Пурвиқор тоғлари, хушманзара табиати билан ҳар қандай кишини мафтун этган кўҳна Сўхда янги ҳаёт нафаси ҳукумрон. Бугун кунда тоғли қишлоқда бўлганлар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган янгиланишлардан баҳра олади, ҳавас қилади.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳудудни бунёдкорлик ва ободлик манзилига айлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва соғлиғини таъминлаш, ёшларга таълим-тарбия бериш каби соҳалардаги эзгу вазифалар ўз ифодасини топган. Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган манзилли дастурда 146 та лойиҳа жой олган бўлиб, улар ижросига 639 миллирад сўм маблағ йўналтирилиши ва бунинг натижасида 11 мингдан ортиқ аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган эди. Бу вазифаларнинг амалга оширилиши йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳам босқичма-босқич ҳал этилишига хизмат қиляпти.
Кўҳна масканда янги ҳаёт нафаси
— Йўл, сув, электр, аҳоли бандлигини таъминлаш айни куннинг муҳим амалларига айланган, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Содиқжон Мирзаев. — Шу кунга қадар 27 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 27 километр йўлда асфальтлаштириш, 25 километр масофадаги йўлакларда цементлаштириш ишлари олиб борилди. 60 километр йўл шағаллаштирилди ва ҳозирда улар атрофи ободонлаштириляпти. Аҳолига электр энергияси етказиб беришни яхшилаш мақсадида 1200 дона симёғоч, 26 дона трансформатор ўрнатилиб, 45 километрлик тармоқ тортилди.
Тоғ ҳудудидаги бўш турган ерларга сув чиқариш орқали уларни ўзлаштириш, деҳқончилик, боғдорчилик анъаналарини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бериляпти. Шу мақсадда “Қайроқ” массивида қурилиши олиб борилаётган янги кўтарма сув насос тармоғи мавжуд муаммолар ечимида қўл келади. Қурилаётган станция лойиҳасининг умумий қиймати 92 миллиард сўм бўлиб, 211 метр баландликда жойлашган 1400 гектардан зиёд майдонни сув билан таъминлайди. “Сўхгидроқурилиш” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган станцияга 3 дона Германияда ишлаб чиқарилган насос ҳамда 1800 кВт. ҳажмдаги электродвигатель ўрнатилиб, Сўх дарёсидан сув олиш тўғони барпо этилмоқда.
— Сув бор жойда ҳаёт қайнайди, ривожланиш, янги ташабубслар қанот ёзади, — дейди “Гузари омади одина” кўптармоқли хусусий корхона раҳбари Маҳммадназар Нурматов. — Уч гектар ерга интенсив усулда, томчилатиб суғориш орқали боғ ташкил этяпмиз. Унга Сўх дарёсидан сув олиб келдик. Бу боғларимизни кенгайтириш, сара олма, нок, ўрик мевалари етиштириш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратишда асқотяпти.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш янги ташаббусларни ҳаётга жорий қилишга даъват этяпти, уларга молиявий қанот бўляпти. Ҳозирга қадар тадбиркорларнинг 140 та лойиҳасига имтиёзли кредитлар ажратилди. Бунда “Ҳазрати Али“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилаётган ёшлар кичик саноат зонасининг аҳамияти катта. 3 гектар майдонни эгаллаган бу ҳудудда 40 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилишга киришилди. Уларнинг умумий қиймати 11 миллиард 250 миллион сўмга тенг бўлиб, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган корхоналарда 250 дан зиёд иш ўрни яратилади.
Эътиборли жиҳати, аҳоли гавжум ҳудудда жойлашган кичик саноат зонаси яқинида кўп қаватли турар-жойлар, спорт майдончалари қурилиши янги саноат шаҳарчаси пайдо бўлишга замин ҳозирламоқда.
“Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида қуриб битказилган “Ёшлар меҳнат гузари” хотин-қизларни касбга йўналтириш, иш билан таъминлашда ўзига хос ўринга эга. Бинода жойлашган фитнес-клубда 100 дан ортиқ маҳаллий ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар муҳайё этилди.
Тоғ қишлоқ саноатлашмоқда
Сўхда вужудга келаётган янги корхоналар ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини бераётгани билан эътиборни тортади. Айни кунда ҳудудда саноат йўналишида умумий қиймати 116 миллиард 129 миллион сўм бўлган 38 та янги лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда. “Оқсарой Поинт” МЧЖ ана шундай корхоналар сирасига киради. Бу ерда қурилиш тармоқлари, уй-жой қурилишлари учун зарур бўлган бетон плита ва лотоклар тайёрлаш йўлга қўйилди.
— Корхона фаолиятни кенгайтириш мақсадида Хитойдан умумий қиймати 106 минг АҚШ долларига тенг бўлган пишиқ ғишт ишлаб чиқариш ускунаси олиб келдик, — дейди корхона раҳбари Олимжон Додомуллаев. — Шу кунга қадар бу маҳсулотларни четдан катта сарф -ҳаражатлар ҳисобига келтирилар эди. Янги қувватимиз бу борадаги ортиқча ҳаражат ва овворагарчиликларга барҳам бериши билан бирга, ўнлаб янги иш ўринлари ташкил этишда қўл келади.
Ана шундай истиқболи лойиҳалар устида иш олиб бораётган ташаббускорлар кўп. Масалан, “Хонгузари Мирзобек” хусусий корхонаси умумий қиймати 104 минг АҚШ долларига тенг замонавий МДФ эшик ромлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ускуналар олиб келди. Бу олис қишлоқда импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли равишда оширмоқда.
Ўтган йилда туманда умумий қиймати 27,6 миллиард сўм бўлган 31 та лойиҳа амалга оширилиб, 461 та иш ўрни яратилгани ҳудуднинг саноатлашиб бораётганидан далолат беради.
Йигирма сотихдан ер ажратилди
Сўхликлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда миришкор. Тоғ шароитида баъзи ҳудудларда сув танқислиги сезилса-да, ер билан тиллашишнинг ҳадисини олишган. Сархил, табиий тоза, ҳаридоргир мева-сабзавотлар ўзларидан ортиб, ички ва ташқи бозорда сотишади.
Аҳоли хонадонлардаги томорқалардан самарали фойдаланиш мақсадида тумандаги жами 668 гектар аҳоли томорқаларининг
330 гектарига картошка, 180 гектарига сабзавот, 26 гектарига дуккакли ва 132 гектар ер майдонларига бошқа экинлар экиш кўзга тутилган. Айни кунда томорқа хўжалкиларида етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш тармоқлари фаолиятини кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар “Ҳазратилло” хусусий корхонаси ҳамда “Соҳибкор” фермер хўжалиги томонидан умумий сиғими 400 тонна бўлган мева-сабзавотларни сақлаш музлатгичлари ишга туширилди. Бу сархил маҳсулотлари сифатли сақлаш, керакли вақтда қулай нархларда сотиш, маҳсулотлар узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилади.
— Қайроқ, Варган, Тоён, Жавпая, Дукур массивларидаги ҳамда "Сўх", "Озод", "Ҳушёр" ширкатлари ҳудудида қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ерларни ўзлаштириш орқали фуқароларга 20 сотихдан дала томорқалари учун ер майдони берилиб, ҳар бирига 2,2 млн сўмдан субсидия ажратилди, — дейди Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими ўринбосари Расулжон Мирсаидов. — Шу кунга қадар бу йўналишлар учун тақдим этилган 261,6 миллион сўм субсидия ҳисобига 128 та дала томарқаси ташкил қилинди. Бу ерларда суғориш воситасини ўрнатиш, томчилаб суғоришни йўлга қўйиш, интенсив боғлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш кўзда тутилган. Асосий мақсад – аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни камбағалликдан чиқаришдан иборат.
Олис сўх янада яқин бўлади
Чегарадош ҳудуд аҳолисини бир неча йиллардан бўён қийнаб келаётган йўл муаммоси яқин ойларда ўз ечимини топади. Тумандаги “Новобот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умумий майдони 7 гектар бўлган самолёт ва вертолётлар учун учиш- қўниш майдонлари қурилиши бошланди. Бу вазифани бажариш “Сўх асфальт-бетон қурилиш” МЧЖ зиммасига юклатилди. Бу ерда умумий қиймати 7 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси доирасида 6 ой ичида қуриб битказиладиган аэропорт орқали “Humo AIR” авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда “Uzbekistan Helicopters” масъулияти чекланган жамиятига қарашли МИ-8 вертолётларини жалб этган ҳолда, Сўхдан Фарғона ҳамда Қўқон йўналишлари бўйлаб авиақатновлар йўлга қўйилиши мўлжалланяпти. Кичик авиация қатнови аҳоли учун мақбул нархларда белгиланади.
— Мана энди ўз аэропортимиз ҳам бўлади, — дейди меҳнат фахрийси Баҳодиржон Обиджонов. — Янги иншоот қурилиши сўхликлар кундалик ҳаёт тарзида муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда бошланган амалий ишлар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилиш имконини беради.
Қурилиш майдончасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишган вилоят раҳбари Хайрулло Бозоров сўхликларга Президентимизнинг самимий тилакларини етказди. Вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан туманга саноатни олиб кириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш тарзини ошириш бўйича катта ишлар бошланганлигини таъкидлади. Тумандаги учрашув ва мулоқотларда бундан буён ислоҳотлар “маҳаллабай” тизими асосида, ҳар бир масканнинг “ўсиш” нуқтасини аниқлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошириладиган манзилли ишларнинг режалари келишиб олинди.
Табиат чорлайди
Сўх ҳушманзара табиати, мўтадил иқлими, тиниқ булоқлари билан ҳар қандай кишини ўзига мафтун эта олади. Осмонўпар арчали тоғлари, жўшқин дарёлари билан машҳур. Бу экотуризм, агротуризм, қишлоқ туризми ҳамда этнотуризм, тиббиёт ва альпинизм турларини ривожлантириш учун айни муддоа.
Хўжа Ориф, Қулфи Занжиркушод, Султон Маҳмуд Ғазнавий, Хазрати Али ҳамда Ровон зиёратгоҳлари йиллар давомида меҳмон ва мезбонлар билан файзли. 1890 йили Сўх тумани ҳудудидан илон шакли бўрттириб туширилган тош тумор топилган. Археологларнинг аниқлашича, бу тумор милоддан аввалги 3 минг йиллик охири —2 минг йиллик бошларига мансуб.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистон сари юришидан аввал бир йил Сўхда турганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд.
— Туризмни ривожлантириш мақсадида янги шакллантирилган Инвестиция дастури доирасида 3 та лойиҳа амалга оширилади, — дейди туман ҳокими ўринбосари Илхомжон Тожибоев. — Айни кунда "Гузари Омади Одина" МЧЖ томонидан меҳмонхона хизмати ташкил этилди. Бундан ташқари, "Кардио сервис ал ҳаким" хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлган тиббий туризм-даволаш маскани, "Обишир бизнес сервис" МЧЖ ва “Сариканда Оромгохи” корхоналари меҳмонхона, умумий овқатланиш шохобчасини қуриш борасида иш олиб бормоқда. Бу дам олиш ва саёҳат қилиш истагида бўлган меҳмонларга ўзига хос қулайликлар яратади.
Болажонлар қувончи
Тумандаги "Сариканда" ва "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғинида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Уларда кичкинтойлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шу кунга қадар туманда янги очилган бундай оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 16 тага етди. Бунинг натижасида бир йўла 380 нафар болани бошланғич таълим йўналишларига қамраб олгани ҳолда, 32 та янги иш ўрни яратди.
— Бундан ташқари, 11 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари ихтиёридаги бўш турган хоналар таъмирланиб, қўшимча бир йиллик мажбурий таълим ва қисқа муддатли гуруҳлар очилди, — дейди туман мактабагача таълим бўлими мудири Гулноза Усмонова. — Мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли 6 ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга қамраб олиш даражаси ўтган йилга нисбатан 138 фоизга ошди.
Маълумот ўрнида айтганда, жорий йилда “Офтобру” МФЙ да 240 ўринли янги мактаб қурилади, 4 та умутаълим мактаби реконструкция қилинади ва мукаммал таьмирланади.”Қақир” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий мактабгача таълим муассасаси барпо этилади.
Кўҳна масканда бўлган киши ана шундай хайрли ўзгариш, бунёдкорликларга ҳамоханг яшаётган сўхликларнинг қувонч ва шодликларига гувоҳ бўлади. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуси билан Олой тоғ тизмалари бўйлаб ястаниб кетган туманида бошланган ислоҳотлар кундан кунга бўй кўрсатмоқда.
Расулжон КАМОЛОВ,
журналист
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи.