Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан автомобил бозоридаги савдо ўзгаришлари мунтазам равишда таҳлил қилиб келинмоқда.

2022 йил март ойида 112,1 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг март ойига (55,5 минг) нисбатан 102 фоизга кўпроқдир. Шу билан бирга, жорий йилнинг февраль ойига нисбатан 12,7 фоизга пасайиш кузатилди.

Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши 

Ўтган январь-февраль ойларидаги каби автомашиналарни рўйхатга олишнинг кўпайиши автомобилларни харид қилиш учун тўловларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ. Хусусан, Ўзбекистонга автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва/ёки вақтинча олиб кириш учун йиғимлар бекор қилинди.

2022 йил 1 январдан бошлаб иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш нархи пасайтирилди ва ушбу ўзгаришларнинг таъсири март ойида ҳам давом этди.

Иккиламчи бозор

2021 йилда иккиламчи бозорда бир ойда ўртача 40 минг дона автомобиллар сотилган бўлса, жорий йил март ойида ушбу кўрсаткич 84,7 мингни ташкил этди, январь ойида 85,3 мингга, февраль ойида 101 мингга етган эди.

Бирламчи бозор

Бирламчи бозордан харид қилинган автомобиллар сони 27,5 минг донани ташкил этиб, февраль ойига (27,4 минг) нисбатан 0,3 фоизга ўсди. 2021 йилнинг мартига (18,2 минг) нисбатан эса 51 фоизга ошди.

Февраль ойи билан таққослаганда янги автомобиллар савдосида сезиларли даражада ўсиш Фарғона (43 фоиз), Наманган (23 фоиз), Жиззах (20 фоиз) вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, Қашқадарё (-31 фоиз), Самарқанд (-13 фоиз), Тошкент (-16 фоиз), Навоий (-7 фоиз) ва Андижон (-5 фоиз) вилоятларида пасайиш қайд этилди.

Иномаркалар савдоси

Чет элда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар олди-сотдиси бўйича шартномалар сони 1,3 минг донани ташкил этди, бу эса февраль ойи кўрсаткичидан 2,5 фоизга камроқдир.

Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши 

Халилуллоҳ Ҳамидов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири