Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Афғонистоннинг «Kam Air» компанияси раҳбари Омар Муҳаммад Сулаймон бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда «Uzbekistan Airports» АЖ Тижорий фаолият департаменти бошлиғи Тимур Халилов ҳам иштирок этди.

Мулоқотда 26–27 июль кунлари Фарғона вилояти делегациясининг Афғонистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, авиация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Фарғонада янги халқаро авиакомпания ташкил этиш ташаббуси юзасидан фикр алмашилди. Лойиҳани амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар, зарур инфратузилмани шакллантириш ва хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш учун тегишли ташкилотлар ва мутахассислар иштирокида ишларни халқаро стандартлар асосида ташкил этиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича кейинги қадамлар келишиб олинди.