Ҳукуматнинг 2026 йил 19 октябрдаги 577-сон қарори билан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтмаган шахсларнинг тегишли мутахассислик бўйича тиббий ёки фармацевтика касбий фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.
Давлат рўйхатидан ўтказиш ваколати Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказига юкланади.
2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар тиббиёт ва фармацевтика ходимлари мутахассислиги бўйича ихтиёрий тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу махсус имтиҳон натижалари асосида ёки малака тоифасини бериш жараёнида автоматик равишда амалга оширилади.
Мутахассислиги бўйича камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражага эга ходимлар махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилади. Бироқ мурожаат санасига қадар ўз мутахассислиги бўйича уч йил ёки ундан ортиқ вақт давомида узлуксиз касбий фаолият олиб бормаган ходимлар бундан мустасно.
Давлат рўйхатидан ўтиш учун Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Тиббий малака платформаси орқали мурожаат қилиш мумкин.
Электрон аризалар дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, суткасига 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Ваколатли орган сўровномани беш иш куни ичида ўрганиб, талабгорни махсус имтиҳонга қўйиш ёки қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома электрон шаклда расмийлаштирилади. Унинг ҳақиқийлигини Тиббиёт ва фармацевтика мутахассисларининг ягона электрон реестри орқали текшириш мумкин. Гувоҳноманинг қоғоз шаклидаги асл нусхаси ёки дубликати берилмайди.
Давлат рўйхатидан ўтган ходимлар касбий фаолиятини давом эттириш учун ҳар беш йилда қайта рўйхатдан ўтиши лозим.
Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.