Музокараларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида Ҳукуматлараро битим имзолаш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда Сербия томони мамлакатда ўтказиладиган EXPO 2027 халқаро кўргазмаси объектлари қурилишига ўзбекистонлик малакали мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдор эканини билдирди. Бунинг учун кадрларни олдиндан тайёрлаш, шунингдек, уларни муносиб меҳнат шароитларига эга иш ўринларига йўналтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Сербиянинг Ўзбекистонда элчихона очиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бу ўзбекистонликлар учун ҳозирда Астана шаҳри орқали амалга оширилаётган виза расмийлаштириш жараёнини соддалаштириши кутилмоқда.
Музокаралар Сербия Миллий бандлик хизмати директори Милан Боснич билан давом эттирилди. Томонлар Ҳукуматлараро битим ратификация қилингач, икки идора ўртасида меҳнат миграцияси ва ишчи кучи мобиллиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Баённомани имзолашга келишиб олди.