Жумладан, ушбу инновацион лойиҳа доирасидаги "Karvon Shopping Centre" савдо мажмуаси биносининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида турибди.  

Хусусан, куни-кеча вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шахриёров бошчилигидаги қатор масъуллар мазкур объектлар қурилиши олиб борилаётган майдонга ташриф буюриб, сўнгги қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, лойиҳанинг ўз вақтида ва мукаммал даражада якунланиши бўйича зарурий таклиф ва тавсиялар берилди. 

Америкалик инвесторлар ва маҳаллий ташаббускор тадбиркорлар томонидан барпо этилаётган йирик мажмуа энг сўнгги замон талабларига мос равишда ташкил этилмоқда. Мазкур савдо мажмуаси 1717 та халқаро брендлар ва ҳунармандлар учун савдо дўконлари, 36 та умумий овқатланиш шунингдек, 100 дан ортиқ маиший ва техник хизмат кўрсатувчи шахобчалари, авиа ва темир йўл кассалари, банк филиаллари, кўнгилочар ва ахборот марказларини ўз ичига олади.

Ўйлаймизки, мажмуа ишга туширилгач, маҳаллий аҳоли ва вилоятимиз меҳмонларини харид ва дам олиш мақсадида жалб қилувчи севимли манзилига айланади. Айниқса, shopping-centre ишга тушиши Бухоронинг туризм салоҳиятининг янада ошишига, меҳмон ва сайёҳларнинг қўшимча яна бир кун қадим шаҳарда қолишига, уларнинг вақтларини қизиқарли ва мароқли ўтишига хизмат қилади.

Умумий қиймати 50 млн долларни ташкил этадиган мазкур объект, вилоят иқтисодиёти ўсишида муҳим аҳамият касб этиб, кўплаб тадбиркорларимиз учун қулай имкониятлар яратилиши ва маблағлар легаллаштирилишига замин яратади. Қолаверса, ушбу объект фаолияти йўлга қўйилгач, келгусида 6500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. 

Шаҳар ичра мўжаз шаҳар - "Bukhara city" мажмуасида жойлашган "Кarvon Shopping Centre" фойдаланишга топширишга шай турган бир пайтда, мазкур мажмуанинг яна бир иншооти бўлмиш 12 қаватли "IT-park" ҳудудида замонавий, йирик меҳмонхона биносига тамал тоши қўйилди.

Мазкур 9 қаватли меҳмонхонанинг умумий ер майдони 1,44 га бўлиб, майдони 4000 км.ни ташкил этади. Объектнинг умумий қуввати 400 иш ўрнига мўлжалланган бўлиб, у 250 ўринли конференц зали, 100 дан ортиқ янги IT корхоналар, 500 дан ортиқ фрилансерлар, 200 та электрон-тижорат, қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллектдан иборат Startup-лойиҳаларни ўзида мужассам этади. Мажмуа қуриб битказилгач, 35000 нафар тингловчиларни ўз бағрига сиғдириб, 1000 дан ортиқ давлат хизматчилари малакасини оширишга хизмат қила олади.

Қатор нуфузли ҳамкорлар билан биргаликда йўлга қўйилган ушбу лойиҳанинг якуний босқичида 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.