Инсоният яралибдики, унинг қалби ана шу сирли оҳанглар, юрак туғёнларига жўр.
Нурота тоғ тизмаларида жаранглаётган, кўҳна Форишни, унинг меҳнаткаш одамларини улуғлаётган бу қадим оҳанглар “Боғдон гуллари” таратаётган ифордир. Ўз юртини севиб, жондан куйлаётганлар қадим ота-боболару момолардан мерос удумлар, урф-одатлар, ўлану лапар, xалқ қўшиқларини сайқаллаб, маданиятимиз, санъатимиз xазинасига ҳисса қўшишда xизмат қилиб келмоқда.
Бугунги кунда даста иштирокчилари 18 нафарни ташкил этади. Уларга бадиий ва мусиқа раҳбарлари фольклор санъати сирларини ўргатиб келмоқда. Унинг дастуридан ҳудудга хос миллий удумларни ўзида мужассам этган “Гаштак кўпкари”, “Йил боши”, “Кокил тўй” маросимлари, байрамларга бағишланган “Наврўз сайли”, “Тут сайли”, “Лола сайли” дастурлари, xалқ қўшиқларидан “Бўшама”, “Бер барака”, “Қарқара қушим”, “Бир пари”, кабилар, “Ёзи кал” ўлан айтишувлари ўрин олган. Шунингдек, “Ватан бу”, “Шундай гўзал замона”, “Наврўз келди элимга”, “Ўлкамда байрам”, “Наврўзимга салом”, “Юртимда шодиёна”, “Ларзонгул” каби янги талқиндаги бир қанча қўшиқлар улар томонидан ижро этиб келинмоқда.
— Маданият ва санъатнинг пайдо бўлиши, ривожланиши кишилик жамиятининг энг қадимий босқичларига бориб тақалади, — дейди бадиий рахбар Баҳром Мавлонов. — У инсоннинг келиб чиқиши билан узвий боғлиқ. Бугунги кунда “Боғдон гуллари” репертуаридаги туман ҳудудига хос xалқ оғзаки ижоди намуналарида барча қадрият ўз аксини топган. Дастлаб жамоа Зафар Жумаев раҳбарлигида 1978 йил “Сайёд” номи билан ташкил этилган. Бу даврда мусиқачи Ш.Қосимов ва иштирокчилар Мунаввар ота Акромов, М.Қўндиева, А.Турсунмуродова, Т.Бобонова, X.Комилова, Я.Эрйигитова, М.Камолова, У.Камолова, Г.Эшонқулова, Т.Эшонқулова, Н.Келдиёров, Т.Жумаева, Н.Камолов, А.Отабуллаев, К.Одилова, К.Тилабов xалқ қўшиқларини тўплаш ва уларни ижро этиш билан шуғулланган. Натижада жамоа репертуари кун сайин ортиб, туманга xос миллий удумлар, маросим қўшиқларини йиғиб, уларни янги талқинда саҳнага олиб чиққан. Даста 1982 йилдан бошлаб “Боғдон гуллари” номи билан фаолият юрита бошлади. Бир неча йиллардан буён турли кўрик-танловларда, нуфузли фестивалларда иштирок этиб келмоқда.
2018 йилда жамоа Қашқадарё вилоятида илк маротаба ўтказилган Биринчи халқаро мақом фестивалидаги фаол иштироки учун фаxрий ёрлиқ билан мукофотланди. 2020 йилнинг 11-13 июль кунлари Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” xалқаро фольклор мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Унда “Боғдон гуллари” ўзининг “Дарвишона” маросими билан иштирок этди. Жанубий Корея, Франция, Италия, Эрон, Ҳиндистон ҳамда юртимиз ҳакамлари ҳайъати томонидан халқаро кўрик-танлов иштирокчилари баҳоланиб, “Фаол фольклор жамоаси” номинациясига эга бўлди. Диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бугунги кунда нафақат қўшиқлар устида ишлаш, балки ёш авлодни ансамблга жалб этиш, уларга кўҳна Фориш халқининг урф-одатлари, миллий қўшиқлари ва халқ ўйинларини ўргатишни мақсад қилган.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА