Ипак қурти мўъжизага қиёланади.  Зара тухумлардан ипак қурти жонланиб пилла ўраши-ю  ва  бу хом ашёдан минг тусда товлангувчи атлас, адрас каби матолар тўқилиши  ҳам асл мўъжиза.

Фарғона вилоят “Агро-Пилла” МЧЖ томонидан ташкил этилган пресс-турда ипак қурти етиштириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортга йўналтириш билан боғлиқ иш жаёнлар намойиш этилди.

Бугунги кунда вилоятда  пиллачилик йўналишида 6 та  кластерлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ерда ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш, қурт  уруғлари ва пилла етиштириш, хомашёни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш   ишлари  кундан кунга тараққий этиб бормоқда.

 – Йил сайин ипак қурти етиштириш, хом ашёни қайта ишлашга замонавий техника ва технологияларни татбиқ этяпмиз,– дейди вилоят “Агро-Пилла” МЧЖ бошқарув раиси Мақсуджон Қосимов.–Аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларга доимий даромад манбаини шакллантириш мақсадида касаначилик асосида ишлашга ўтяпмиз. Жорий йилнинг ўзида  97 минг нафардан ортиқ ишсиз аҳоли бандлиги таъминланган бўлса, 2023 йилда 100 мингдан ортиши кўзда тутилган.

 Вилоятдаги мавжуд 3692 гектар майдондаги тутзорлар 14771 нафар аҳолига 4 мавсум ипак қурти боқиб, пилла етиштириш билан бандлигини таъминлаш,  тутзор катор орасидан иккиламчи фойдаланиш орқали даромадларини ошириш учун оилавий пудрат шартномаси асосида 10-30 сотихдан бириктириб берилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати,  вилоятда парваришланадиган ипак қурти уруғлари 2017 йилдан буён “Фарғона тут ипак қурти уруғчилик корхонаси” МЧЖ ва “Марғилон муқобил ипак қурти уруғчилик” МЧЖларида тайёрланмоқда. Натижада   юқори  ва сифатли пилла ҳосилиш олишда ўзига хос   имкониятлар яратилди. Ушбу корхоналарда жорий йилда жами 60 минг қути ипак қурти уруғлари тайёрланиши режалаштирилган.

Ипак қуртларининг наслли зотлари “Фарғона пилла наслчилик” МЧЖда тайёрланади. Бу ўз навбатида хориждан ипак қурти уруғи импортига чек қўймоқда. Бундан ташқари, озуқа базасини мустаҳкамлаш учун кам сув талаб қилувчи ва серҳосил тут навларини оммалаштиришга эътибор қаратиляпти.

Пресс-тур қатнашчилари “Нурли тонг силк” МЧЖда ипак қурти уруғини саралашдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараён билан яқиндан танишишди.   Корхонада 120 нафар ишчи фаолият олиб боради.  Шу кунга қадар  Ҳиндистон, Вьетнам, Россия каби давлатларга  умумий қиймати  3  млн. АҚШ  доллар ҳажмида масҳулот турлари экспорти амалга оширилди.

Маъулмот ўрнида айтганда, вилоятдаги пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 249 тонна хом ипак, 154,9 тонна ипак момиғи, 536,5 минг погонометр ипак мато, 340 дона ипак гиламлари тўқилди. Мавжуд пиллачилик кластерлари томонидан  9 млн. 254 минг АҚШ доллари миқдорида  ипак махсулотлари экспорт қилинди.

 

                                                               Расулжон Камолов,

                                                 “Янги Ўзбекистон” мухбири