муаммони ҳал этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан Aura.uz платформаси тақдим этилди.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизнинг ижобий имижини маҳаллий ва халқаро аудиторияга юқори сифатли визуал контент орқали кенг тарғиб қилишдан иборат. Бу эса глобал тармоқда Ўзбекистон ҳақидаги профессионал фото ва видео материаллар ҳажмини 1000 баробарга ошириш имкониятини яратади.
Бугунги кунда Aura.uz серверларида қарийб 6 терабайт ҳажмдаги улкан маълумотлар базаси шакллантирилган. Платформада 12 мингдан ортиқ энг сара фото, видео ва инфографик материаллар жамланган бўлиб, ушбу архив ҳар куни ўртача 200 га яқин янги контент билан мунтазам бойитиб борилмоқда.
Эътиборли жиҳати, базани шакллантиришда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК), вазирлик ва идоралар ахборот хизматлари ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) материалларидан кенг фойдаланилган. Яъни шу вақтга қадар ташкилотларда бюджет маблағлари ҳисобидан олинган контентлар жамланди ва сараланди. Натижада оммага энг сифатли контентлар фойдаланиш учун эълон қилинмоқда.
Aura.uz платформаси медиа соҳаси вакиллари учун қатор техник қулайликларни таклиф этади:
- Юқори сифат стандартлари: платформага фақат юқори сифатли (HD, Full HD, 4K ва ундан юқори) форматдаги контентлар жойлаштирилади.
- Ортиқча белгиларсиз тасвирлар: барча материаллар муаллифлик ҳуқуқидан холи бўлиб, уларда ҳеч қандай ёзув, логотип ва субтитрлар мавжуд эмас.
- Форматлар хилма-хиллиги: видео материаллар ҳам анъанавий горизонтал (16:9), ҳам замонавий вертикал (9:16) форматларда тақдим этилган.
- Мукаммал қидирув тизими: керакли материалларни йил фасллари, суратга олинган вақти (кун/тун), ҳудудлар ва соҳалар кесимида осонгина филтрлаб топиш мумкин.
Платформадаги мавжуд контентлар санъат, урбанизация, спорт, тарихий обидалар, табиат ва миллий анъаналар каби йўналишлар бўйича тизимлаштирилган. Шунингдек, давлат аҳамиятига эга муҳим материаллар, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифларига оид видеолар ҳамда “Янги Ўзбекистон” туркумидаги махсус контентлар алоҳида бўлимларга жойлаштирилган.
Aura.uz фақатгина тайёр контент улашувчи база эмас, балки мустақил ижодкорлар учун очиқ майдон ҳамдир. Исталган сураткаш ёки видеооператор ўз материалларини платформага жойлаштириши мумкин. Бундан ташқари, истиқболда платформада махсус монетизация тизимини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
Aura.uz — Ўзбекистоннинг замонавий визуал қиёфасини дунёга намоён этувчи ва миллий медиа макондаги энг долзарб муаммолардан бирини ҳал қилувчи инновацион платформадир. Қолаверса, ушбу платформа маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари, журналистлар, блогерлар, дизайнерлар, медиа ходимлари ва чиройли контент яратишни хоҳлаганлар учун чинакам хазина вазифасини бажаради.