Тошкент вилояти ҳокимлиги кўмаги билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Зуҳра Мирғозиева, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, “Гулистон” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ботир Эргашев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Раҳматилла Шералиев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари – зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар масъуллари, ёшлар, журналистлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар “Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси сифатида ташкил этилганини алоҳида эътироф этиб, ўтган қисқа давр мобайнида у катта аудиторияни қамраб олгани, таҳлилий-танқидий мазмундаги мақолалар билан бугунги ислоҳотлар самарадорлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини қайд этди.
Таъкидланганидек, ҳар икки нашр бугун ўз саҳифаларида замонавий тенденциялардан унумли фойдаланиб келмоқда. Жумладан, трансформация жараёнига, таҳририятда медиаконвергенцияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Янги Ўзбекистон” газетасининг деярли ҳар бир сонида “матн+фото+QR код” форматдаги мақолаларни ўқиш, шунингдек, видео орқали кўриш мумкин.
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти ижтимоий тармоқларда ҳам ўз нуфузига эга. Бугунги кунда таҳририятнинг www.yuz.uz расмий сайти, телеграм, фейсбук, инстаграм каби виртуал саҳифалари фаол ва кўп сонли ўқувчиларни қамраб олган.
Ахборотлар, мақолалар, видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда, хусусан, Фейсбук, Инстаграм, Телеграм, Яндекс ва Гугл платформаларида ҳам фаол берилиши бугун “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” нашрлари ҳамда веб-сайтининг мамлакат ва жаҳон ахборот майдонида нуфузи мустаҳкамланишига асос бўлмоқда.
Тадбирда нуронийлар ҳамда ёшлар сўзга чиқиб, мазкур газеталар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Тадбир иштирокчиларига таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.