Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 мартдаги Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, ҳудудларнинг эпидемиологик осойишталигини сақлаш, соғлом турмуш тарзи ва санитария- гигиеник маданиятни тарғиб қилган ҳолда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида қабул қилинган фармойишига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Бу йилги умумхалқ хайрия ҳашари “Обод ва кўркам маҳаллам” шиори остида ўтказилаётганида катта рамзий маъно бор. Зеро, миллий қадриятларимизнинг муҳим кўриниши бўлган маҳалла ва ҳашар қадрияти замирида халқимизнинг бой тарихи, бебаҳо  маънавий урф-одат ва анъаналаримиз, халқимизнинг инсонийлик, олижаноблик, меҳр-саховат каби эзгу фазилатлари мужассам. Бу тадбирларнинг айнан Наврўз умумхалқ байрами арафасида ўтказилиши эса   янада чуқур маъно ва мазмун касб этади.

Зеро, шу кунларда юртдошларимиз Наврўз байрамини муносиб нишонлашга қизғин тараддуд кўрмоқда. Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллаларида байрамолди тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.  Бугун ўтказилаётган “Обод ва кўркам маҳаллам”  умумхалқ хайрия ҳашари ҳам байрамолди тайёргарликнинг бир босқичидир. Ҳашарда Ватанимизни янада обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш, хиёбонлар, зиёратгоҳ, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш режалаштирилган.

“Маҳалла” хайрия жамоат фондидан маълум қилишларича, ўтказиладиган хайрия ҳашари давомида 10 минг гектарга яқин ер-майдонларни ободонлаштириш, 5 минг километрга яқин ариқ ва лотокларни тозалаш, 9000 дан ортиқ қабристон ва 860га яқин зиёратгоҳларни ободонлаштириш режалаштирилган, 500 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Шунингдек, маҳаллаларда гул кўчатларини ўтқазиш, дарахтларни оқлаш ва уларга шакл бериш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳашар кунлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурувват ёрдамлари кўрсатилади. Жумладан, 3 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларнинг 30 минг кв.метрга яқин уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланади. Шунингдек, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ногиронлар, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.

Хайрия ҳашари доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудлардаги корхона, ташкилотлар, деҳқон ва буюм бозорлари, умумий овқатланиш шаҳобчалари ва бошқа жамоат жойларининг санитария ҳолатини яхшилаш ва чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш бўйича тегишли тадбирлар белгиланган.

Баҳор ХИДИРОВА,

                                                      “Янги Ўзбекистон” мухбири