Мазкур ҳужжат икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда инвестициявий шерикликни кенгайтиришга қаратилган.
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик бўйича музокаралар жорий йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиевнинг Гонконг Бош савдо палатасига ташрифи чоғида бошланган бўлиб, кейинчалик қатор учрашувлар ва музокаралар давомида изчил давом эттирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегациясининг май ойида Гонконгга ташрифи ҳам мазкур ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
Имзоланган меморандумга мувофиқ, Ўзбекистон — Гонконг Бизнес кенгаши ташкил этилади. Кенгаш икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, янги бизнес алоқаларини шакллантириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Келгусида томонлар бизнес-форумлар, B2B учрашувлар, тажриба алмашиш тадбирлари ва савдо миссияларини ташкил этиш орқали икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада фаоллаштиришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мазкур келишув Ўзбекистон ва Гонконг тадбиркорлари учун янги имкониятлар очиши, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлайди.