Қайси бир мамлакат бўлмасин, агар унда болаларнинг шодон кулгулари янграб турса, бу юртнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам, албатта, порлоқ бўлади. Ахир, бола беғубор ва самимий бўлади. Бундай беғубор болалик учун  болага меҳр ва эътибор керак.  Зеро, бугун дунёнинг деярли барча  ҳудудларида сиёсий танглик, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик ҳамда пандемияга қарши кураш кетаётган карантин давом этаётган бир вазиятда у ердаги болаларнинг тақдири, ҳуқуқ ва эркинликлари  ҳақида чуқурроқ ўйласак, бугунги кунда  бола ҳуқуқлари ҳимояси масаласининг долзарблигини ва аҳамиятини  ҳис этиш мумкин  бўлади.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гап кетганда энг аввало мазкур байрам тарихи ҳаммани қизиқтиришини биламиз. Бу байрам 1949 йилда Парижда аёлларнинг  Халқаро демократик федерацияси конгрессида болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий курашиши ҳамда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи талаб этилган. Чунки 2-жаҳон урушидан кейинги даврда барча эътибор урушда етим қолган болаларнинг тақдири ҳамда барча учун болажонларнинг соғлиқ ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланган  муҳим масала эди.

     Конгресс  ҳаракати ва талаби оқибатида 1950 йилдан эътиборан 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошланган. Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 1989 йил 20 ноябрдаги қарори билан болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция қабул қилингани эса, бола ҳуқуқларининг қонуний кафолати бўлиб, унда бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни жорий қилиш тўғрисида ёзилган. Мазкур халқаро ҳужжат 54 моддани ўз ичига олган. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар бир мамлакат ўз миллий қонунчилигини унинг қоидаларига мувофиқ қайта кўриб чиқиши лозимлиги қатъий белгиланган. Жумладан, Конвенцияда илк бор бола тушунчаси очиб берилган бўлиб, боланинг ҳуқуқ ва эркинликлар доираси кенгайтирилган. Ҳужжатда шафқатсиз қийноқ ва қуролли тўқнашувлар қурбони бўлган, шунингдек, қонунни бузган ва муомалага лаёқатсиз болаларнинг юридик ҳимояси ҳам назарда тутилган. Демак,  Конвенция қабул қилиниши бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги концепциясини белгилаган, десак тўғри бўлади. Чунки Конвенциянинг 20-моддасида таъкидланганидек: “Ўзининг оила ғамхўрлигидан вақтинча ёки доимий маҳрум бўлган ёки ўзининг энг яхши манфаатлари йўлида бундай ғамхўрликда қола олмайдиган бола давлат томонидан кўрсатиладиган алоҳида ҳимоя ва ёрдамни олиш ҳуқуқига эгадир.Иштирокчи-давлатлар ўз миллий қонунларига мувофиқ равишда болани парвариш қилишнинг алмаштирилишини таъминлайдилар. Болани бундай парваришлаш, жумладан, ислом шариати бўйича «кафола»га тарбияга беришни, асраб олишни ёки зарурат туғилган тақдирда, болалар боқиладиган тегишли муассасаларга жойлаштиришни ўз ичига олади. Парваришни алмаштириш турлари қараб чиқилаётганда бола тарбиясидаги ворисликнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда унинг этник келиб чиқиши, диний ва маданий мансублиги, она тили етарли даражада ҳисобга олиниши лозим”-дейилади.  Қарангки, бола ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг тарихий-ҳуқуқий-маънавий асоси ўз ифодасини топган. Шу боис ҳам,  Конвенция кучга кириши билан, у болалар учун асосий ижтимоий ва ҳуқуқий мезонлар, тартиб ва қоидалар қатъий белгиланган ҳуқуқий кафолатга  айланган.

    Дарҳақиқат, бола ҳуқуқлари ҳимояси кафолати бутун дунёда таъминланмоқда, бу борада халқаро механизм вужудга келган. Конвенция муболағасиз бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари мустаҳкамланган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, иштирок этувчи мамлакатлар унинг қоидаларини қатъий бажариши шартлиги белгиланган. Республикамиз ҳам мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Юқори Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги Қарорига мувофиқ қўшилган. Бундан ташқари, Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотининг бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб туради. Бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар. Айни чоғда мамлакатимиз болалар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилган. БМТнинг Балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга доир минимал стандарт қоидалари (Пекин қоидалари, 1985 йил) ҳамда Вояга етмаганлар ўртасида жиноятларнинг олдини олиш учун бош тамойиллари (Ар-Риёд бош тамойиллари, 1990 йил) шулар жумласидандир. Конвенция талабларига мувофиқ бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва уларнинг ҳимоя килиниш шаклларини такомиллаштирган Фуқаролик ва Оила Кодексларининг қабул қилинган. Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция БМТнинг болаликни муҳофазалашга қаратилган бзлса, унга ҳамоҳанг равишда Конвенция қоида ва меъёрларини янада кенгроқ амалга ошириш борасида 2008 йилда «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.  Конвенциянинг  28-моддаси болаларнинг илм олиш ҳуқуқига қаратилган бўлиб: унда қайд этилганидек, иштирокчи-давлатлар боланинг илм олиш ҳуқуқини эътироф этадилар ҳамда ана шу ҳуқуқ тенг имкониятлар асосида амалга ошишига аста-секин эришиш мақсадида улар, жумладан:бепул ва мажбурий бошланғич таълимни жорий этиши; ҳам умумий, ҳам касб-ҳунар бўйича ўрта таълимнинг турли шакллари ривожланишини рағбатлантириши, бундай таълимдан ҳамма болалар баҳраманд бўлишларини таъминлаши ҳамда бепул таълим жорий этиш ва зарурат туғилган ҳолларда молиявий ёрдам кўрсатиш сингари зарур чора-тадбирларни кўриши белгиланган.  Ўзбекистонда бу болаларнинг мазкур ҳуқуқи ҳатто карантин даврида ҳам масаофавий таълим6 Онлайн режимда таъминланди. Президент мактаблари, ижод ва Темурбеклар мактаби, ихтисослаштирилган мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги томонидан бола тарбияси ва илм олиш ҳуқуқи давлат сиёсатининг бош масаласи сифатида ҳамиша эътибордалиги диққатга сазовордир. Мазкур масаланинг долзарблиги ҳақида : “Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас, — деб таъкидлаганди  давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев. — Ёшлар тарбиясига бугундан эътибор бермасак, эртага кеч бўлиши мумкин”-деганди.

     Йиллар ўтган сайин бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган эътибор кучайиши натижасида бугунги кунда  болалар Омбудсмани институти ташкил этилди. Жумладан, бундай омбудсманлик институти Россия, Боливия,Бельгия, Австрия, Сербия, Эстония, Нидерландия, Тожикистон ва бошқа қатор мамлакатларда мавжуд.  Унинг пайдо бўлиши асосан дунё мамлакатлари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишгани бўлса, яна бир сабаблардан бир жаҳонда болаларнинг ижтимоий ҳимояланмаганлигидир.  Масалан, Буюк Британияда Болалар Омбудсмани мустақил институт бўлиб,  Буюк Британияда ҳеч бир давлат орган, ҳаттоки Парламентга ҳам бўйсунмайди. Бу каби халқаро тажриба мамлакатимизда униб ўсиб келаётган болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишда мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида  2019 йил  22 апрель куни Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан  “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4296-сонли қарори қабул қилинган ҳамда  унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонуни муҳим қадам бўлди. Болалар Омбудсмани аввало болалар ҳуқуқлари ҳимоясининг парламент назоратини таъминлайди. Вояга етмаганларнинг яшаш шароитлари ўрганиб, болаларнинг индивидуал шикоятлари бўйича суриштирув олиб боради, ҳамда мамлакатдаги мавжуд бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар фаолияти билан ҳамоҳанг мазкур камчиликларни бартараф этишга ёрдам беради. Эътиборли томони болалар Омбудсмани парламентга доимо ҳисобот бериб, Ўзбекистонда давлат  ва нодавлат ташкилотлари томонидан болаларнинг ҳуқуқларини ҳимояси қандай амалга оширилаётганини назорат қилиб боради. 2019 йил 29 майда қабул қилинган "Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш  тўғрисида"ги қарор ана шу долзарб вазифалар ижросига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган тегишли нормаларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, бугунги Ўзбекистон болалари янгиланаётган Ўзбекистоннинг бахтиёр фарзандларидир. Чунки уларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолати мавжуд бўлиб, ҳар бир болага  давлат томонидан алоҳида ғамхўрлик ва эътибор қаратилмоқда. Жумладанота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар Меҳрибонлик уйлари оила муҳиттига мос равишда таъминланмоқда, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар ана шундай шароитда тарбияланиш ҳуқуқига эга бўлишгани таҳсинга сазоврдир.

  Зеро, болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини барча ўсиб келаётган болажонларга айниқса, муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига ишонч уйғотишдир.

Феруза Мухитдинова,

ТДЮУ профессори