Мазкур лойиҳа мамлакат темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Дастлабки 7 вагондан иборат поезд 2025 йил 10 декабрь куни Жанубий Кореянинг Чангвон шаҳридаги Масан портидан жўнатилиб, 2026 йил февраль ойида Ўзбекистонга олиб келинган эди.

Тўлиқ поезд таркибларини қитъалараро ташиш юқори даражадаги мувофиқлаштириш ва мураккаб логистика ечимларини талаб қилди. Жараёнда катта габаритли вагонлар учун махсус автотранспорт ва платформалардан фойдаланилди, транзит давлатларда юкларни шикастланишдан ҳимоя қилувчи технологиялар қўлланилди. Шунингдек, транзит, суғурта ва божхона расмийлаштируви ягона логистика занжири асосида мувофиқлаштирилди.

«Темирйўлкарго» АЖ халқаро мультимодал логистика оператори сифатида ташувни ишлаб чиқарувчи заводдан Ўзбекистондаги якуний манзилгача «эшикдан эшиккача» тамойили асосида ташкил этди.

Компания мутахассислари томонидан «Жанубий Корея — Хитой — Қозоғистон — Ўзбекистон» транзит йўналиши ишлаб чиқилди. Унда денгиз, автомобиль ва темир йўл транспорти имкониятлари ягона логистика тизимига бирлаштирилди.

Таъкидланишича, замонавий Hyundai Rotem тезюрар поездларининг паркка қўшилиши мамлакатда йўловчи ташиш хизматлари сифатини ошириш, темир йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш ҳамда ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.