Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан гендер тенгликни таъминлашга қаратилаётган устувор эътибор натижасида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оилада ва жамиятда мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Юртимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда муносиб эътироф этилаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Хусусан, куни кеча Парламентлараро иттифоқ расмий веб-саҳифаси 2021 йил учун “Сиёсатда аёллар” инфографикасини эълон қилди. Унда аёлларнинг турли мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматларидаги вакиллигига оид статистика маълумотлари келтирилган. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёда 45-ўринни эгаллаб турибди. Республикамиз шу маънода ПИ (Парламентлараро иттифоқ)га аъзо 130 дан ортиқ давлат, жумладан, Германия, Австралия, Канада, АҚШ, Марказий Осиё мамлакатларидан ўзиб кетди.
Бундан ташқари, республикамиз аёллар парламентга раҳбарлик қиладиган ва ҳукумат таркибига кирадиган давлатлар рўйхатига киритилган. Қайд этиш керакки, хорижлик ҳамкорлар Сенат Раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилаётган Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия фаолиятини юқори баҳоламоқда. Албатта, бу ютуқлар юртимизда инсон манфаатларини муҳофазалаш, очиқ фуқаролик жамияти, демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг ўзига хос натижасидир.
Айтиш керакки, сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам гендер тенглик масалаларида муайян натижаларга эришилмоқда. Шунга қарамай, дунё миқёсида баъзан аёлларнинг иш топиши, ўз бизнесини очиши ва иқтисодий қарорлар қабул қилиши бироз қийинроқ кечиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса нафақат уларнинг оилалари, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам салбий оқибатларга олиб келади.
Жаҳон банкининг 2019 йили эълон қилинган “Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ” ҳисоботида қайд этилган бу ҳақиқат бугунги пандемия даврида янада долзарблик касб этмоқда. Демак, гендер тенглик шунчаки аёллар манфаатига хизмат қиладиган омил эмас, балки бутун мамлакат, таъбир жоиз бўлса, жамият манфаатдор бўлган масала.
Шу ўринда халқаро тажрибадан бир мисол келтирайлик. Bloomberg агентлиги яқинда эълон қилган тадқиқотга кўра, шу пайтгача хотин-қизлар сегрегацияси энг кучли ҳисобланган Саудия Арабистонида ишлаётган аёллар сони барқарор ортиб бормоқда. Шуниси эътиборлики, Саудия Арабистонида ишсиз аёлларнинг учдан икки қисмидан ортиғи бакалавр ва ундан юқори илмий даража эга. Бундай ҳолатда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтиришнинг мантиқи оддий: йиллар давомида давлат уларнинг таълимига инвестиция киритган, энди бу ўзини оқлаши керак. Шундан келиб чиқиб, мамлакат ҳукумати аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсатини юритмоқда.
Албатта, гендер тенглик мавзусига турли нуқтаи назардан қараш мумкин. Гарчи биз ҳозир бутун дунё учун долзарб бўлиб турган иқтисодий ёндашувдан бошлаган бўлсак-да, бу масаланинг жамият учун ҳаётий муҳим томонлари жуда кўп. Шу жиҳатдан Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўн бешинчи ялпи мажлисида маъқулланган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси, аввало, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва равнақи томон қўйилган муҳим қадам бўлди.
Шуниси эътиборлики, Ўзбекистонда маъқулланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси айнан парламент ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган биринчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга айнан қонун чиқарувчи ҳокимият даражасида, қонунлар ижросини назорат қилувчи институт миқёсида алоҳида эътибор қаратилаётганидан, бу йўналишда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар реал воқеликни ўзгартираётганидан далолатдир.
Ҳужжатда гендер тенгликни таъминлашнинг асосий тамойиллари сифатида қонунийлик, демократия, очиқлик ва ошкоралик санаб ўтилган. Шу билан бирга, ҳужжатнинг асл моҳияти шундаки, унда белгиланган муддатгача гендер тенгликка эришиш учун қандай йўналишда ишлаш ва қандай мақсадларга эришиш лозимлиги аниқ белгилаб берилган. Бу жуда муҳим. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчисидир.
Шу ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди ва шу кўрсаткич бўйича ТОП-50 рўйхатидаги мамлакатлар сафидан жой олди (парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етиб, дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди).
Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди (6 нафар аёл ҳоким, 1 нафари элчи этиб тайинланди). Бугунги кунда 81 та вазирлик ва идорада илғор, етакчи, билимли аёллардан иборат 15 мингдан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди. Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий этилди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиши учун шартнома тўловларини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилди. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6,9 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
Соҳадаги ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 давлат қаторига киритилди ва 5 поғона юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни (2019 йилда 139-ўрин) эгаллади.
Бу йўналишда эришилган ютуқларимиз билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳам кўзга ташланади. Жумладан, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишдаги иштироки етарли эмас. Қолаверса, таълимнинг энг талаб кўп йуналиши – муҳандис-техник ва ҳуқуқшунослик соҳаларида аёллар улуши ҳамон кам (24 фоиз).
Ташқи ва ички миграциянинг гендер жиҳатлари, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш механизмлари тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам лозим даражада эмас. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳам асосан шу муаммоларни бартараф этиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида олдимизда турган вазифалар ижросига қаратилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат билан бир қаторда, уни амалга оширишга қаратилган 37 банддан иборат чора-тадбирлар дастури ҳамда баҳолашнинг 61 та мақсадли кўрсаткичи ишлаб чиқилди.
Жумладан, стратегияда хотин-қизларнинг давлат бошқаруви жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш назарда тутилмоқда. Алоҳида дастурлар асосида захирадаги хотин-қизларни тизимли ўқитиш орқали уларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиб бориш, сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга сайловларда номзод кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланганини мониторинг қилиш каби чоралар ҳам стратегиядан ўрин олган. Шунингдек, барча давлат органлари, ташкилотларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва эркаклар, уларнинг эгаллаб турган лавозимлари тўғрисидаги маълумотларни ташкилотнинг расмий сайтига жойлаштириш амалиётини йўлга қўйиш ҳам жойларда гендер тенгликка эришишга хизмат қилади.
Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва фаоллигини қўллаб-қувватлаш стратегиянинг юртимиз тараққиётига дахлдор яна бир жиҳати. Бунинг учун аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг молиявий ресурсларга, жумладан, кредит олишга бўлган имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Хотин-қизлар, айниқса, чекка ҳудуддаги аёллар бандлигини таъминлаш, турли ўқув муассасаларининг битирувчи қизларини касбга ва хорижий тилларга ўқитиш ҳам режалаштирилган. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, нотинч оилалардан бўлган иқтидорли қизларни аниқлаб, интеллектуал ва стартап лойиҳаларга жалб қилиш уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлади.
Албатта, стратегиянинг қабул қилиниши бизга нима беради, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга жавоб аниқ. Стратегия амалга оширилиши натижасида аҳолининг деярли ярмини ташкил қилувчи хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва бандлигини таъминлаш орқали иқтисодий тараққиёт янада жадаллашишига эришилади. Қолаверса, давлат ва жамият қурилишида хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та конвенциясини ратификация қилиш ҳам шулар жумласидан.
Шунингдек, сиёсий партияларнинг раҳбарлик лавозимларида хотин-қизларнинг улушини 30 фоиздан 50 фоизга, бошқарув лавозимларида ишловчи хотин-қизларнинг улушини 26 фоиздан 30 фоизга, судьялар орасида 12 фоиздан 30 фоизга оширишга эришилади. Бундан ташқари, барча давлат органларидаги хотин-қизлар ва эркаклар тўғрисида очиқ маълумотлар юритилиши таъминланади, гендер статистикаси ва гендер аудит юритиш тизими такомиллаштирилади. Мақсадли кўрсаткичларга ўз вақтида эришилишини таъминлаш мақсадида 2023 йилдан ҳар йили чора-тадбирлар дастури қабул қилиб борилади.
Албатта, мавзу долзарблиги жиҳатидан мазкур ҳужжат ва умуман гендер тенглик масаласида узоқ сўз юритиш мумкин. Шу билан бирга, мамлакатимиз учун тарихий аҳамият касб этган ушбу стратегияни рўёбга чиқариш ҳам изчил ва тизимли жараён эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунинг учун давлат ва жамиятнинг, айнан фуқаролик жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари талаб этилади. Бунда, айниқса, жамиятда ҳанузгача муқим бўлган эски қолип тушунчалардан воз кечиш, хотин-қизларимизнинг, аввало, ўзларига бўлган муносабатларини ўзгартириш, қолаверса, уларда фуқаролик масъулиятини кучайтириш каби мақсадларга биргаликдаги ҳамкорлик орқали эришилади.
Пировардида бу ҳаракатлар юртимиз равнақини таъминлайди. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси эса бу йўлда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Малика ҚОДИРХОНОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар
ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси