Бу ҳақда Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълум қилди.

Қайд этилишича, лойиҳаларнинг 13 таси халқаро молия институтлари иштирокида, иккитаси эса давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.

Режалаштирилган маблағ ўзлаштириш ва йўл қуриш кўрсаткичлари 2025 йилга нисбатан 1,5 баробар, 2024 йилга нисбатан эса 1,8 баробар кўп.

Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида 9 та лойиҳа доирасида 110 километр автомобиль йўли реконструкция қилинди. Ушбу даврда 214,3 миллион долларлик ишлар бажарилиб, белгиланган режа 101 фоизга уддаланди.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўзлаштирилган маблағлар ҳисобидан бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Осиё тараққиёт банки иштирокида Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтувчи 4Р 105 ва 4Р 100 автомобиль йўлларининг 111 километрини реконструкция қилиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи А380 автомобиль йўлининг 25 километрини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармаси иштирокида Қашқадарё вилоятидан ўтувчи М39 автомобиль йўлининг 60 километрини реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи А380 — «Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу» автомобиль йўлининг 78 километрини реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Йилнинг январь–сентябрь ойларида йўл инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган бошқа лойиҳалар бўйича ҳам ишлар олиб борилди.

Улар қаторида Осиё тараққиёт банки иштирокида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш, А380 автомобиль йўлининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи 92 километрини реконструкция қилиш, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида Хоразм вилоятидаги D213 автомобиль йўлининг 84 километрини реконструкция қилиш лойиҳалари бор.

Бундан ташқари, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, Ислом тараққиёт банки иштирокида эса А373 — «Гулистон–Бўка–Ангрен–Қўқон–Андижон» автомобиль йўлига оид лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳаларнинг бир қисми бўйича тендер савдолари эълон қилинган, тўртта лойиҳа доирасида эса қурилиш ишлари бошланган.

Автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида 50 дан ортиқ хорижий ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказилди.

Айни пайтда халқаро молия институтлари, шунингдек, Туркия, Германия, Япония ва Хитойнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилмоқда.

Ҳамкорлик доирасида соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, халқаро тажриба алмашинувини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.