Бу Президентнинг 17 сентябрдаги «Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, лойиҳа доирасида Хитойнинг «China Civil Engineering Construction Corporation (CCECCва «Sevia Enviro Inc. (Henan Investment Groupкомпаниялари консорциуми инвестор сифатида иштирок этади. Лойиҳа бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда инвестор ўртасида 2026 йил 14 сентябрда инвестиция шартномаси имзоланган.

Лойиҳага кўра, 2026–2028 йилларда Жиззах вилоятида 130 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилади. Бу маблағлар ҳисобига кунига 1 минг тонна чиқиндини термик усулда қайта ишлаш орқали 110 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилиши таъминланади.

Шу билан бирга, лойиҳа доирасида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини «Ўзэнергосотиш» АЖга 30 йил давомида кафолатланган тарзда сотиш белгиланган. «Ўзэнергоинспекция» АЖ эса 30 йил давомида лойиҳа компаниясига қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатланган ҳажмда етказиб беришни таъминлайди.

Лойиҳа компанияси ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан электр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун зарур бўлган ҳаво электр узатиш тармоқлари ва тегишли инфратузилма объектлари қурилади.

Лойиҳа доирасида чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш ихтисослашган саноат зоналари ҳамда уларга туташ ҳудудларда амалга оширилади.

Қарорда Жиззах вилояти ҳокимлигига лойиҳани амалга ошириш учун Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги «Ғозғонтепа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 10,8 гектар ер майдони ажратиш вазифаси ҳам юклатилган.

Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун зарур инфратузилма объектларини қуриш ва молиялаштириш белгиланган тартибда ташкил этилади.

Қарор ижроси доирасида лойиҳа ҳужжатларининг экологик экспертизадан ўтказилиши, табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳамда инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатилади.