Мазкур лавозимга Москва шаҳридаги Имом Муҳаммад ал-Бухорий номидаги мусулмонлар диний ташкилоти раиси, шунингдек, ушбу ташкилот ҳузуридаги “Имом ал-Бухорий” мадрасаси мудири Умидбек Мамталиев тайинланди.
Эндиликда Диний идора вакили Россиядаги ватандошларнинг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш ҳамда икки давлат ўртасидаги диний-маърифий ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланади.
Маълумот учун, Умидбек Мамталиев Ўзбекистонда туғилиб, таълим олган. У Москвадаги “Аль-Фатиха” мадрасаси ва Москва Ислом институтида таҳсил олган.
Шунингдек, у Москва шаҳридаги “Исторический мечеть” диний ташкилоти ва Домодедово туманидаги масжидларда имомлик қилган. Кейинчалик эса Москвада “Имом Муҳаммад ал-Бухорий” номли диний ташкилотга асос солган.
Ҳозирги кунда мазкур марказда 300 нафардан ортиқ офлайн ва 2 мингдан зиёд онлайн тингловчи таълим олмоқда.