Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, қайд этилган бахтсиз ҳодисаларнинг 38 таси гуруҳий, 542 таси оғир оқибатли, 189 таси эса ўлим билан якунланган.

Жабрланганларнинг 486 нафари оғир, 30 нафари енгил жароҳат олган. 231 нафар ходим вафот этган.

Маълум қилинишича, 2025 йилнинг шу даврида 665 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, жорий йилда бу кўрсаткич 15,9 фоизга ошган. Жабрланганлар сони эса ўтган йилги 742 нафардан 847 нафарга етган.

Тармоқлар кесимида энг кўп бахтсиз ҳодисалар саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида қайд этилган — 259 та. Қурилиш ишларида 217 та, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 36 та ҳолат кузатилган.


Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасида 26 та, қишлоқ ва сув хўжалигида 23 та, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда 23 та, таълим соҳасида 18 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Бошқа соҳалар ҳиссасига 169 та ҳолат тўғри келади.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган — 155 та. Тошкент вилоятида 106 та, Қашқадарё вилоятида 71 та, Навоий вилоятида 65 та ва Бухоро вилоятида 63 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган.

Шунингдек, Андижон ва Самарқанд вилоятларининг ҳар бирида 54 тадан, Фарғона вилоятида 44 та, Сирдарё вилоятида 34 та, Наманган вилоятида 30 та, Қорақалпоғистон Республикасида 27 та, Сурхондарё вилоятида 24 та, Жиззах вилоятида 21 та ва Хоразм вилоятида 20 та ҳолат қайд этилган.

Бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланганларга 16 миллиард 637 миллион сўм миқдорида бир йўла бериладиган ва ойма-ой тўланадиган зарар пуллари ундириб берилган.

Меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя қилиш ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва ходимлар ҳаётини асрашда муҳим аҳамиятга эга.