Бундай дейишимизга асосларимиз бор, албатта.

Президентимиз ушбу массивга ташриф буюргач, биз ҳам ижодий гуруҳимиз билан Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон ту­манига йўл олдик. Бир вақтлар Қораянтоқ деб номланган маҳалла фаоллари, оддий одамлар билан суҳбатлашиб, у ердаги им­кониятлар билан танишдик.

* * *

Бийдай чўлни иккига бўлиб ўтган ра­вон йўлда машина бир маромда олға ин­тилади. Бир қарашда саҳрони эслатадиган қум барханлари шувоқ, янтоқ каби чўл ўсимликлари сабаб қорайиб кўринади. Яқин борсангиз, баҳор нафаси теккан кун­гай бетларда майсалар ниш урганига гувоҳ бўласиз. Олдинда эса виқорли тоғлар!

Саратонда ҳам қори эримайдиган тоғлар кишини ўзига оҳанрабодай тор­тади. Ҳа, Сурхондарёнинг табиати мана шундай мўъжизакор. Бойсунтоғ чўққи­сидаги қор қиш нафасини бераётган бир пайтда Термизни ёз чилласи забтига ола­ди. Ўша пайтда чўлдаги майсалар қовжи­раб, эрта баҳорда қорайиб турган шувоғу янтоқлар яшил тўнини кийган бўлади.

Жарқўрғон туманининг катта қисми мана шундай чўлдан иборат. Шу боис, сувсиз чўл­да асосан чўпонлар яшаган. Қум барханла­ридан иборат даштда қўра тиклаш ҳам осон эмас. Чунки иморат учун зарур барча нарса, ҳатто пахсадевор учун тупроқни ҳам ташиб келиш керак.

Тумандаги “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилган жой яқин-яқингача чўпонлар яшайдиган овлоқ манзил эди. Маҳалла номи ҳам шунга хос тарзда Қораянтоқ деб ата­ларди. Ҳозир бутунлай замонавий қиёфага кирган маҳаллани ўзига хос мўъжаз шаҳар­ча, десак муболаға бўлмайди. Биз ўтирган машина массив ҳудудига яқинлашар экан, аввало, маҳалланинг яшил “белбоғи”га дуч келдик. Томчилатиб суғориш тизими жорий этилган яшил майдонда турфа ниҳоллар қа­тор саф тортган.

— Мана шу иш пухта режа билан қили­нибди, — дейди ҳамроҳларимиздан бири кўчатларга ишора қилиб. — Ёзда чўлнинг иссиғи юзни куйдиради. Дарахт кўп бўлса, массивга гармсел “бостириб” киролмай­ди-да!

— Маҳаллага етиб олайлик, бунга ўхшаш режали ишларнинг кўпини кўрасиз, — гапга қўшилади ёши элликни қоралаган ҳайдовчи­миз Акбар ака. — Катта шаҳарларда қандай шароит бўлса, ҳаммаси шу ернинг ўзида бор.

Шу чоғ кўп қаватли уй бўлганидан кейин шаҳар шароити бўлиши аниқ-ку деб ўйлай­сиз. Сўнг Президентимиз ташриф буюрган массивда замонавий ўқув маркази борлиги, янги мактаб қурилгани ёдга тушади. Ҳа, энди ҳар бир маҳаллада каттами-кичик ўқув маркази бор, мактабларнинг замонавий қиё­фага кириши янгилик эмас-ку. Аммо маҳал­ла билан яқиндан танишар эканмиз, бундай ўйлар хато эканини, минг бора эшитгандан кўра, бир марта келиб кўриш афзаллигини англаймиз.

Айни дам маҳаллага “Янги Ўзбекистон” номи бежиз берилмаганига амин бўламиз. Чунки массивдаги ҳар бир жиҳат янги Ўзбе­кистон қиёфасига, ундаги ислоҳотлар руҳига уйғун. Масалан, мамлакатимизда муаммо­ларни жойида ҳал этишга жиддий эътибор бериляпти. Бунинг учун маҳалла тизими босқичма-босқич, аммо қисқа муддатда туб­дан ислоҳ этилди. “Янги Ўзбекистон” МФЙ­да мана шу ишларни тўғри ташкил этиш учун барча шарт-шароит яратилган.

— Шу маҳаллада қирқ йилдан бери яшайман, — дейди маҳалла раиси Элмурод Аллиёров. — Биз ҳам мол боқиб, қирларга қўй ҳайдаб катта бўлганмиз. Охирги уч йил­да маҳалламиз бутунлай ўзгариб, шаҳарчага айланди. Маҳалламизнинг биноси йўқ эди. Ҳали у, ҳали бу тадбиркорнинг биносида ижарада турардик. Тез-тез кўчишга мажбур эдик. Маҳалламиз учун барча шарт-шароит­га эга замонавий бино қуриб берилди. У ерда “маҳалла еттилиги” ишлаши, очиқ, шаффоф тизимдан самарали фойдаланиши учун за­рур техник имкониятлар яратилган. Анча йиллардан бери маҳалла тизимида турли лавозимларда ишлаганман. Ҳозиргидай ша­роит, имконият ҳеч қачон бўлмаган. Маҳал­ла аҳлини банд қилиш учун шу ернинг ўзида кўплаб тадбиркорлик субъектлари ишга ту­ширилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш марказ­лари очилди. Бундай имкониятлардан аҳоли жуда мамнун.

Маҳаллада 68 та кўп қаватли уй қурилди. Улардаги 1,5 мингта хонадонга аҳоли кўчиб кирди. Режага кўра, кўп қаватли жами 116 та уй қурилиши керак. Ҳозир қурилиш давом этяпти. Қолган уйлар ҳам тез орада бита­ди. Муҳими, уйларга коммунал хизмат кўр­сатишнинг барчаси марказлашган тизимга эга. Бундан ташқари, поликлиника, 180 ўринли боғча, 330 ўринли мактаб қурилди. Илгари бундай шароит йўқ эди. Ўқувчилар қишда синфхонада ўтириб совуқ ерди. Ҳозир замонавий қозонхонаси бор. Хоналар иссиқ, замонавий ўқув қуроллари, зарур техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланган. Кўп қаватли уйлар учун иккита марказлашган қозонхона қурилган.

Маҳалланинг инфратузилмаси ҳам ҳавас қиладиган даражада. Илгари бу жойларда чироқ, ёруғлик йўқ эди ҳисоб. Ҳозир кўча­лар чароғон. Хавфсиз йўлакни айтмайсизми! Кечки пайтларда ёшлар, нуроний отахон ва онахонлар шу йўлак бўйлаб сайрга чиқа­ди. Энди шаҳарга бориш шарт эмас, ҳамма шароит шу ернинг ўзида муҳайё қилинди.

Янги Ўзбекистонни бунёд этиш билан бирга олдимизга Учинчи Ренессанс пойде­ворини қўйишдек катта маррани олганмиз. Бунинг учун эса, албатта, замонавий билим­ларни эгаллаган, руҳияти миллий тафаккур билан бойиган авлод зарур. “Янги Ўзбекистон” массивида бунинг учун ҳам етарлича шароит яратилган. Нафақат яратилган, бал­ки бошқаларга намуна бўладиган жиҳатлари ҳам бор. Биргина мактабдан мисол, ушбу муассаса давр талабларига тўла жавоб бе­ради. Муҳими, мамлакатимиз сиёсатига мос равишда мактабда барча учун тенг шароит яратилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган болалар учун зарур имкониятлар яратилиб, инклюзив таълим йўлга қўйилган. Мактаб ҳовлисига кириб борар эканмиз, ўқувчи қизларга дуч келдик. Улардан бири махсус аравачада, синфдоши эса унинг ёнида қувноқ оҳангда нимадир ҳақида суҳбатлашиб кетарди. Тасодифан ўқитувчилардан ҳам ав­вал бизга йўлиққан бу ўқувчилар ташрифда Президентимиз билан учрашган, бирга суратга тушган ўқувчилар экан.

— Тўққиз йил уйда таҳсил олгандим. Мактабга келганимга бир йилдан ошди. Бу ерда кўп дўстлар топдим, — дейди мактаб ўқувчиси Феруза Жумақулова.

Унинг гапини синфдоши тасдиқлаб, суҳбатга қўшилади.

— Феруза мактабимизга келганига бир йилдан сал ошди. Ҳозир дарслар­ни бирга ўзлаштирамиз. Танаффусда ҳовлида айланиб гурунглашамиз. Унга қарашиш, кутиб олиб, кузатиб қўйиш учун махсус ўқитувчи ҳам тайинланган, — дейди синфдоши Муштарий Кари­мова. — Келган пайтларида ўқувчилар билан унчалик чиқиша олмасди. Мана, ҳозир дарсларни яхши ўзлаштириб, биз билан яқин дугона бўлиб кетди. Ҳатто яхши ўқигани учун шу йил она тили фа­нидан ўтказилган олимпиадада, билим­лар беллашувида ҳам қатнашди.

Ушбу мактабда ҳозир 500 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Ногиронлиги бор болаларни замонавий стандартлар асосида ўқитиш учун алоҳида ёндашув­лар жорий этилган. Мактабда 50 га яқин махсус мутахассис ва педагог фаолият юритмоқда. Мактаб ҳовлиси, йўлаклар, ўқув хоналари, овқатланиш, муолажа хо­наси ҳамда спорт зали зарур шароитлар билан таъминланган. Мана шунинг ўзи­ёқ ижтимоий давлат тамойилини тўла ифода этади. Муҳими, мактабда билим олишнинг замонавий методлари жорий этил­моқда.

— Мактабимиз 2023 йил сентябрь ойи­дан буён фаолият юритмоқда. У 330 ўринга мўлжалланган. Инклюзив таълим ҳам йўлга қўйилган. Ушбу таълим илк йўлга қўйилга­нида уддалай олармиканмиз деган ҳадик бор эди, — дейди 66-мактаб директори Шаҳзода Камолова. — Чунки ногиронлиги бор бола­жонлар билан ишлаш, уларнинг кўнглига йўл топиш осон эмас. Ҳозир тўртта шундай ўқувчимиз соғлом болалар сингари жамият­га қўшилиб кетди. Бундан ҳамма педагоглар ва ота-оналар, ўқувчилар мамнун. Президен­тимиз мактабимизга ташриф буюриб, яра­тилган шароитлар билан танишди. Сунъий интеллект, рақамлаштириш билан боғлиқ йўналишларнинг ёшлар ҳаёти ва келажаги учун нақадар муҳим эканига эътибор қарат­ди. Олдимизга янги вазифалар қўйиб, бизга жуда катта ишонч билдирди.

Гап таълим ҳақида кетар экан, маҳал­ланинг яна бир ўзига хос жиҳатини айтиш зарур. Яъни маҳаллада хорижий тиллар ва ахборот технологиялари ўқув маркази иш бошлаган.

— Хорижда ўқиб келиб, туманимиз мар­казида кичик ўқув маркази очиш билан фаолият бошлаганман, — дейди ўқув маркази раҳбари Йигитали Абдуллаев. — Юртимизга қайтиб келиб иш бошлашимга янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар сабаб бўлган. Шундан кейин ўқув марказимизни аста-секин кен­гайтириб бордик. 2025 йилда 6,5 миллиард сўм ҳисобига ушбу массивда ўқув маркази барпо этдик. Мажмуамиз 400 ўринга мўл­жалланган. Унда йилига 2 мингдан ортиқ ёш таълим олиши, лойиҳалар устида ишлаши мумкин. Марказимизда 200 га яқин ўқув­чи компьютер саводхонлиги ва “front-end” йўналишларини муваффақиятли якунлаб, сертификат олди. Бундан ташқари, 150 га яқин ўқувчимиз IELTS имтиҳонларида В2 ва ундан юқори натижаларни қайд этди. Марказда 20 га яқин мутахассис фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбари марказимиз­га ташриф буюриб, шароитлар билан танишди. Бир қатор ташаббуслар ил­гари сурилди. Хусусан, ўқув марказла­ри уюшмасини ташкил этиш таклифи билдирилди. Бу ўқув марказларига жуда катта имкониятлар яратади. Улар бир-бири билан бевосита тажриба ал­машиш имконига эга бўлади. Ютуқлар рағбат олиб, республика миқёсида оммалаштирилади. Буларнинг барчаси юртимизда илм-фанни ривожлантириш учун бажарилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат. Президентимиз ёшларга хориж тилларини ўргатиш, замонавий билим­ларни бериш билан бирга уларни мил­лий урф-одат ва қадриятлар руҳида, ватанпарвар қилиб тарбиялаш вазифа­сини ҳам қўйди. Очиғи, бу жиҳат бизни жиддий ўйлашга, ўзига хос тайёргарлик кўришга ундади. Чунки миллий тафак­курни ёшлар онгига чуқур сингдириш ўқитувчилардан шунга муносиб тай­ёргарликни, махсус ўқув қўлланмалар яратишни талаб этади. Ҳозир шу каби муҳим вазифалар ижроси ҳақида изла­нишни, амалий ҳаракатларни бошла­дик. Хусусан, ахборот технологиялари йўналишида 500 дан ортиқ мутахассис тайёрлаш, 50 та янги иш ўрни яратиш ва ху­сусий мактаб очиш ҳаракатидамиз.

Янги Ўзбекистондаги яна бир муҳим ислоҳотлардан бири, ҳеч шубҳасиз, аҳоли хавфсизлиги, тинч ва осуда маҳалла муҳи­тини яратиш масаласидир. Маҳаллада бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Жум­ладан, маҳалла ҳудуди катталиги ҳисобига икки нафар профилактика инспектори фао­лияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, мас­сивда “маҳалла муҳофазаси” хизмати таш­кил этилган. Энди маҳалла раиси ва бошқа масъуллар куз-қиш мавсумида хавфсизлик масаласини уйма-уй юриб, аҳолига тушун­тиришга мажбур эмас. Улар ўзининг асосий вазифаси — аҳоли масалаларини ҳал этиш билан шуғулланади. Хавфсизлик масала­си эса маҳаллага бириктирилган инспектор зиммасида.

— Ҳозир маҳалламизда 2020 та хонадон бор. Уларда 8 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди профилактика инспектори Оғабек Аллабердиев. — Аввал ҳудуддаги осойишталикка фақат маҳалла раиси ва про­филактика инспектори масъул деб қаралар­ди. Ҳозир нафақат маҳалла, балки туман, вилоят, республика даражасидаги раҳбарлар ҳам қуйи бўғинга тушиб, фуқаробай, хона­донбай ишларни ташкил этмоқда. Натижа­да маҳалламизда сўнгги икки йилда жино­ят содир бўлмади, “яшил” тоифага кирди. Маҳалла ҳудудида 78 та камера ўрнатилган. Шундан 44 таси юзни таниб олиш имкони­га эга, 4 таси автоматик рўйхатга оладиган, 30 таси кузатув камераcидир. “Хавфсиз йўлак”, “хавфсиз хонадон” тамойиллари ҳам амалда. Қўриқлаш хизмати ҳам йўлга қўйилган.

Янги Ўзбекистондаги яна бир муҳим ислоҳот бу, ҳеч шубҳасиз, аҳоли даромади­ни ошириш, камбағалликни қисқартириш­дир. Қолаверса, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя масаласи ҳам муҳим. Мазкур масалаларга ҳам маҳалла­нинг ўзида ечим берадиган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Хусусан, 7 та микромарказ ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объ­екти қурилган. “Янги ёшлар” бошқарув сер­вис компанияси иш бошлаган. Эътиборлиси, компания тумандаги 161 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Шундан 54 таси мазкур массивда жойлашган. Бу ҳам қўшимча иш ўрни, ҳам сифатли хизмат дегани. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар томига 5-15 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилгани эса табиатни асраш, “яшил” энергияга ўтишдаги ислоҳот­ларга уйғундир.

Бундан ташқари, ичимлик сув, иссиқлик тармоқлари, 3 километрга яқин газ қувури тортилган. Шу ерда 250 киловаттли транс­форматор ўрнатилган. Қолаверса, 4,5 гек­тарга манзарали ва мевали дарахтлар, дашт ҳудудидаги 300 гектар майдонга эса саксовул ўсимликлари экилган. Муҳими, келгусида бу ерда яна 50 га яқин уй қурилади. Жумла­дан, жорий йилда яна 14 та (280 хонадонли) кўп қаватли уй-жой, янги йўллар қурилиши, кўкаламзорлаштириш ҳамда истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган. Айни дамда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Маҳалла билан танишиб, унинг яшил йўлаклари, гулга бурканган кўчалари оралаб ортга қайтишга шайланар эканмиз, юзидан нур ёғилиб турган нуронийга дуч келдик. Отахон эпчиллик билан биздан олдин салом берди.

— Биздан ҳам гап олинг-да, ука, раҳма­тимизни, шукронамизни эл билсин, — дейди меҳнат фахрийси Абдуллахон Турсунов жур­налист эканимизни билгач. — Маҳалламиз аҳолиси шаҳарга ва бозорни излаб узоққа боришига ҳожат йўқ. Бир қадам қўйинг, ҳам­маси муҳайё. Илгари бундай овлоқ жойларда мана шундай шаҳарча қурилади, деса биров ишонмасди. Эшитдингизми, Тошкентдан ке­ладиган поезд йўли ҳам замонга мосланар­кан. Энди 14 соатда келадиган поезд 7 соатда етиб келармиш. Поездимиз ҳам ислоҳотла­римиздай тезлик оларкан деб хурсанд бўлиб ўтирибмиз.

Отахоннинг дуосини олиб ортга қайтарканмиз, ҳамроҳларимиз юзида мамнунлик балқийди. Улар ҳам биз каби бу маскандан олис кетгиси келмаётгандай ортига, қум барханлари аро қад ростлаган баланд бинолар, замонавий тадбиркорлик субъектларидан кўз узмайди. Ортимиздан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экил­ган ниҳоллар хўшлашиб қўл силтаётган­дай кўринади.

Йўлдошларнинг суҳбати беихтиёр Президентимизнинг Сурхондарёга ташри­фи, шу муносабат билан бошланган катта ислоҳотларга уланиб кетади. Кимдир воҳа катта саноат майдонига айланиб бораётгани­ни эслайди. Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 63,7 триллион сўмга етга­нини мақтанади. Йирик саноат корхоналари қарийб 30 тага, кичик корхоналар 4820 тага етказилгани, улардаги маҳсулотлар хорижга ҳам сотилаётгани қизғин муҳокама мавзуси­га айланади.

“Эй, экспорт майли, лекин чекка бир ви­лоятга 2,1 миллиард доллар қийматидаги хо­рижий инвестиция ўзлаштирилганига нима дейсиз”, гапни илиб кетади яна бир ҳамроҳи­миз. У гапининг тасдиғи учун давлатимиз раҳбари ташриф давомида умумий қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга туширганини ҳам эслайди.

— Буларнинг барчаси иш ўрни, даро­мад, Сурхондарё учун пул дегани, — дейди оғир-босиқ бўлиб келаётган ҳайдовчимиз. — Менимча, ичимлик сув эсдан чиқмай­диган иш бўлди. Тўпаланг сув омборидан Термизгача тоза ичимлик сувни олиб келиш тарихий иш!

Тағин гап томорқа мактабига уланади. Энди ҳамроҳлар деҳқонлар ҳам илм билан иш кўриш керак экани, Сурхондарёда бу борада катта имкониятлар борлигини муҳо­кама қилади. Елдек кетиб бораётган машина ойнасидан ташқарига қараймиз. Икки ён ба­ланд қум барханлари. Улар саҳродаги карвон йўлини эслатади. Неча асрлар олдин, Буюк ипак йўлидан аввал ҳам бу ерда карвон йўл­лари бўлган. Улардан бири “Ложувард йў­ли”дир.

Бронза даврига (мил. авв. III-II минг йилликлар) оид бу йўлнинг бир тармоғи Бадахшон, Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларини Хоразм, Сўғд, Марказий Қозоғистон ва Урал билан, яна бир тармоғи эса Бақтрия ва Марғиёнани Месопотамия билан боғла­ган. Йўл номи Бадахшон ложуварди билан боғлиқ. Ана шу йўл қадим Термиз ривожига ҳисса қўшган. Ёки Термиз тараққий этган шаҳар бўлгани учун карвон йўли шу ҳудуд­дан ўтган. Бу иккиси бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Эҳтимол, иккинчи тахмин ҳақиқатга яқин. Зеро, бугун ҳам янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, кенг имкониятлар дунё аҳлини Марказий Осиёга чорламоқда. Бу эса бизни ложувард каби замонавий карвон йўлига му­носиб ҳисса қўша олиш салоҳиятимиз бор­лигини англатади.

Янги Ўзбекистон бундай натижага ўтган 10 йил давомида тинимсиз меҳнат, изланиш орқали эришди. Бунинг қанчалик катта на­тижа келтираётганини Сурхондарёдаги ис­лоҳотлар, янги белгиланган марралар мисо­лида ҳам кўришимиз мумкин.

Шу ўринда шоир Шодмонқул Саломнинг қуйидаги мисралари ёдга тушади:

Ҳазрат Султон чўққисида эриган қор,

Термизийнинг зиёратин қилар бажо.

Икки тоғнинг орасида бир осмон бор,

Кўкрагимни тўлдиргандир ўшал ҳаво.

Боботоғдан Бойсунтоққа учар лочин:

Менинг мангу ҳайратимсан, Сурхондарё!

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,

Сарвар ТЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари