Бу борадаги кенг кўламли ислоҳотлар доирасида спорт инфратузилмаси ривожлантирилди, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этувчи спортчилар тайёрланди.
Ўтган тўрт йилда спортни ривожлантириш, соҳадаги муаммолар ечимини таъминлаш ва инфратузилмасини кенгайтиришга оид 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Республикамиздаги аҳолининг кенг қатламлари, шунингдек, ёшларни оммавий спортга жалб этиш тизими йўлга қўйилди. Натижада аҳолининг оммавий спортдаги қамрови йилдан йилга ортиб бормоқда.
Яна бир муҳим жиҳат. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан бирга ногиронлиги бўлган шахсларни оммавий спортдаги қамрови 71 минг нафарга олиб чиқилди. Чекка ҳудудларда жойлашган ва спорт инфратузилмаси ривожланмаган маҳаллаларда намунавий типдаги қарийб 2 мингга яқин спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу, ўз навбатида, маҳалла ёшларини оммавий спортга жалб қилишда кенг имкониятлар яратмоқда.
Соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун 24 та ахборот тизимини ўз ичига олган “ERP-Sport” ягона бошқарув тизими ишга туширилиб, 14 та вазирлик ва идора тизимига интеграция қилинди.
Президентимиз ташаббуси билан 2021 йилдан юртимизда паралимпия ҳаракатига эътибор кучайтирилди. Натижада бу йўналишда профессионал шуғулланувчилар қамрови 11 минг нафарга, соҳадаги мураббийлар 1250 нафарга ва миллий терма жамоалар захираси 1500 нафарга етди.
Бу эса, ўз навбатида, Париж-2024 Паралимпия ўйинларида ҳамда яқинда Дубай шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида параспортчиларимиз юқори марраларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этди.
Бу ишлар спортнинг ҳар бир йўналишида, жумладан, таълим, селекция, тиббиёт, инфратузилма, кадрлар тайёрлаш, малака ошириш — барча-барчасида юқори натижаларни қўлга киритишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида қайд этиш керак.
Жорий йилда нафақат Осиёда, балки дунёда ноёб бўлган Олимпия шаҳарчаси барпо этилгани ёки уч босқичли селекцияга ихтисослашган Президент Олимпиадаси мусобақалари тизими йўлга қўйилгани янги Ўзбекистонни спорт мамлакатига айлантириш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Бироқ бугунги спорт соҳасидаги ислоҳотларни қонун даражасида мустаҳкамлаш ва халқаро спорт ташкилотлари жорий этган янгидан янги қоидалар билан такомиллаштириш зарурати мавжуд бўлиб, 2015 йилда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун бугунги кундаги янгиланишлар ва талабларга тўлиқ жавоб бермай қолган эди.
Хусусан, унда оммавий спортни ривожлантириш, спорт федерацияларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ногиронлиги бўлган шахслар спорти, спортда ҳалолликни таъминлаш каби қатор муҳим масалалар қонун даражасида тўлиқ акс этмаганди.
Шунингдек, амалдаги қонун билан спорт турларини эътироф этиш, спорт федерацияларини реестрга киритиш тартиби, келишилган ўйинларга қарши курашиш каби масалалар тартибга солинмаган эди. Спортчи, мураббий, спорт ҳаками, спорт агенти ва бошқа спорт мутахассисларининг, Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаганди.
Амалдаги сурдлимпия, махсус олимпия, кўзи ожизлар спорти ва бошқа адаптив спорт турларини ташкил этиш тартиби, мақсад, вазифалари ҳам 2015 йилда қабул қилинган қонунда ўз аксини топмаган эди.
Мавжуд муаммоларни бартараф қилиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ўзгариш ва янгиликларни амалиётга татбиқ этишда ягона ёндашувни таъминлаш учун ушбу қонунни янги таҳрирда қабул қилишга зарурат сезилди.
Шу боис, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси асосида спорт мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини тубдан такомиллаштириш, уни замон талаблари асосида янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Бу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилганидир. Энди оммавий спорт тадбирлари мунтазам ва тизимли равишда ташкил этилади, жисмоний фаолликни оширишга қаратилган дастурлар амалга оширилади. Бу эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қонунда спорт турларини эътироф этиш ва уларнинг давлат реестрини юритиш тартиби ҳам такомиллаштирилди. Бу орқали спорт турларини ривожлантиришда ягона ёндашув таъминланади, соҳадаги бошқарув тизими янада шаффофлашади.
Ҳужжатда спортда ҳалоллик ва адолат тамойилларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, спорт мусобақалари натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатиш ҳолатларига қарши кескин чоралар белгиланган. Бу эса келишилган ўйинлар ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, қонунда паралимпия ҳаракати, шунингдек, Миллий паралимпия қўмитасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Қолаверса, юқорида қайд этганимиз сурдлимпия, махсус олимпия, кўзи ожизлар спорти каби адаптив спорт турларини ривожлантириш масалалари ҳам қонун даражасида мустаҳкамланди. Бу эса инклюзив спортни ривожлантириш, барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишда долзарб аҳамиятга эга.
Энг муҳими, янги қонун спорт федерациялари, спорт клублари ва лигаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаб, фаолиятини тартибга солади. Федерацияларни реестрга киритиш, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқарув тамойиллари аниқ кўрсатилгани соҳада тартиб-интизомни кучайтиради.
Шунингдек, илк бор мураббийлар, спорт ҳакамлари ва спорт агентларининг ҳуқуқий мақоми қонун даражасида мустаҳкамланди. Бу эса спорт соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик. Допингдан фойдаланишга қарши курашиш ва унинг қўлланилиши олдини олишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Спортда допингдан фойдаланишга қарши курашиш, соғлом ва ҳалол рақобат муҳитини таъминлаш бўйича аниқ нормалар жорий этилди.
Шу билан бирга, қонунда давлат органлари, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, Спорт, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари аниқ белгиланди. Бу эса соҳадаги бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги қонунни ишлаб чиқишда Хитой, Франция, Германия, Италия, Испания, Венгрия, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Япония, Жанубий Корея каби давлатларнинг спорт соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун 8 та боб ва 65 та моддадан иборат бўлиб, амалдаги қонуннинг 44 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек, соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришни назарда тутувчи 18 та янги модда қўшилди.
Энг муҳими, мазкур ҳужжатда бугунги кунда амалиётда мавжуд бўлган айрим ноаниқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, вазирлик ва идораларнинг ҳамда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг соҳага оид вазифалари аниқ белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизда спорт соҳасидаги субъектларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, тизимда бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, спорт федерациялари ва профессионал спорт клублари бошқарувига босқичма-босқич тадбиркорларни ҳамда хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам айни йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур қарорнинг асосий мақсади спортни молиялаштиришнинг замонавий механизмлари ва муқобил молиялаштириш манбаларини жорий этиш, ажратилаётган маблағлар йўналтирилишини марказлаштириш, бюджет маблағлари ҳажмини кенгайтириш ҳамда самарадорлигини оширишдан иборат.
Қарор билан Спорт вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғармага йўналтириш учун зарур маблағлар давлат бюджети параметрларида кўзда тутиб борилиши таъминланади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун ҳамда қарор соҳани янада ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортга оид муносабатларни тизимли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшларни жисмонан бақувват этиб камол топтириш, спортни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва янги Ўзбекистоннинг жаҳон спорт майдонидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Адҳам ИКРОМОВ,
спорт вазири