Биз комьпютер технологиялари асрида яшяпмиз. Улар инсон танасидаги кўз илғамас ҳужайраларга ташҳис қўйишдан тортиб, турмушимизнинг барча соҳаларини бошқармоқда, энг чигал масалаларни ҳам бир зумда ҳал этиб бормоқда. Биз техника , тиббиёт, ахборот алмашинуви ривож топган замон авлодлари эканлигидан ҳам ҳақли равишда фахрланамиз.
Инсониятнинг ана шундай тараққиётга эришувида унга фаол таъсир кўрсатувчи омиллардан бири ўлчаш воситаларининг мажмуи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Чунки, бу дунёда неки нарса, буюм ёки асбоб-ускуна мавжудки, ўз меъёри, намуна, ўлчами ва миқдорига эга. Улар ўз навбатида, техник жиҳатдан тартибга солишни талаб этади.
Президентимизнинг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ва шу асосда қабул қилинган қарори тизимда янги даврни бошлаб берди. Мазкур ҳужжатлар ижроси техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқаро андозаларга мослаштириш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилишни таъминлайди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш қандай мақсадларга хизмат қилади?
Амалдаги ҳуқуқий тушунчаларга кўра, техник жиҳатдан тартибга солиш — маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилаш, қўллаш ва бажаришни назарда тутади. Ушбу тизим мамлакатимизда миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ошириш, саноатни замонавийлаштириш, маҳсулот ва уни ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигини таъминлаш, давлатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга . Шу боис мамлакатимизда ҳам техник тартибга солишни жаҳон ҳамжамияти тан олган тамоиллар асосида ислоҳ қилиш ва уларга мувофиқлаштириш доимо эътибор марказида бўлиб келяпти.
Юртимизда кейинги йилларда мавжуд 30 мингга яқин стандартнинг 19 мингтаси халқаро нормалар билан уйғунлаштирилди ва реестри шакллантирилди. Эскирган, бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган 5 минг 600 та стандарт амалиётдан чиқарилди, 3 минг 500 таси замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Халқаро аналогларга мувофиқ қўшимча 26 та техник регламент ишлаб чиқилди.
Президентимизнинг жорий йил 17 май куни техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология миллий тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишиши чоғида бу каби ижобий ишлар қайд этилар экан, соҳани такомиллаштиришда жаҳон тажрибасидан фойдаланишга алоҳида урғу берилди, Масалан, Европада фақатгина 28 турдаги хавфи юқори бўлган маҳсулот мажбурий сертификатланиши, қолган барча турдаги товарлар мувофиқлиги декларациялаш орқали тасдиқланади.
Тақдимотда шундай тизимни тажриба-синов тариқасида амалиётга киритиш зарурлиги қайд этилди. Дастлабки босқичда 800 га яқин маҳсулот тури бўйича декларациялаш тартиби жорий этилади. Халқаро талаблар билан уйғунлашмай қолган 11 мингта миллий стандарт ўрнига халқаро стандартларни қабул қилиш ҳамда 2023 йилдан барча корхоналарни ушбу мезонларга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.
Президентимизнинг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонининг асосий мақсади, энг аввало, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган. Албатта, бу ишлар ижодкори ва маҳсулотлар яратувчиси тадбиркору ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади. Шу боис мазкур ҳужжатда ҳам уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саноат корхоналари билан тизимли ишларни ташкил этишга алоҳида аҳамият берилиб, бу борадаги ишлар “Ўзстандарт” агентлиги негизида ташкил этилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги зиммасига юклатилди. Бинобарин, тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларга берилаётган қулайликлар янада кенгайтирилди.
Мажбурийликдан ихтиёрийликка
Мамлакатимиз қонунчилигида маҳсулот сифатини тасдиқлашнинг иккита усули — мувофиқлик сертификати ва мувофиқликни тасдиқловчи декларация қабул қилинган. Мажбурий тартибда сертификатлаштириладиган, шунингдек, мувофиқлиги декларация билан тасдиқланиши мумкин бўлган маҳсулотлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан шакллантирилади.
Сертификат сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “тўғри бажарилган” маъносини англатади. Маҳсулот “тўғри бажарилганлигини” аниқлаш учун сертификатлаштириш жараёни амалга оширилади ва мутассадди идора томонидан берилган ҳужжат орқали унинг амалдаги тартиб-тамоилларга мувофиқлиги тасдиқланади. Шунинг учун унда келтирилган маълумотларга нафақат ишлаб чиқарувчи, балки уни расмийлаштирган сертификатлаштириш идораси ҳам масъул ҳисобланади.
— Жаҳон тажрибасида техник тартибга солишда давлатнинг роли кўзга ташланади, тегишли қонунчилик яратилади ва унга риоя этилиши устидан назоратни ўрнатади, — дейди Германия Федерал физика-техник институти сифат инфратузилмаси ва метрология умумий масалалари бўйича халқаро эксперти Клименс Санетра. — Стандартлаштиришда эса давлат ишлаб чиқарувчи ёки истеъмолчилар каби манфаатдор иштирокчилардан бири саналади. Натижада бу ерда консессус пайдо бўлади. Стандартлаштириш идорасининг бу ердаги вазифаси томонларнинг консессусга келишини таъминлашдан иборат бўлади. Техник тартибга солиш мажбурий, стандартлаштириш эса ихтиёрий ҳисобланади. Масаланинг иккинчи томони, маҳсулот ёки хизматларнинг хавфсизлиги ва сифати билан боғлиқ. Бунда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан давлат уларни тартибга солиши керак.
Экспертнинг таъкидлашича, Германияда техник тартибга солиш ишлари ҳар бир соҳанинг эгаси бўлган идора томонидан олиб борилади. Стандартлаштириш жараёни кўпгина Европа Иттифоқи мамлакатларида давлат ва хусусий ташкилотлар томонидан амалга оширилади ва баъзида давлат кўмагига таяниши ҳам мумкин. Ҳар бир соҳа бўйича тегишли давлат органи томонидан самарали техник регламентлар ҳаётга татбиқ этилса, мамлакатда техник жиҳатдан тартибга солишнинг мажмуаси юзага келади.
Юқорида қайд этилган фармонга кўра ҳам соҳага ана шундай ихтиёрийлик тамоили кириб келяпти. Хусусан, санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади.. Бунда, ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун ўзлари жавобгар ҳисобланади..
Маҳсулотнинг норматив ҳужжат талабларга мувофиқлигини нафақат сертификатлаштириш, балки декларациялаш йўли билан ҳам тасдиқлаш мумкин. Декларация сўзи француз тилидан олинган бўлиб, “эълон қилиш” маъносини англатади.
Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияга ишлаб чиқарувчи, сотувчи ёки ижрочи маҳсулотнинг норматив-ҳуқуқий меъёрлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги талабларга мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат сифатида қаралади.
— Фармонга биноан, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли орқали татбиқ этилади, — дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Дилшод Сатторов. — Бу жараён мувофиқликни декларациялаш техник регламент талаблари асосида маҳсулотнинг тўлиқ синовлари ўтказилгандан сўнг, унинг ижобий натижаларига кўра тузиладиган баённомалар асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади.
2021 йил 1 ноябрдан бошлаб эса,импорт қилувчиларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорга сифатли ва хавфсиз маҳсулотларнинг кириб келишини таъминлаш мақсадида хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади. Бунинг учун республика ҳудудига олиб кирилаётган шу турдаги маҳсулотлар божхона ҳудудига келишидан камида 15 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштирилиши шарт бўлади.
Хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда йигирма тўрт ой давомида импорт қилишга рухсат этилади. Лекин шу ўринда қайд этиш жоиз, мазкур тартиб мувофиқлик сертификатида кўрсатилган айнан бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулот турларига нисбатан амал қилади ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун ушбу товарларни олиб кираётган тадбиркорлик субъектлари жавобгар ҳисобланади.
Техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар рўйхатини юритиш Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилотлар, вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ташкилот стандартларини экспертизадан ўтказиш ишлари ҳақ олмасдан амалга оширилади. Уларда белгиланадиган кўрсаткичлар (талаблар) тегишли маҳсулотларга оид стандартлар талабларидан паст бўлган ҳолларда, ушбу мувофиқлигини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.
Халқаро ҳамкорлик ва қўшимча ваколатлар
Айни кунда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида олиб борилаётган музокаралари фаол босқичга чиққан. Яқинда эса, Ўзбекистонга Европа Иттифоқи томонидан “GSP+” преференциялар бош тизими бенефициар мақоми берилди. Бу жиҳатлар техник регламентларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, уларни халқаро техник қоидалар билан уйғунлаштириш орқали ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишни долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўймоқда. Масалан, жорий йил охирига қадар техник регламентлар сони 19 тага оширилгани ҳолда, сетрификатлар миқдорини 157,7 мингтадан 94,6 мингтага камайтириш кўзда тутиилмоқда.
Зеро, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг халқаро талабларга мослашуви Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти, Европа Иттифоқи, Евроосиё иқтисодий Иттифоқи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлигида муҳим ўрин тутади, ишлаб чиқариш ва технологик алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда мавжуд ўзаро савдо тўсиқларини олиб ташлаш учун қулай шароит яратади.
— Фармонда кўзда тутилган яна бир муҳим жиҳат шундаки, — дейди Дилшод Сатторов, — халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси резидентлари — мувофиқликни баҳолаш органларига миллий аккредитациядан ўтмаган ҳолда, Ўзбекистон аккредитация марказини хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга рухсат берилди. Шу билан бирга, маҳаллий мувофиқликни баҳолаш органларида маҳсулотнинг хорижий давлатларнинг стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун хорижий давлатлар стандартларининг Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинмайди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 2021 йил 1 июлга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни қабул қилиш тартибини халқаро талаблар асосида соддалаштириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгиланган.
Халкаро савдо хуқуқи бўйича USAID эксперти Йован Йекич техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштиришнинг миллий қонунчиликда алоҳида акс эттириш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлайди.
— Чунки, бу тизим нафақат илғор тажриба, балки Жаҳон савдо ташкилоти талабларидан бири ҳисобланади, — дейди у. — Ҳозир Ўзбекистонда бу соҳада тўртта қонун мавжуд бўлиб, уларга тегишли ўзгартиришларни киритиш ёки унификациялаш мақсадга мувофиқдир. Айрим мажбурий стандартларни техник жиҳатдан тартибга солишга айлантириш, вақти келиб уларнинг ҳам ўз-ўзидан ихтиёрийга айланиши учун шароит яратиш фойдадан холи бўлмайди. Буларнинг барчаси, албатта, қонунчиликда ҳам ўз ифодасини топиши лозим.
Мазкур фармон билан агентлик зиммасига қўшимча ваколатлар ҳам юклатилди. Яъни, мутасадди идоралар томонидан халқаро стандартлар ва техник регламентларнинг жадал жорий этилишини мувофиқлаштириб бориш, маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларни бузганликда айбдор бўлган тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), сотувчилар ва ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш бўйича судга мурожаат қилишимиз мумкин бўлади. Агар корхоналар техник регламент ва стандартлар талабларига риоя этмаган тақдирда уларнинг раҳбарларига тақдимномалар киритиш, белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва реестрини юритиш ҳуқуқи берилди.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи