Шу кунларда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида “Halal Fair Jakarta” туризм ярмаркаси бўлиб ўтяпти. Тадбирда бутун мусулмон дунёси мамлакатларидан йирик компания вакиллари иштирок этмоқда.

Ушбу ярмаркада Туризм қўмитасининг мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини Шарқий Осиё мамлакатлари бозорларида кенг тарғиб этиш мақсадида бир қатор туркомпания вакилларини ўзида жам қилган Ўзбекистон делегацияси ҳам миллий стенд тақдимоти билан қатнашмоқда.

Халқаро ярмарка кунларида делегациямиз аъзолари томонидан кўплаб янги ва қизиқарли туристик маҳсулотлар тақдимоти намойиш этилади. Асосий эътибор нафақат анъанавий туризм йўналишлари, балки мамлакатнинг гастрономик ва зиёрат туризми салоҳиятининг тарғиботига ҳам қаратилади. Шунингдек, стендимизга ташриф буюрувчилар севимли миллий таомимиз – паловнинг тайёрланиши ва дастурхонга тортилишини ўз кўзлари билан кўриш имконига эга бўладилар.

Ярмарка давомида, шунингдек, тадбирга ташриф буюрган Индонезияниг Туризм ва Креатив иқтисодиёт вазири Сандиага Салаҳуддин Уно билан ҳам учрашув ташкил этилиб, унда икки давлат ўртасидаги туризмни ривожлантириш бўйича музокоралар олиб борилди.

“Ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Сабаби мамлакатингиз Ислом тараққиёти йўлида беқиёс хизмат кўрсатган. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби индонезияликлар ҳам Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Нақшбандий, Мотрудий каби алломалар етишиб чиққан юртни бориб кўришни ва зиёрат қилишни жуда хоҳлайди. Бугунги кунда бизнинг давлатимиз аҳолиси дам олиш мақсадида асосан, БАА ва Туркияга кўпроқ боришмоқда. Аммо, сўнгги вақтларда Ўзбекистонга бўлган оқим ҳам ортиб бораяпти. Индонез халқининг сифатли дам олишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон томони билан манфаатли ҳамкорлик истиқболларига эгамиз”, деди Сандиага Салаҳуддин Уно.

Икки томонлама ўтказилган мулоқот жараёнида Индонезия аҳолиси учун қизиқ бўлган – Ўзбекистоннинг қишки туризм салоҳияти тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди ва бу борада қишда Ўзбекистонга ташриф буюришнинг Европага нисбатан қулайликлари ва ҳамёнбоплиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур туризм ярмаркаси жорий йилнинг 6 августига қадар давом этади.