Очилиш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати академик Акмал Саидов маъруза қилди.

         Анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ бўлинмаси ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида илгари сурган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий мероси бўйича БМТда махсус тақдимот ўтказиш ташаббуси ижроси доирасида ташкил этилди.

Анжуманнинг асосий мақсади халқаро ҳамжамиятни Мовароуннаҳрнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси билан таништириш, ўзбек халқининг маънавий ва илмий меросини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, илм-фан, таълим, маданият соҳаларида ҳамда маърифат ва бағрикенглик ғояларини илгари суриш борасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Конференцияда дипломатик корпус, халқаро илмий ва экспертлар ҳамжамияти, Ўзбекистоннинг давлат ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, шунингдек, хорижлик мутахассислар иштирок этди.

Очилиш маросимида БМТнинг Женевадаги бўлими Бош директори Татьяна Валовая, Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий вакили Элдиёр Тошматов, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.

Акмал Саидов ўз нутқида Ўзбекистон қадимий давлатчилик, бой ҳуқуқий маданият ва кўп асрлик илмий анъаналарга эга мамлакат эканини таъкидлади. Бунга маънавий ва ҳуқуқий маданиятнинг қадимий ёдгорлиги бўлмиш «Авесто», суғд ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек, ислом цивилизациясининг буюк мероси яққол далолат беради.

Мовароуннаҳрда шаклланган қуръоншунослик, ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги — фиқҳ, илоҳиёт ва тасаввуф илмий мактабларига алоҳида эътибор қаратилди. Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридийнинг жаҳон диний-фалсафий тафаккури ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятлар ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси эътироф этилди.

Минтақанинг илмий мероси алгебра, тиббиёт, астрономия, география, геодезия ва бошқа табиий фанлар соҳасидаги улкан ютуқларни ҳам қамраб олгани таъкидланди. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек номлари жаҳон илм-фани тарихида алоҳида ўрин тутади.

Нутқда Ўзбекистоннинг энг муҳим тарихий қадриятларидан бири бўлган бағрикенглик мавзусига алоҳида ўрин ажратилди. Асрлар давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди турли халқлар, динлар, тиллар ва маданиятлар туташган макон бўлиб келгани қайд этилди.

Миллатлараро, динлараро, тиллараро ва маданиятлараро бағрикенглик мамлакат тарихий меросининг ажралмас қисми бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос рамзларидан биридир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.

Конференциянинг илмий дастури доирасида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов Марказий Осиё алломаларининг илмий кашфиётлари ва Ислом цивилизацияси марказининг халқаро миссияси ҳақида маъруза қилди. Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блюм Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси меросининг умумбашарий аҳамиятини ёритиб берди.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Янги Ўзбекистонда маърифат ва бағрикенглик масалалари юзасидан сўзга чиқди. Германия вакили Кетлин Гёбел эса ислом цивилизациясининг маънавий ва адабий анъаналари ҳақида маъруза тақдим этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг чиқиши Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг илмий меросига бағишланди. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов буюк мутафаккир меросида бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларининг аҳамиятига тўхталди.

Ислом цивилизацияси ва Мовароуннаҳрнинг буюк алломалари меросига бағишланган кўргазма тадбирнинг муҳим қисмига айланди.

Конференция якунида илмий тадқиқотлар, маданий меросни асраш, таълим ва цивилизациялараро мулоқот соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази матбуот хизмати.