Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, пойтахтимизда бўлиб ўтаётган «III Тошкент халқаро инвестиция форуми» доирасида Транспорт вазири Илҳом Махкамов Саудия Арабистонининг «Vision Invest» компанияси раҳбари Омар ал-Мидани билан учрашув ўтказди.

Учрашувда транспорт инфратузилма лойиҳаларини ДХШ асосида амалга ошириш ва ушбу йўналишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Компания Андижон халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, ўз маблағи ҳисобидан реконструкция қилиш ва уни келажакда замон талаблари асосида бошқариш истагини билдирди.

Музокаралар натижасига кўра, инвестор олти ойгача бўлган даврда ўрганишлар ўтказиши ҳамда лойиҳа таклифларини тайёрлаши бўйича дастлабки Келишув имзоланди.