Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишча, Транспорт вазирлиги делегациясининг Қозоғистонга ташрифи давомида делегация вакиллари Қозоғистоннинг трансчегаравий транспорт-логистика инфратузилмаси билан танишди. Жумладан, Олтинкўл темир йўл станцияси, «Кедентранссервис» АЖ терминали, «KTZE-Khorgos Gateway» қуруқ порти, «Хоргос — Шарқий дарвоза» махсус иқтисодий зонаси ҳамда «Хоргос» халқаро чегараолди ҳамкорлик маркази фаолияти ўрганилди.

Музокараларда Хитой — Қозоғистон — Марказий Осиё йўналишида юк оқимларининг узлуксизлигини таъминлаш, контейнер ташувларини кенгайтириш, мультимодал транспорт коридорларини ривожлантириш ва логистика йўналишларини диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг асосий натижаларидан бири — «Кедентранссервис» АЖнинг Олтинкўл станциясида Қозоғистон томони билан қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишувга эришилгани бўлди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ва Қозоғистон транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий қадамни белгилади.