Айни кунда тор ва кенг доирадаги ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган ахборот ва материалларнинг барчаси ҳам қонун талабларига жавоб бермайди.
Журналист касб этикасидан, одоб-ахлоқ қоидаларидан йироқ бўлган, ОАВ ва бошқа соҳаларга оид қонунларга риоя қилмасдан сўз эркинлигидан нотўғри ва ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Айниқса, ижтимоий тармоқларда инсон шаъни, қадр-қиммати ерга урилиб, туҳмат, ҳақоратомуз чиқишлар учраётгани, авж олиш эҳтимоли мавжудлиги ташвишланарли.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизматининг ёзишича, “Online muxbir” сингари баъзи бир телеграм каналларда халқимизнинг таниқли инсонлари, давлат ва жамоат вакиллари, устоз журналистлар, обрўли ва фаол ОАВ вакиллари ҳақида куракда турмайдиган турфа бўҳтон хабарлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бу бўйича қатор мисоллар мавжуд.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва ана шундай тармоқ эгаларини аниқлаш, хусусан, “Online muxbir” телеграм канали асосчисига нисбатан қонуний чора кўрилиши, канал томонидан тарқатилаётган қонунга зид ахборотларга тегишли тартибда жавоб берилишини сўраб ҳуқуқ-тартибот идораларига аризалар киритган.