Ўзбекистон халқ ҳофизи Муҳаммаджон Каримовга тегишли бўлган буюмлар шогирди Абдумутал Юсупов томонидан Ўзбек миллий мақом санъати маркази музейига топширилди.
Улар орасида ҳофиз ашулаларининг аудио ва видео ёзув дисклари, қўлланмалар, архив суратлар, мусиқа ёзув асбоблари мавжуд.
Маълумот учун, Муҳаммаджон Каримов 1919 йил 20 июнда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Мумтоз йўлда яратилган ва ижро этилган ашулалари билан халқимиз орасида машҳур бўлган.
Мумтоз ашула ҳамда мақом ижрочилигида ўчмас из қолдирган. Айниқса, "Баёт", "Ушшоқ", "Чоргоҳи Қаландар", "Савти Суввора", "Муножот" ашула йўлларини мукаммал ижро этган.