Табиий ресурслар ҳақида гап кетганда, баъзи мамлакатлар ҳақиқатан ҳам бошқаларга қараганда қайсидир табиий ресурсга кўпроқ эга. Шу сабабданми кўпгина давлатлар учун айнан табиий бойликлар экспортнинг дастлабки асосига айланди.

Масалан, Канада, Нигерия ва Саудия Арабистони жаҳон нефть бозорининг йирик “ўйинчи”ларига айланди. Бошқа мамлакатлар, хусусан, Жазоир, Россия ва Қатар кўпроқ табиий газнинг улкан захираларига таянади. Лекин табиий бойликлар ҳар хил бўлади.

Чили ва Перу азалдан миснинг йирик ишлаб чиқарувчилари бўлиб, сўнгги йилларда уларнинг улкан литий захиралари ҳам жаҳон бозорлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлди.

Шунга ўхшаш воқеа темир рудасига бой Австралия билан ҳам содир бўлди. Конго Демократик Республикаси эса кобальт ва колтан каби фойдали қазилмаларнинг катта захиралари билан машҳур. 

Ер юзидаги энг унумдор қишлоқ хўжалиги ерларига эга бўлган мамлакатлар ҳам бор. Аргентина, Бразилия, Миср, Испания ва Украина учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат асосий экспорт товарларига айланди.

Вақт ўтиши билан кўплаб ресурсларга бой мамлакатлар қазиб олувчи саноат — тоғ-кон, нефть ва газ тармоқлари доирасидан чиқа бошлайди. Саноатлаштириш ва технологик ривожланиш иқтисодиётга аста-секин юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни, масалан, машиналар ва электрон ускуналарни экспорт қилишга ўтиш имконини беради.

Баъзи мамлакатлар ҳатто юқори технологияли ишлаб чиқаришнинг айрим бўғинларига ихтисослашмоқда. Жумладан, Нидерландияда жаҳон яримўтказгич саноати учун энг йирик ускуналар етказиб берувчи АСМЛ компанияси жойлашган.

Хитой дунёдаги энг йирик экспортчи бўлиб, сўнгги йилларда унинг ташқи савдодаги ижобий сальдоси бир триллион доллардан ошган. XXI асрда мамлакат АҚШни сиқиб чиқариб, сайёрамизнинг асосий ишлаб чиқариш давлатига айланди.

Баъзи соҳаларда Хитойнинг саноатдаги устунлиги унинг савдо ҳамкорлари, жумладан, АҚШ ва Германияни ташвишга сола бошлади. Сўнгги йилларда Вашингтон Хитойнинг бир қатор импорт товарларига, айниқса электромобилларга кенг кўламли тарифлар жорий этди, деб хабар берди naked-science.ru.

Бироқ, улкан экспорт қудратига қарамай, Хитойнинг ўзи жаҳон иқтисодиётига чуқур қарам бўлиб қолмоқда. Сабаби - глобал ишлаб чиқариш занжирларининг ўзаро чамбарчас боғлиқлиги: мамлакат ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун бутун дунёдан компонентлар ва хомашё талаб қилади.  Айнан шу тоифа дунёнинг тўртта энг йирик иқтисодиёти: АҚШ, Хитой, Германия ва Япония учун энг йирик экспорт тоифасидир. Бунга қиммат саноат маҳсулотлари – Мексика ва Польша фаол савдо қиладиган автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, юқори технологияли маҳсулотлар, жумладан микрочиплар киради. 

Масалан, Хитой Бразилия соясининг энг йирик харидори. Эрон нефтининг харидорлари орасида катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллайди. Бошқача айтганда, Хитой экспорт машинаси мустақил ва деярли чексиз бўлиб кўриниши мумкин, аммо аслида у глобал савдо тизимига мустаҳкам ўрнатилган бўлиб, бир мамлакат экспорти бошқа мамлакат импортига айланади.