Музокаралар давомида томонлар жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг Мўғулистонга экспорти 15,6 фоизга ошганини қайд этиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 100 миллион долларга етказиш мақсад қилинганини таъкидлади.
Форумда саноат кооперацияси масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Мўғулистоннинг жун ва кашмир маҳсулотларини Ўзбекистонда қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режалари муҳокама қилинди.
Агросаноат соҳасида эса 2029 йилга қадар Ўзбекистондаги мўғул қўйлари сонини 1 миллионтага етказиш, шунингдек, Мўғулистонда Ўзбекистоннинг суғориш тизимларини жорий этиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Шунингдек, учрашувларда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой – Мўғулистон транспорт коридори бўйлаб юк ташувларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Геология соҳасида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлиги Улан-Батордаги ваколатхонаси орқали конларни ўзлаштириш бўйича амалий ишлар бошлангани қайд этилди.
Форум доирасида Suzur Health Med, Prime Nomadic Meat, Tsamkhag Construction ва бошқа компаниялар иштирокида B2B ҳамда G2B учрашувлари ўтказилди. Уларнинг натижасида янги инвестиция лойиҳалари шакллантирилди.
Тадбир якунида қўшма ташаббусларни доимий қўллаб-қувватлаш механизмини яратиш бўйича келишувга эришилди.