Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, 24 октябрь куни соат 03:30 ларда 75В040 автомобиль йўлининг 21–22-километрлари оралиғида тоғ жинслари кўчиши содир бўлган.

Ҳодиса жойига туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари, Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-ходимлари ҳамда махсус техникалар жалб этилган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида соат 07:30 га қадар йўл тоғ жинсларидан тўлиқ тозаланган ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракати тикланган.

Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида фуқаролар жабрланиши ёки транспорт воситаларига зарар етиши ҳолатлари қайд этилмаган.

Ҳайдовчилардан тоғли ҳудудларда ҳаракатланишда эҳтиёткор бўлиш, йўл белгилари ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш сўралган.