Янги ўқув йилидан Когон шаҳридаги 17- ва Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳамда Олот туманидаги 31- ва Пешку туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаблари негизида математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар фаолият бошлайди.

Ушбу мактаблар туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан оталиққа олинган бўлиб, айни пайтда уларни янги ўқув йилига тайёрлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш борасида қизғин иш олиб бориляпти.

Айни пайтда Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида ташкил этилаётган математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида. Эндиликда илм маскани тамоман замонавий кўриниш ва қулай шарт-шароитларга эга бўлади. Кенг ва шинам синф хоналари, фан кабинетлари ҳамда лаборатория хоналари барча зарурий жиҳозлар билан таъминланади.

Янги ўқув йилида мазкур илм масканида математикага ихтисослаштирилган 2 та синфда 60 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган. Ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари бошланган.

-Ахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси билан келишилган ҳолда мактабда IT-park филиали ҳам жойлаштириладиган бўлди, -дейди илм маскани директори Вали Сулаймонов. – Бунинг учун учта хона ажратилиб, жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. IT-parkда оптик толали кабеллар тортилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғи билан ишлаш имкониятининг яратилади.

Ўтган ўқув йилидан Олот иқтисодиёт коллежи биносида фаолият юритаётган 17-умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган математикага ихтисослаштирилган мактаб тўлиқ таъмирланган ва моддий техник базаси шакллантирилган.

Янги ўқув йилида мактаб математикага ихтисослаштирилган 1 та синфда 30 нафар ўқувчи қабул қилишни режалаштирган. Шу кунга қадар ҳужжат топширган ўқувчилар сони 65 нафарни ташкил этади. Ихтисослаштирилган синфга ўқувчилар тест синовлари асосида қабул қилинадилар, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.