Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда жамият томонидан республика бўйича 3 миллион 730 мингдан ортиқ аҳоли ва 2 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.
Соҳада қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши ҳамда талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида 3 мингдан ортиқ тўсатдан текширув ва рейд ўтказилиб, жами 1 217 та қоидабузарлик аниқланган.
Шу даврда суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та «бункер» аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.
Кўрилган чоралар натижасида қиймати тахминан 2 миллиард сўм бўлган 193,6 тонна суюлтирилган газ ҳамда умумий қиймати 8,7 миллиард сўмлик 17 301 дона маиший газ баллонининг ноқонуний сотилиши олди олинган.
Шунингдек, 2026 йилнинг тўққиз ойида ўтказилган хизмат текширувлари давомида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 дона маиший газ баллони талон-торож қилингани аниқланган.
Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун 25 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Улар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилган.
Жамият маълумотига кўра, айни пайтда ҳам комплаенс-назорат тузилмалари томонидан текширув ва рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
Фуқаролар суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши ёки бошқа қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг 1104 қисқа рақами, (71) 202-11-04 ишонч телефони ёки antikorruptsiya@hududgaz.uz электрон манзили орқали хабар беришлари мумкин.