Тақдимотда миллий ижтимоий суғурта тизимини халқаро ҳужжатларга уйғунлаштириш таклифи ҳам кўриб чиқилган, унга кўра, энди расман иш билан банд бўлган барча шахсга нафақа босқичма-босқич Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан тўланиши айтилганди.

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 декабрда қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонуни билан эса давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими босқичма-босқич амалиёт­га жорий этилади. Аҳолини ижтимоий ҳимояга кенгроқ қамраб олиш нафақат молиявий қўллаб-қувватлов, балки кам­бағалликнинг олдини олишга қаратилган самарали механизм сифатида ҳам муҳим.

Иш берувчилардан молиявий юкнинг олиниши

Таҳлилларга кўра, ўтган йилларда бюджет ташкилотларида ишловчи аёллар тўлиқ ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақаси билан таъминланган. Хусусий секторда ишловчиларнинг учдан бир қисмигина ушбу нафақани олишга муваффақ бўлган. Аксарият ҳолатларда тадбиркорлар аёл ходимларни туғуруқ даври яқинлашганда ишдан бўшатган ёки иш берувчи нафақани тўлашдан бош тортган.

— 2026 йил 1 январдан меҳнат қила­ётган барча аёл, ишлаётган ҳамма фуқаро давлат ижтимоий суғуртаси доирасида ҳо­миладорлик ва туғиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси билан таъминла­ниши қонунда мустаҳкамланди, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳаммаджонова. — Шу йил 1 январдан ҳомиладор­лик ва туғуруқ, 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси фуқаро­ларга проактив шаклда, яъни мурожаат та­лаб қилинмаган ҳолда белгиланади.

Энди ижтимоий тўловлар билан боғлиқ молиявий юкнинг иш берувчилар зимма­сидан олиб ташланиши янги тизимнинг яна бир муҳим жиҳати. Бу тадбиркорлар­га ўз ресурсларини иш ўринлари очиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва биз­несни ривожлантиришга йўналтириш имконини беради. Илгари мазкур нафақа­ларни тўлаш мажбурияти иш берувчилар зиммасида бўлгани сабабли улар маҳсулот ёки хизматлар таннархига салбий таъсир кўрсатиб, бозордаги рақобатбардошлик­ни пасайтирган. Айрим ҳолларда эса харажатларни қисқартириш мақсадида ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилмас­лик ёки ишдан бўшатиш каби салбий ҳо­латлар кузатилган. Шунинг учун ҳам кўплаб ҳомиладор аёллар ташкилотларга иш сўраб боришдан тортинган. Янги тизим бу каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.

Расмий бандлик рағбатлантирилади

Давлат ижтимоий суғуртаси тизими расмий бандликни ҳам рағбатлантиради. Чунки нафақалар фуқароларнинг суғур­та стажига боғлиқ ҳолда тайинланади. Яъни инсон қанчалик узоқ муддат расмий ишлаб, суғурта тизимида иштирок этса, ижтимоий ҳимояси шунчалик мустаҳкам бўлади.

— Янги йилнинг биринчи кунидан бошлаб ижтимоий суғуртанинг янги тизи­ми жорий этилиб, Давлат ижтимоий суғур­та жамғармаси ташкил этилди, — дейди жамғарма ижрочи директори Нодир Мус­лиддинов. — Ташкилотимизнинг асосий мақсадларидан бири — ихтиёрий ва маж­бурий тартибда йиғиладиган бадал тўлов­ларини жамлаш ва суғурта ҳодисаси юзага келган фуқароларга суғурта нафақасини тайинлаб, ўз вақтида тўланишини таъмин­лаш. Бадал тўлаш мажбурий ва ихтиёрий шаклда бўлади. Мажбурий шаклда Ўзбе­кистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан миқдори (став­каси) белгиланадиган жисмоний шахслар­дан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан, ихтиёрий бадал меҳнат­га ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 фоизини ҳар ой жамғармага тўлаб бориш билан амалга оширилади.

Янги тизим жорий этилиши туфайли 2026 йилда бюджет ташкилотларида ишлов­чи қарийб 2,2 миллион, хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллиондан ортиқ фуқаро, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган ва норасмий секторда фаолият юритувчи 7 миллиондан ортиқ шахс давлат ижтимоий суғурта тизимига қамраб олини­ши режалаштирилган.

Шунингдек, Давлат ижтимоий суғур­та жамғармаси орқали 2026 йилда суғур­таланган 165 минг шахсга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, 1 июлдан бошлаб эса 500 мингга яқин суғурталанган шахсга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари фуқароларнинг мурожаати­сиз, проактив шаклда тўлаб берилиши кўзда тутилмоқда.

Рақамлаштириш шаффофликни таъминлайди

Янги тизимнинг замонавийлиги тў­лиқ рақамлаштирилганида ҳам кўринади. Бу эса нафақаларнинг электрон тарзда, фуқаролардан қўшимча ҳужжат ёки му­рожаат талаб этилмаган ҳолда автоматик тайинланишига хизмат қилади. Ўз-ўзидан шаффофлик таъминланади, ортиқча бюро­кратик омиллар қисқаради ва инсон ишти­роки ҳам камаяди.

Шу ўринда қисқа муддат (2026 йил январь ойи)даги амалиёт натижаларига эътибор қаратсак. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича Давлат ижтимоий суғур­таси жамғармасига 11,6 мингта касаллик варақаси келиб тушган. Шундан 9 минг таси (77,5 фоизи) бўйича 103,5 миллиард сўм миқдоридаги нафақа тайинланган. Қолган 2,6 мингта меҳнатга лаёқатсизлик варақасидан 1,6 мингтаси (14 фоизи) бўйича фуқаролар расмий банд бўлмагани ёки суғурта стажи етарли эмаслиги сабаб­ли нафақа тайинлаш рад этилган. Қолган варақалар юзасидан нафақа тайинлаш ёки рад этиш масаласи бўйича ўрганиш ишла­ри давом этмоқда.

Нафақа тайинлангани, тўлангани ёки рад этилгани ҳақида касаллик варақасида кўрсатилган мобил телефон рақамларига тегишли SMS хабарномалар юборилаёт­гани ҳам фуқароларни ортиқча оворагар­чиликдан халос этади. Бу ҳам инсон қадри амалда таъминланаётгани ифодасидир. Зеро, биргина мана шу хабардорлик учун ҳам яқин-яқингача одамлар тегишли идо­раларга йўл ҳақи ва вақт сарфларди.

Давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими шунчаки тўловлар механизми­ни ўзгартириш эмас, балки инсон қадри, ижтимоий адолат ва давлатнинг фуқаро олдидаги масъулиятини амалда намоён этувчи муҳим ислоҳотдир.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири