«Ўзгидромет» маълумотига кўра, 30 октябрь куни республика бўйлаб кам булутли ва илиқ об-ҳаво кузатилади. Ёғингарчилик кутилмайди, кундузи ҳаво ҳарорати 17–22 даражагача кўтарилади.

31 октябрь куни Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Кечга томон Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам ёғингарчилик кузатилади.

1 ноябрь куни кечаси ва эрталаб Фарғона водийси вилоятлари ҳамда Тошкент вилоятининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиши кутилмоқда. Баланд тоғларда ёғингарчилик қорга айланиши мумкин.

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кечалари асосан 5–10 даража, шимолий ҳудудларда 0–5 даража, кундузи эса 17–22 даража илиқ бўлади. Шарқдан эсадиган шамол тезлиги секундига 7–12 метрни ташкил этади.

Тошкент шаҳрида 30–31 октябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 1 ноябрь куни кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Пойтахтда шамол шарқдан секундига 3–8 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечалари 8–10 даража, кундузи 20–22 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.