Оддий тил билан айтганда, ҳар қандай пора олиш, бериш ва унда воситачилик қилиш, мансаб ваколатидан суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатидан четга чиқиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, мансаб ваколатидан фойдаланиб талон-тарож қилишнинг барчаси бу коррупцион жиноятларни ташкил қилади.
Маълумки, 2003 йил 31 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан коррупцияга қарши БМТ конвенцияси қабул қилинди. Бу эса, бутунжаҳон ҳамжамиятининг коррупциявий иллатларга қарши кескин кураш олиб боришидан дарак берди.
Ўзбекистон 2008 йилда мазкур Конвенцияга, шунингдек, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлари режасига қўшилган. Коррупцияга ва бошқа турдаги жиноятлар ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларнинг профилактикаси, қонунга хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатга жазонинг муқаррар эканлигини барчамиз яхши биламиз. Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашишнинг муҳим ҳуқуқий асослари яратилди. Жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилишга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигига йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Жорий йил 12 январда Президентимизнинг “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Мазкур қарор ижроси бўйича адлия органлари ва муассасаларида ҳам коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатларни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларнинг мавжуд эканлиги, ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга ошириш асосий вазифалар сифатида белгилаб олинди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ҳам олиб бориши белгиланди.
Дейлик, адлия ходимлар коррупцияга қарши ҳаллоллик вакцинаси билан ўзини ўзи эмлаётгани эътиборга молик масала. Қандай қилиб дейсизми? Албатта “Сирли мижоз” тадбири орқали. “Сирли мижоз” эса оддий мурожаатчи ҳам, давлат хизматига иши тушиб келган аризачи ҳам бўлиши мумкин. Бу борада “Сирли мижоз” тадбири ўз натижаларини ҳам бера бошлади. Яқин кунларгача мурожаатчининг шикояти тингланмайдиган, эътибор берилмайдиган даврлар бўлди. Энди-чи? Энди фуқаро бугун у ёки бу муаммо юзасидан мурожаат қилдими, эртасига албатта арзи ҳоли инобатга олиниб, масаласига ечим топилмоқда ёки ҳуқуқий тушунтиришлар бериб келинмоқда.
Тизимда мурожаатчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган камчиликлар аниқланиб, коррупция ва ваколати суиистеъмолчиликларни олдини олиш мақсадида ходимлар ўртасида вебинар, семинар каби турли тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу эса ходимлар ўртасида коррупциявий хавф-хатарларни камайтиришга, иш фаолиятида очиқликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Юнус Ходжиев,
Тошкент вилоят адлия бошқармаси
бош маслаҳатчиси