Бу борадаги кенг кўламли ислоҳотлар доирасида спорт инфратузилмаси ривожлантирилди, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этувчи спортчилар тайёрланди.

Ўтган тўрт йилда спортни ривожлантириш, соҳадаги муаммолар ечими­ни таъминлаш ва инфратузилмасини кенгайтиришга оид 100 дан ортиқ нор­матив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилин­ди. Республикамиздаги аҳолининг кенг қатламлари, шунингдек, ёшларни оммавий спортга жалб этиш тизими йўлга қўйилди. Натижада аҳолининг оммавий спортдаги қамрови йилдан йилга ортиб бормоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан бирга ногиронли­ги бўлган шахсларни оммавий спортдаги қамрови 71 минг нафарга олиб чиқилди. Чекка ҳудудларда жойлашган ва спорт ин­фратузилмаси ривожланмаган маҳаллаларда намунавий типдаги қарийб 2 мингга яқин спорт майдончаси қурилиб, фойдаланиш­га топширилди. Бу, ўз навбатида, маҳалла ёшларини оммавий спортга жалб қилишда кенг имкониятлар яратмоқда.

Соҳада очиқлик ва шаффофликни таъ­минлаш учун 24 та ахборот тизимини ўз ичи­га олган “ERP-Sport” ягона бошқарув тизими ишга туширилиб, 14 та вазирлик ва идора ти­зимига интеграция қилинди.

Президентимиз ташаббуси билан 2021 йилдан юртимизда паралимпия ҳаракатига эътибор кучайтирилди. Натижада бу йўна­лишда профессионал шуғулланувчилар қамрови 11 минг нафарга, соҳадаги мураббийлар 1250 нафарга ва миллий терма жамоалар захираси 1500 нафарга етди.

Бу эса, ўз навбатида, Париж-2024 Па­ралимпия ўйинларида ҳамда яқинда Дубай шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида параспортчиларимиз юқори марраларни эгаллашида муҳим аҳа­мият касб этди.

Бу ишлар спортнинг ҳар бир йўналишида, жумладан, таълим, селекция, тиббиёт, ин­фратузилма, кадрлар тайёрлаш, малака оши­риш — барча-барчасида юқори натижаларни қўлга киритишда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида қайд этиш керак.

Жорий йилда нафақат Осиёда, балки дунёда ноёб бўлган Олимпия шаҳарчаси барпо этилгани ёки уч босқичли селекцияга ихтисослашган Президент Олимпиадаси мусобақала­ри тизими йўлга қўйилгани янги Ўзбекистон­ни спорт мамлакатига айлантириш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим бўғини ҳисобланади.

Бироқ бугунги спорт соҳасидаги ис­лоҳотларни қонун даражасида мустаҳкам­лаш ва халқаро спорт ташкилотлари жорий этган янгидан янги қоидалар билан тако­миллаштириш зарурати мавжуд бўлиб, 2015 йилда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун бугунги кундаги янгиланишлар ва талабларга тўлиқ жавоб бермай қолган эди.

Хусусан, унда оммавий спортни ривожлан­тириш, спорт федерацияларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ногиронли­ги бўлган шахслар спорти, спортда ҳалоллик­ни таъминлаш каби қатор муҳим масалалар қонун даражасида тўлиқ акс этмаганди.

Шунингдек, амалдаги қонун билан спорт турларини эътироф этиш, спорт фе­дерацияларини реестрга киритиш тартиби, келишилган ўйинларга қарши курашиш каби масалалар тартибга солинмаган эди. Спортчи, мураббий, спорт ҳаками, спорт агенти ва бошқа спорт мутахассислари­нинг, Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаганди.

Амалдаги сурдлимпия, махсус олимпия, кўзи ожизлар спорти ва бошқа адаптив спорт турларини ташкил этиш тартиби, мақсад, вазифалари ҳам 2015 йилда қабул қилинган қонунда ўз аксини топмаган эди.

Мавжуд муаммоларни бартараф қилиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ўзгариш ва янгиликларни амалиётга татбиқ этишда ягона ёндашувни таъминлаш учун ушбу қонунни янги таҳрирда қабул қилишга зарурат сезилди.

Шу боис, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси асосида спорт мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини тубдан такомил­лаштириш, уни замон талаблари асосида янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Бу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш механизмлари аниқ белгилаб берил­ганидир. Энди оммавий спорт тадбирлари мунтазам ва тизимли равишда ташкил эти­лади, жисмоний фаолликни оширишга қа­ратилган дастурлар амалга оширилади. Бу эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунда спорт турларини эътироф этиш ва уларнинг давлат реестрини юритиш тар­тиби ҳам такомиллаштирилди. Бу орқали спорт турларини ривожлантиришда ягона ёндашув таъминланади, соҳадаги бошқарув тизими янада шаффофлашади.

Ҳужжатда спортда ҳалоллик ва адолат тамойилларини таъминлашга алоҳида эъти­бор қаратилган. Жумладан, спорт мусобақа­лари натижаларига ноқонуний таъсир кўр­сатиш ҳолатларига қарши кескин чоралар белгиланган. Бу эса келишилган ўйинлар ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, қонунда паралимпия ҳаракати, шунингдек, Миллий паралимпия қўмитасининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатла­ри аниқ белгилаб берилди. Қолаверса, юқо­рида қайд этганимиз сурдлимпия, махсус олимпия, кўзи ожизлар спорти каби адаптив спорт турларини ривожлантириш масалала­ри ҳам қонун даражасида мустаҳкамланди. Бу эса инклюзив спортни ривожлантириш, барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яра­тишда долзарб аҳамиятга эга.

Энг муҳими, янги қонун спорт федера­циялари, спорт клублари ва лигаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаб, фаолиятини тартибга солади. Федерацияларни реестрга киритиш, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бошқа­рув тамойиллари аниқ кўрсатилгани соҳада тартиб-интизомни кучайтиради.

Шунингдек, илк бор мураббийлар, спорт ҳакамлари ва спорт агентларининг ҳуқуқий мақоми қонун даражасида мустаҳкамланди. Бу эса спорт соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағ­батлантириш ва ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади.

Яна бир муҳим янгилик. Допингдан фой­даланишга қарши курашиш ва унинг қўлла­нилиши олдини олишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Спортда допингдан фойдаланишга қарши курашиш, соғлом ва ҳалол рақобат муҳитини таъминлаш бўйича аниқ нормалар жорий этилди.

Шу билан бирга, қонунда давлат орган­лари, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, Спорт, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари аниқ белгиланди. Бу эса соҳадаги бошқарув сама­радорлигини оширишга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги қонунни ишлаб чиқишда Хитой, Франция, Германия, Ита­лия, Испания, Венгрия, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Япония, Жанубий Корея каби дав­латларнинг спорт соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун 8 та боб ва 65 та моддадан иборат бўлиб, амалдаги қонуннинг 44 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек, соҳа­даги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришни назарда тутувчи 18 та янги модда қўшилди.

Энг муҳими, мазкур ҳужжатда бугун­ги кунда амалиётда мавжуд бўлган айрим ноаниқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни бар­тараф этиш, вазирлик ва идораларнинг ҳамда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг соҳага оид вазифалари аниқ белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизда спорт соҳасидаги субъ­ектларнинг молиявий барқарорлигини таъ­минлаш, тизимда бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, спорт феде­рациялари ва профессионал спорт клублари бошқарувига босқичма-босқич тадбиркор­ларни ҳамда хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомил­лаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъек­тларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам айни йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур қарорнинг асосий мақсади спортни молиялаштиришнинг замонавий механизмлари ва муқобил молиялаштириш манбаларини жорий этиш, ажратилаётган маблағлар йўналтирилишини марказлашти­риш, бюджет маблағлари ҳажмини кенгай­тириш ҳамда самарадорлигини оширишдан иборат.

Қарор билан Спорт вазирлиги ҳу­зурида юридик шахс мақомига эга бўл­маган Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғармага йўналтириш учун зарур маблағлар давлат бюджети параметрларида кўзда тутиб борилиши таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун ҳамда қарор соҳани янада ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортга оид муносабат­ларни тизимли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшларни жисмо­нан бақувват этиб камол топтириш, спортни халқаро стандартлар асосида ривожланти­риш ва янги Ўзбекистоннинг жаҳон спорт майдонидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

Адҳам ИКРОМОВ,

спорт вазири