Ер юзидаги барча тирик мавжудотнинг ҳаёти, инсон саломатлиги ва турмуш сифати, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, саноат ва энергетика тизимларининг барқарор фаолият юритиши айнан шу бебаҳо неъмат билан чамбарчас боғлиқдир.
Иқлим ўзгариши яъни қурғоқчилик, ҳароратнинг кўтарилаётгани, дунё аҳолисининг ўсиб бораётгани ва истеъмолнинг ортаётгани, саноат ва қишлоқ хўжалиги туфайли дарё ва ер ости сувларининг ифлосланаётгани, ресурслардан самарасиз фойдаланилаётгани ва ривожланмаган мамлакатларда сувни тозалаш ва тақсимлаш учун инфратузилманинг йўқлиги сув захираларининг камайишига ва дарёларнинг саёзлашишига олиб келмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти университетининг Сув, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш институти “сув стресси” ва “сув инқирози” каби атамалар дунёнинг кўплаб минтақаларида сув танқислиги билан боғлиқ ҳолатни тўлиқ ифодалаб бера олмаслигини маълум қилди. Шу боис, олимлар эндиликда “сув банкротлиги” атамасини қўллашни таклиф қилмоқда. Улар буни сайёрамиз аллақачон “глобал сув банкротлиги” ҳолатида эканлиги билан изоҳлади ва бу борада ўз ҳисоботини эълон қилди.
Мазкур атама бежиз киритилаётгани йўқ. Гап шундаки, бугун глобал миқёсда истеъмол қилинаётган, сарфланаётган сув миқдори унинг тикланиш ҳажмидан ошиб кетмоқда. Кўплаб ҳавзалар ва ер ости сув қатламларида узоқ муддатли сув истеъмоли қайта тикланадиган сув оқимлари ҳамда хавфсиз камайиш меъёридан ошиб кетди ва баъзи сув ва табиий ресурслар – дарёлар, кўллар, сув қатламлари, ботқоқликлар, тупроқлар ва музликлар шу қадар зарар кўрдики, уларнинг тўлиқ тикланиши имконсиз. Ана шу жараённи ифодалаш учун ҳам айнан шу атамадан фойдаланишга қарор қилинди.
Маълумотларга кўра, чучук сув дунё сув захирасининг атиги 2,5-3 фоизинигина ташкил этади, холос. Тағин чучук сувнинг 90 фоизи музликларда сақланади.
Бугунги кунда миллиардлаб одамлар сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Дунё аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми сув танқислиги ёки жиддий сув тақчиллиги мавжуд бўлган мамлакатларда яшайди. Тахминан 2,2 миллиард киши ҳали ҳам хавфсиз ичимлик суви, 3,5 миллиард киши хавфсиз санитария шароитларига эга эмас, тахминан 4 миллиард киши йилига камида бир ой жиддий сув танқислигини бошдан кечиряпти.
1970-йилдан бери глобал музликлар ҳажми 30 фоиз кўпроққа қисқарган, тоғ тизмаларида келгуси ўн йилликларда мавжуд музликлар эриб кетиши мумкин.
Ер усти сув таъминоти кескин камайиб бормоқда. Ҳозирги кунда тобора йирик дарёлар денгизга етиб бормаяпти ёки йилнинг муҳим даврида уларнинг сув миқдори меъёрдан анча паст. Дунёдаги энг йирик кўлларнинг ярмидан кўпи 1990-йилларнинг бошларидан бери сувсиз қолди, бу эса сув хавфсизлиги учун уларга бевосита боғлиқ бўлган дунё аҳолисининг чорак қисмига таъсир кўрсатди.
Ботқоқликлар ҳам камайиб бораётир. Сўнгги 5 – 10 йил ичида дунё тахминан 410 миллион гектар – деярли Европа Иттифоқи ҳудудига тенг табиий ботқоқликларни йўқотди. Ушбу ботқоқликларнинг йўқолиб кетиши 5,1 триллион АҚШ долларидан ортиқ зарар келтирди, бу тахминан дунёнинг энг камбағал 135 та мамлакатининг йиллик ялпи ички маҳсулотига тенг.
“Ушбу ҳисобот ноқулай ҳақиқатни очиб беради: кўплаб минтақалар ўз гидрологик имкониятлари доирасидан ташқарида яшамоқда, асосий сув тизимларининг аксарияти эса аллақачон “банкрот” ҳолатга келиб қолган”, деди ҳисоботнинг етакчи муаллифи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти университетининг Сув, атроф-муҳит ва саломатлик институти директори Каве Мадани.
Дарҳақиқат, кўплаб мамлакатлар нафақат ўз сув ресурсларини – дарё суви, тупроқдаги намлик ва қор захираларини сарфлаб юборган, балки музликлар ва ботқоқ ерлар каби узоқ муддатли сув захираларини ҳам тугатиб қўйган. Бу эса жуда жиддий оқибатларга олиб келди, жумладан дарё дельталари ва соҳилбўйи шаҳарларида ернинг чўкиши, кўллар ва ботқоқ ерларнинг йўқолиб кетиши, шунингдек, биологик хилма-хилликнинг қайтариб бўлмас даражада йўқолишига сабаб бўлди.
Қишлоқ хўжалиги ҳудудларида сув ресурслари камайиб бормоқда. Глобал чучук сувнинг тахминан 70 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Тахминан 3 миллиард киши ва глобал озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларнинг ярмидан кўпи ер усти суви, тупроқ намлиги, қор, муз ва ер ости сувлари каби умумий сув ресурслари аллақачон камайиб бораётган ёки беқарор бўлган ҳудудларда яшайди. 170 миллион гектардан ортиқ суғориладиган экин майдонлари – тахминан Франция, Испания, Германия ва Италиянинг умумий майдонига тенг ҳудуд жиддий ёки жуда кучли сув танқислигига дуч келган.
Ер ва тупроқ деградацияси сув билан боғлиқ хавфларни кучайтиради. Дунё қишлоқ хўжалиги ерларининг ярмидан кўпи ҳозирда ўртача ёки жиддий деградацияга учраган, бу тупроқ сувининг сақланишини камайтиради ва қурғоқчил ерларни чўлга айлантиришга олиб келади. Фақат шўрланишнинг ўзи тахминан 82 миллион гектар қурғоқчил ерларни ва 24 миллион гектар суғориладиган ерларни – жами 100 миллион гектардан ортиқ ҳайдаладиган ерларни деградацияга учрашиша олиб келди, бу дунёнинг баъзи асосий қишлоқ хўжалиги минтақаларида ҳосилдорликни пасайтирди.
Қурғоқчилик асосан антропоген омиллар туфайли юзага келмоқда ва жуда қимматга тушмоқда. 2022 – 2023 йилларда 1,8 миллиарддан ортиқ одам қурғоқчилик шароитида яшаган. Қурғоқчилик билан боғлиқ йўқотишлар, нафақат ёғингарчилик танқислиги, балки ер деградацияси, ер ости сувларининг камайиши ва иқлим ўзгариши билан кучайиб, бутун дунё бўйлаб йилига тахминан 307 миллиард АҚШ доллар зарар келтирди. Бу БМТга аъзо давлатларнинг қарийб тўртдан уч қисмининг йиллик ялпи ички маҳсулотидан кўп.
Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада вазият жуда оғир. Мазкур минтақаларда сув танқислиги, иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги экинлари унумдорлигининг пасайиши ва қум бўронлари кузатилмоқда.
Жанубий Осиёнинг бир қатор ҳудудларида ер ости сувидан интенсив фойдаланиш ва урбанизация билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги фаолияти ер ости сувлари сатҳининг сурункали паст бўлишига ва тупроқнинг чўкишига олиб келди.
АҚШнинг жануби-ғарбий қисмида Колорадо дарёси сув ресурсларидан ҳаддан ташқари фойдаланиш, иқлим ўзгариши ва у келтириб чиқарган қурғоқчилик билан боғлиқ “сув инқирози” юзага келди.
Юқорида келтирилган маълумотлар сув танқислиги – нафақат келажак, балки бугунги кун муаммоси эканини кўрсатмоқда. Ушбу муаммони бартараф этиш жаҳон миқёсида сув ресурсларини бошқаришда туб ўзгаришлар, тежамкор технологияларни қўллаш, экотизимларни тиклаш ва ҳар бир инсоннинг масъулиятли муносабатини талаб қилади. Акс ҳолда сув танқислиги инсоният тараққиётининг энг жиддий тўсиқларидан бирига айланиши муқаррар.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Yuz.uz” шарҳловчиси