Ўзбекистон тарихида илк бор мазкур нуфузли халқаро мусобақага мезбонлик қилаётгани муносабати билан Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази директори Азамат Эшанкулов, Фан олимпиадалари маркази директори Тўрабой Шерматов, шунингдек, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари, олимпиада иштирокчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг илк бор Халқаро информатика олимпиадасига мезбонлик қилиши, мусобақанинг мамлакат таълим тизими ва рақамли тараққиёти учун стратегик аҳамияти, халқаро иштирокчилар кўлами ҳамда тайёргарлик жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилишича, IOI 2026да 97 дан ортиқ мамлакатдан 386 нафар ўқувчи иштирок этади. Делегациялар, халқаро қўмита аъзолари, мураббийлар ва меҳмонлар билан биргаликда иштирокчиларнинг умумий сони 900 нафардан ошади. Бу эса Халқаро информатика олимпиадаси тарихида иштирокчи мамлакатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасини саралаш ва тайёрлаш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Терма жамоани шакллантириш жараёни 2025 йил ноябрь ойидан бошлаб босқичма-босқич ташкил этилган. Қозоғистон, Польша ва Руминиядан жалб этилган халқаро экспертлар иштирокида 10 га яқин ўқув-машғулот йиғини ўтказилган.
Тайёргарлик жараёнида ўқувчиларнинг нафақат техник билимлари, балки психологик тайёргарлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлардан сараланган 100 нафар ўқувчи орасидан икки миллий терма жамоага 4 нафардан, жами 8 нафар ўқувчи танлаб олинди.
Таъкидланганидек, мамлакатда рақамли таълим, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон халқаро IT майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. IOI 2026 мазкур ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатнинг технологик имкониятларини дунёга танитишга хизмат қилиши қайд этилди.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Эслатиб ўтамиз, 38-Халқаро информатика олимпиадаси (IOI 2026) жорий йилнинг 9–16 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади. Ўзбекистон ушбу нуфузли халқаро олимпиадага ўз тарихида биринчи марта мезбонлик қилади.