Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатда умумий қуввати 2 423 МВт бўлган электр станциялари ва энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 1,7 миллиард долларни ташкил этди.
Янги қувватларнинг 1 573 МВти иссиқлик электр станцияси, 300 МВти қуёш, 200 МВти шамол электр станцияларига ҳамда 350 МВти энергия сақлаш тизимларига тўғри келади.
Бойовутда 1 573 МВтлик иссиқлик электр станцияси
Сирдарё вилоятининг Бойовут туманида қуввати 1 573 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
Станция йилига 13 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Унинг фойдали иш коэффициенти 61,7 фоизни ташкил этади. Бу йилига 1,1 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
Қиймати 900 миллион доллар бўлган лойиҳа тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан Франциянинг «EDF», Қатарнинг «Nebras Power», Япониянинг «Sojitz Corporation» ва «Kyuden International» компаниялари консорциуми ҳамкорлигида амалга оширилди.
Станция қурилиши жараёнида 3 мингта иш ўрни яратилган. Объект фойдаланишга топширилгач, 120 та доимий иш ўрни ташкил этилди.
Нуротада қуёш станцияси ва энергия сақлаш тизими ишга туширилди
Навоий вилоятининг Нурота туманида 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ва 150 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
Қиймати 390 миллион доллар бўлган лойиҳа Хитойнинг «China Energy Overseas Investment» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Станция йилига 657 миллион кВт·соат «яшил» энергия ишлаб чиқаради. Бу 273 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг.
Лойиҳа натижасида йилига 175 миллион куб метр табиий газ тежалади ҳамда 377 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишининг олди олинади. Объектда 30 та доимий иш ўрни яратилди.
Қораўзакда 200 МВтлик шамол электр станцияси ишга туширилди
Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида 200 МВт қувватли шамол электр станцияси ҳамда 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
Қиймати 263 миллион доллар бўлган лойиҳа Саудия Арабистонининг «ACWA» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Станция йилига 701 миллион кВт·соат ёки 292 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқаради.
Лойиҳа натижасида йилига 187 миллион куб метр табиий газ тежалади ва 403 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишининг олди олинади. Шунингдек, 25 та доимий иш ўрни яратилди.
Уйчида 100 МВтлик энергия сақлаш тизими ишга туширилди
Наманган вилоятининг Уйчи туманида 100 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.
Қиймати 110 миллион доллар бўлган лойиҳа Хитойнинг «China Energy Overseas Investment Co., Ltd» компанияси томонидан амалга оширилди.
Тизим электр энергиясини бир кунда икки марта, икки соатдан 100 МВт (200 МВт·соат) қувватда захиралаш имконини беради. Захираланган энергия электр тармоғида юклама юқори бўлган вақтларда тизим барқарорлигини таъминлаш учун фойдаланилади.
Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 30 та доимий иш ўрни яратилди.
Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон энергетика тизимида янги ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва электр таъминоти барқарорлигини оширишга хизмат қилади.