Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” раҳбарияти, соҳанинг масъуллари, ҳамда оммавий ахборот воситаси вакилари ва блогерлар иштирок этди.
Анжуман
соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш,
эришилган натижаларни жамоатчиликка етказиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни
таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Матбуот
анжуманида таъкидланганидек, “Долзарб 100 кунлик” дастури қисқа вақт ичида
ўзининг амалий самарасини бера бошлаган. Хусусан, геология-қидирув, бурғилаш,
қазиб чиқариш, қайта ишлаш, инвестиция сиёсати ва ижтимоий йўналишларда тизимли
ўзгаришлар кузатилмоқда. Дастур доирасида, энг аввало, молиявий барқарорликни
таъминлаш, харажатларни мақбуллаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини
оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Келтирилган маълумотларга кўра,
сарф-харажатларни тизимли қисқартириш ва оптималлаштириш натижасида жорий
йилнинг дастлабки чорагидаёқ 2,5 триллион сўмлик иқтисодий самара қайд этилди.
Шунингдек, товар-моддий ресурслар ва хизматлар нархларини пасайтириш, дебитор
қарздорликларни ундириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри
музокаралар олиб бориш ҳисобига 1,8 триллион сўм маблағ тежалди.
Бу
борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг молия, трансформация ва
хусусийлаштириш бўйича биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев қуйидагиларни
таъкидлади:
—
“Бугунги асосий мақсадимиз молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, харажатларни
асосли равишда қисқартириш ва мавжуд маблағларни энг муҳим ишлаб чиқариш
йўналишларига самарали йўналтиришдан иборат. ‘Долзарб 100 кунлик’ дастури қисқа
муддатда аниқ натижалар бераётгани бунинг яққол исботидир,” —деди Суҳроб
Ҳамроев.
Шунингдек,
соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш орқали дастлабки уч ойда
уларни сақлаш харажатлари 30 миллиард сўмга қисқартирилди. Қурилиш ва бурғилаш
лойиҳалари қийматини оптималлаштириш ҳисобидан эса йил бошидан буён 438
миллиард сўм маблағ тежалди. Геология-қидирув ишлари ҳам янги
босқичгакўтарилмоқда. 2026 йилда жами 10 минг квадрат километр ҳажмда 3D
сейсмик ишлар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 4
баробар кўпдир. Шунингдек, ер қаъридан самарали фойдаланиш мақсадида 42 та
инвестиция блоки бўйича рухсатномалар олинди.
Бурғилаш
соҳасида жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” тарихидаги энг катта ҳажм кўзда тутилган.
Жами 102 та қудуқ бурғилаш режалаштирилган бўлиб, шундан 57 таси излов-қидирув,
45 таси эса ишлатиш қудуқларидир.
Қазиб
чиқариш йўналишида ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Жорий йил бошидан шу вақтга
қадар 17 та қудуқдан саноат миқёсида газ оқими олинди, Қорақалпоғистон Республикасида
эса 3 та янги кон аниқланди. Шунингдек, 29 та қудуқ таъмирланди ва 11 та
технологик тадбир амалга оширилди.
Қайта
ишлаш соҳасида ҳам барқарор ўсиш кузатилмоқда. Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг
қайта ишлаш бўйича ўринбосари Аброpжон Худойберганов ўз фикрларини билдириб
ўтди.
—
“Қайта ишлаш йўналишида асосий эътибор нафақат ҳажмни оширишга, балки маҳсулот
сифати, барқарорлик ва ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлашга қаратилган. Бугунги
натижалар изчил ва тизимли ишларнинг амалий самараси ҳисобланади,” — дейди
Аброржон Худойберганов.
Маълумотларга
кўра, жорий йилда жамият томонидан 4,789 миллиард куб метр тозаланган табиий
газ, 141,3 минг тонна газ конденсати, 152,9 минг тонна суюлтирилган газ, 48
минг тонна олтингугурт ҳамда 36,1 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқарилди. Аҳоли
ва ижтимоий соҳа объектларига 132,2 минг тонна суюлтирилган газ етказиб
берилди.
Шунингдек,
“Uzbekistan GTL” заводида синтетик нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш барқарор
йўлга қўйилиб, ўтган йилга нисбатан маҳсулот ҳажми 89,1 минг тоннага ошди, ўсиш
суръати эса 169 фоизни ташкил этди. Инвестиция сиёсати доирасида ҳар бир лойиҳа
унинг иқтисодий самарадорлиги ва стратегик аҳамиятидан келиб чиқиб
баҳоланмоқда.
Хитойнинг нуфузли CNPC корпорацияси таркибига
кирувчи компаниялар билан ҳамкорлик, замонавий ускуналар ва технологияларни
жорий этиш бўйича келишувлар шулар жумласидандир.
Тадбир
якунида соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги
вазифалар юзасидан журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар
томонидан батафсил жавоблар берилди. Умуман олганда, бўлиб ўтган ушбу матбуот
анжумани нефть-газ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодий
самарадорлик ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини жамоатчиликка етказишда муҳим
мулоқот майдони бўлди.
Зулхумор
Акбарова