Мураккаб пандемия шароитига қарамай, юртимиз ва халқаро миқёсда ўтказилаётган турли танловлар ёшларнинг илмий интилиш ва изланишларини рағбатлантириб, уларнинг фаолиятида мотивация бўлиб хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида бўлиб ўтган “МДҲ ёш олимлари — 2020” халқаро танловида ҳам МДҲнинг 12 мамлакатидан турли йўналишларда илмий изланишлар олиб бораётган мингдан ортиқ иқтидорли ёш иштирок этди.

Ўзбекистон номидан қатнашган Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали 3-босқич талабаси Қуанишбек Ережепбоев ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, тиббиёт йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Унинг “Ўзбекистон Республикаси Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида тарқалган юрак-қон томир касалликларининг этио-патогенетик таснифи” мавзуидаги илмий иши ҳакамлар томонидан юқори баҳоланиб, танлов иштирокчилари орасида тиббиётга оид энг яхши изланиш, деб топилди. Турли йўналишлар бўйича ўтказилган халқаро танлов ғолибларини шу йилнинг ноябрь ойида Нурсултон шаҳрида тақдирлаш режалаштирилган.

Соғлом турмуш тарзи — энг яхши даво

Асли Навоий шаҳрида туғилиб ўсган Қуанишбек Ережепбоев бир неча йиллардан буён юқоридаги мавзудаги илмий иши устида иш олиб боряпти. Бўлажак шифокорни сўнгги йилларда ҳудуд аҳолиси орасида юрак-қон томир касалликлари тарқалиш динамикаси ўсиб, хасталик йилдан йилга ёшариб бораётгани ташвишга солмоқда. Изланишлари давомида муаммонинг сабаблари, олдини олиш чоралари ҳақида бош қотиради.

— Навоий вилоятининг кўп қисмини чўл зонаси ташкил этади. Мен ўз илмий ишимда асосий эътиборни Айдаркўл ёнбағирларида жойлашган Конимех туманининг Элтой, Боймурат, Дўнгелек қишлоқларига қаратдим, — дейди Қуанишбек Ережепбоев суҳбат давомида. — Илмий жамоамиз билан 1997—2000 ҳамда 2014—2018 йиллар оралиғида ҳудудда юрак-қон томир касалликларининг ўсиш даражаси, рўйхатга олинган беморларнинг касаллик сабабларини таҳлил қилдик. Конимех тумани тиббиёт бирлашмасининг статистик тарихи ўрганилганида ушбу минтақада хасталиклар орасида юрак-қон томир касалликлари кўрсаткичи юқори эканига гувоҳ бўлдик. Бунга бир қатор омиллар, хусусан, ҳудуддаги Айдаркўлдан чиқаётган тузли чангнинг атрофга тарқалиши, экологик муаммолар, аҳоли орасидаги носоғлом турмуш тарзи ва камҳаракатлилик ҳам юрак касалликларининг ортишига замин яратяпти. Шу боис, Навоий вилояти ҳудудларида турли касалликларга мойиллик туғдирувчи салбий этио-патогенетик ташқи муҳит омилларини ўрганиш ҳамда шу асосида тўғри йўналтирилган профилактик ва даволаш усулларини қўллашни илмий текшириш ишимизнинг асосий мақсади қилиб олдик.

Оддий ишчи оиласида туғилиб ўсган Қуанишбек тақдирнинг аччиқ зарбаси туфайли шифокор бўлишга қарор қилган. Болалигида бобоси қандли диабет касаллигидан вафот этгач, ота-онаси ўғлига “сен келажакда шифокор бўлиб, ана шундай беморларни даволашинг керак”, дея уни тиббиёт соҳасига қизиқтирди. Ойлик маошига кун кўрадиган оила фарзандининг зарур билимларни эгаллаб, келгусида малакали шифокор бўлиши учун барча шароитларни яратиб берди.

Қуанишбек олий ўқув юртига ўқишга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали талабасига айланди. Аввалига эндокринолог бўлишни мақсад қилган қаҳрамонимиз яна бир воқеа сабаб мақсадини ўзгартирди. Биринчи босқичда ўқиб юрган кезлари бувиси юрак касаллигига чалинди ва ўшанда у келажакда малакали кардиолог бўлиб, ушбу касаллик кўпайишининг олдини олишга ўз ҳиссасини қўшишга аҳд қилди. Бугун у ана шу мақсади йўлида тинимсиз изланмоқда. Бу йўлда унга доим ёнида турадиган яқинлари, устозлари, ҳар бир ишни шошмасдан, мукаммал бажаришга ундайдиган илмий раҳбари — тиббиёт фанлари номзоди Зулхумор Жуманиёзова қўшқанот бўлиб келмоқда.

Қаҳрамонимизнинг илмий иши мавзуси чиндан ниҳоятда долзарб. У ўзининг бу борадаги фикрлари, турли ёш тоифалари орасида ўтказган сўровномалари, таҳлил ва мулоҳазаларини бир қатор нашрларда чоп этилаётган илмий мақолаларида ёритиб боради. Жорий йилнинг сентябрь ойида АҚШдаги журналда эълон қилинган “Коронавирус касаллиги дунё миқёсида қайси қон гуруҳларда кўп учраши ва метаболик касалликларда азиятли кечиши” мавзуидаги мақоласи ҳам долзарблиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Қуанишбек тиббиёт соҳасини мукаммал ўрганиш билан бирга, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, одамларни жисмоний фаолликка чорлашни мақсад қилган. Бу бўйича қишлоқдошлари орасида мунтазам тарғибот ишларини олиб боради. Ўзи ҳам доим спорт билан шуғулланади.

У эришаётган муваффақиятлари, танловдаги ғалабаси, айниқса, пандемия даврида “Саховат ва кўмак”, “Сирдарёликларга кўмакдошмиз” акцияларида кўнгиллилар сафида иштирок этиб, ўз стипендия пулидан маҳалладаги кам таъминланган оилаларга кўрсатган ёрдами билан тенгдошларига чинакам намуна бўлмоқда. У оғир кунларда ўз маблағига ночор оилалар фарзандларига ўқув қуроллари, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб бериш билан бир қаторда, соғлиғи ёмонлашган, бемор кишиларга зарур тавсияларини бериб, тиббий кўмак кўрсатишдан оғринмади. Ҳали талаба бўлишига қарамай, фидоий тиббиёт ходимлари қаторида халқимизга елкадош бўлиб, эл корига яради. Унинг бу хизматлари давлатимиз эътиборидан четда қолмади. Шу йилнинг октябрь ойида Қуанишбек Ережепбоев “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

— Халқаро танлов натижалари эълон қилиниб, ғолиб бўлганимни айтишганидан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, кўкрак нишони билан тақдирланишим мен учун қўшалоқ қувонч бўлди, — дейди қаҳрамонимиз. — Бу менга берилган юксак мукофот, деб биламан. Пандемия сабаб уч ой давомида ўқишга бормасдан масофадан таҳсил олганимиз, бу вақтда ортиқча маблағга эҳтиёжим бўлмагани боис, стипендия пулимдан муҳтож инсонларга ёрдам беришга қарор қилгандим. Бугун ва келгусида амалга оширадиган барча ишларим орқали одамларимиз саломатлиги, фаровон турмушини таъминлашга ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Бу борада менга яқиндан кўмак бериб, доим қўллаб-қувватлаётган олийгоҳимиз директори, профессор Рашид Рўзибоев, устозларим Баҳром Йўлдошев, Равшан Абдуллаев, Шарофат Сапаевалардан чексиз миннатдорман.

Қуанишбекнинг келгуси режалари, олдига қўйган мақсадлари ҳали талайгина. Ўқишни тамомлагач, таълимнинг магистратура босқичини Ҳиндистонда давом эттириб, юртимизга янада малакали кардиолог сифатида қайтмоқчи. Бунинг учун ҳозир инглиз тилини пухта ўрганяпти.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири