Президентнинг “Истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш ва тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳа ҳамкорлари — Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Адлия вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ватандошлар” жамғармаси.
Дастур давлат органлари ва ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантиришда номзодларни кўп босқичли танлов асосида саралаб олиш ҳамда бошқарув кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.
Унга мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб:
▫️дастур доирасида ҳар икки йилда бир марта 100 нафар салоҳиятли бошқарув кадрлари танлов асосида саралаб олинади, улар базавий ҳисоблаш миқдори 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади, махсус ўқув дастури асосида ўқитилади, маҳаллий ва хорижий стажировкага юборилади;
▫️дастурда олий маълумотга ва тегишли соҳада камида беш йил иш тажрибасига эга, 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган (40 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши мумкин;
▫️дастурни муваффақиятли якунлаган ғолиблар миллий кадрлар захирасига киритилади ҳамда раҳбарлик лавозимларига тавсия этиб борилади;
▫️республика комиссияси дастурни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга доир барча чора-тадбирларни амалга оширишга умумий раҳбарлик қилади;
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги республика комиссияси ташкилий масалалар бўйича, академия унинг методик масалалар бўйича ишчи органи ҳисобланади.
Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 16 декабрига қадар давом этади.